Жаҳон | 23:17 / 29.07.2023
11092
2 дақиқада ўқилади

Украина артиллерияси Шимолий Корея снарядларидан фойдаланмоқда – ОАВ

Улар Россия қўшинларидан ҳарбий техника билан бирга тортиб олинган бўлиши мумкин.

Фото: Serhii Mykhalchuk/Global Images Ukraine/Getty Images

Украина артиллерияси Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган снарядлардан фойдаланмоқда, деб ёзди Financial Times. Хусусан, бундай ўқ-дориларни Бахмут ҳудудида жанг қилаётган ҳарбий хизматчилар журналистларга кўрсатган. Уларнинг таъкидлашича, снарядлар Украинага «дўстона» давлат томонидан топширилган ва уларни қандайдир кемадан «қўлга киритишган». FT суҳбатдошлари бошқа тафсилотларни келтирмади.

Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Юрий Сак сўзларига кўра, Украина ҳарбийлари Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ўқ-дориларни Россия қўшинларидан ҳарбий техника билан бирга тортиб олган бўлиши мумкин.

«Россия турли қабиҳ давлатлардан ҳар хил турдаги ўқ-дориларни сотиб олди, жумладан, Эрон ва Шимолий Кореядан», деди Сак.

FT маълумотларига кўра, Пхенян Украинага тўғридан-тўғри қурол етказиб берган бўлиши даргумон, чунки КХДР режими Россияни қўллаб-қувватлайди.

Белгиларга кўра, бу снарядларнинг аксарияти 1980- ва 1990-йилларда ишлаб чиқарилган. Ҳарбийлар уларнинг сифатидан норози, ўқ-дорилар жанг пайтида отилмай қолади ёки портлаб кетади.

Артиллериячи жангчилардан бирининг айтишича, Шимолий Корея снарядлари отилаётганда «Град» ракета қурилмасига яқинлашмаган маъқул. Чунки улар «ишончли эмас ва баъзан ақлдан озган ишларни қилади».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид