Жамият | 11:25 / 29.07.2023
34820
4 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги ҳодиса: ЙТҲ жабрланувчиларини ким ҳимоя қилади?

Қасддан қоида бузилади ва мудҳиш ЙТҲ содир бўлади, унда одам ўлади. Лекин жиноят эҳтиётсизликдан бўладиган қилмишлар тоифасида бўлгани учун, айбдор ялло қилиб юраверади. Жабрланувчилар ўладими-қоладими, бировнинг иши йўқ...

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бундан қарийб уч ой аввал Самарқанд вилояти Иштихон тумани марказий кўчаларидан бирида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади. Унда машинага йўловчи сифатида ўтирган ёш оиланинг бир ярим яшар фарзанди воқеа жойида ҳалок бўлади. Бундан ташқари, онанинг елка суяги синиб, ҳомиласи ҳам хавф остида қолгани айтиляпти.

Жабрланувчи Наврўз Абдусаломов Kun.uz'га мурожаат қилиб, ўтган вақт давомида авария иштирокчилари бўлган икки ҳайдовчи ҳам бирор марта оила ҳолидан хабар олмаганини айтмоқда.

“Биз ҳеч қандай айбимиз бўлмай туриб ёлғиз ўғлимиздан айрилдик. Бироқ на боламнинг таъзия маросимларида, на турмуш ўртоғим шифохонада даволанаётган вақтда улар келиб ҳеч қандай ёрдам бермади”, – дейди Абдусаломов.

“2023 йилнинг 30 апрел куни телефон орқали такси чақирдим. Турмуш ўртоғим ва бир ярим ёшли ўғлим билан машинага ўтирдик. Биз ўтирган машина орқага бурилиб олмоқчи бўлди. Ўша заҳоти ён томондан бошқа машина келиб, ҳайдовчи томондан урди. Ўзимни йўқотиб қўйдим, карахт ҳолатда эдим. Кейин билсам, орқа ўриндиқда онасининг қўлида бўлган ўғлим ҳайдовчининг ён ойнасида отилиб чиқиб кетибди. Унинг ҳалок бўлганини айтишди.

Шу ҳолатда фарзандимни дафн қилдик. Аёлимнинг елка қисми синди, ҳомиласи хавф остида қолди. Бир муддат шифохонада даволанди, айни пайтда Тошкентдан, тиббий кўрикдан ўтиб қайтяпти.

Демоқчиманки, фарзандимнинг таъзияси ёки турмуш ўртоғимнинг даволаниши учун барча харажатларни ўзим қилдим. Вақтинча ишсизман, оиланинг ёлғиз қаровчиси ўзимман. Қарзга кириб қолдим, бошимизга тушган кулфат сабабчилари бўлган икки ҳайдовчи ҳам бирор марта ҳолимиздан хабар олмади. Нега биз бошқаларнинг хатоси сабаб фарзандимиздан айрилишимиз керак, нега биз жабр чекяпмиз? Адолат бўлишини талаб қиламан”, – деди биз билан суҳбатда Наврўз Абдусаломов.

Наврўз Абдусаломов воқеалар ривожида кўпроқ ўзи ўтирган “Нексия-2” ҳайдовчиси айбдор экани, лекин уни келиб урган “Малибу-2”нинг ҳам тезлиги юқори бўлганини айтмоқда.

Ҳолат бўйича Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди. ИИБга кўра, мазкур вазиятда “Нексия-2” ҳайдовчиси Шерали Болибоевнинг хатоси билан ЙТҲ содир бўлган. Унга нисбатан 2023 йил 31 май куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши туман прокуратураси орқали Жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судига юборилган.

Автотехник экспертиза хулосасига кўра “Малибу-2” ҳайдовчиси Зафар Муродиллаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаган.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси:
Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид