Собиқ иттифоқ тарихида Юрий Андропов муҳим ўрин тутади. У 1967 йилдан 1982 йилгача КГБ (давлат хавфсизлик қўмитаси)ни бошқаради. Сўнг Сусловнинг ўлимидан сўнг КПСС марказий қўмитаси котиби лавозимини эгаллайди.

1982 йил 10 ноябр куни СССР раҳбари Леонид Брежнев вафот этади. Орадан икки кун ўтиб, ҳали Брежнев қабрга қўйилмасдан КПСС марказий қўмитасининг навбатдан ташқари пленуми ўтказилади ва Андропов СССРнинг янги раҳбари бўлади.

У СССР раҳбари сифатида бор-йўғи 15 ой ишлайди ва 1984 йил 9 феврал куни вафот этади. Ўшанда у 69 ёшда эди.

Ўзи шундоқ ҳам ўтмиши унча «тоза бўлмаган» Андропов КГБ раҳбари бўлиб ишлаганда жуда кўплаб инсонларга фитналар уюштиради. СССР ҳарбийлари қатнашган қуролли можаролар ҳамда урушларнинг ташкилотчиси бўлади.

Жумладан, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, майиб-мажруҳ бўлишига сабаб бўлган Афғон уруши ҳам айнан унинг ташаббуси билан бошланган эди.

40 йилдан ошиқроқ вақт давомида Афғонистон аҳолисининг бошига тушган ва тушаётган оғир синовларнинг дебочасини том маънода Андропов бошлаб берган деб бемалол айтиш мумкин.

Бундан ташқари, ўтган асрнинг 80-йиллари бошларида «Пахта иши»ни ўйлаб топиб, Москвадан Ўзбекистонга «десант» жўнатган ва ўзбек халқининг бошига оғир кунларни солган инсон ҳам айнан Андропов эди.

Юрий Андропов КГБ раҳбари / Фото: fb.ru

Юрий Андропов КГБ раҳбари бўлгунча

Айримлар томонидан «Иккинчи Берия» деб таърифланадиган Юрий Андропов ўзининг қонхўрликларини немислар босқинидан аввал Карелияда бошлаганди.

1940 йил 3 июнда Андропов Совет-фин урушида Финландиядан тортиб олинган ерларда ташкил этилган Карело-Фин ССР комсомол ташкилотининг биринчи котиби этиб тайинланади.

Ўшанда 26 ёшли Андропов янги ташкил этилган республикада тозалаш ишларини олиб боради ва кўплаб инсонларни қатағон қилиш ишларида қатнашади.

Немислар СССРга ҳужум қилгандан сўнг у Карелиядаги партизанлик ҳаракатларига бошчилик қилади. Уруш тугагандан сўнг Москвадагилар «қаттиққўл ходим»ни Карелияда қолдиришади ва Андропов 1950-йиллар бошигача ўша ерда турли юқори вазифаларда ишлайди.

Андропов 1951 йилда Москвага қайтади ва 1954 йилгача КПСС марказий қўмитаси аппаратида ва ташқи ишлар вазирлигида фаолият олиб боради.