Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москвада «Россия-Африка» саммити. Ҳозир Россияга глобал амбициядаги учрашувлар нега керак?
Бугунги Россия учун Африка давлатлари билан муносабатларга бағишланган саммит кўпроқ эски даврлар мероси бўлиб, ундан воз кечиш жуда қийин. Бир неча йил олдин Россия Африкада муҳим устунликлар: совет даврида яратилган инсон ва хўжалик алоқалари, тарихий жароҳатлар бўлмаган репутацияга эга эди.
«Аммо Россия Украинага қарши ниҳоятда муваффақиятсиз уруш бошлади ва иқтисодий жиҳатдан заифлашди. Бу Африкага боғлиқ эмасди ва афтидан, Африка ҳам эндиликда Россияга жуда боғланмаган. Бироқ саммит майдонида Владимир Путинни ташвишлантирадиган ва ўйлантирадиган деярли ҳамма нарса бўлди», дейди Россиянинг Африкадаги сиёсати ва халқаро ҳарбий масалалар бўйича тадқиқотчи Вадим Зайцев. Қуйида Carnegie Politika лойиҳаси эксперти Зайцевнинг тўлиқ мақоласи келтирилади.
Санкт-Петербургда иккинчи «Россия-Африка» саммити бўлиб ўтмоқда. Қачонлардир Африканинг ўнлаб делегациялари иштирок этган ушбу кенг кўламли тадбир Ғарб билан глобал қарама-қаршиликда Россия Федерацияси манфаатларини илгари суриш воситаларидан бири сифатида ўйлаб топилган эди. Аммо ўшандан бери Россиянинг иқтисодий ва халқаро позицияси кескин ўзгарди ва энди бу саммит қандайдир амалий аҳамиятга эга кўринмайди. У кўпроқ Владимир Путин деярли ҳеч қандай натижа бермаса ҳам ўзини ташвишлантираётган мавзуларни чет эл аудиториясига гапириб бериши учун яна бир имконият бўлди.
Африка уруш фонида
Ғарбда ҳам, Россияда ҳам, Украинада ҳам «Россия-Африка» саммитига бўлган эътибор кучайиши анча тушунарли. Африка Россия-Украина урушидан жуда узоқда бўлиб кўриниши мумкин, аммо аслида ҳарбий ҳаракатларнинг салбий оқибатлари қитъага бевосита таъсир қилади. Биргина Қора денгиз орқали ғалла етказиб беришнинг узилишини эслаш кифоя — урушдан олдин Африканинг 15 давлати импорт ғалланинг ярмини Украина ёки Россиядан олган.
Россиянинг нефт ва газ экспортига киритилган санкциялар туфайли энергия ресурслари нархи ошиши Африка давлатларига ҳам таъсир кўрсатди. Бу инфляцияни тезлаштирди ва ташқи иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви билан биргаликда давлат бюджетлари барқарорлигига зарба берди. Бунинг ортидан кредит рейтинглари пасайиши ва шунга мос равишда қарз олиш ва қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ошиши кузатилди.
Яна бир муҳим жиҳат, Африка БМТдаги энг йирик минтақавий овоз берувчи блокдир. Украина инқирози бўйича қабул қилинган ҳар бир резолюция, ҳозир маъносиз кўринганига қарамай, эртами-кечми бошланадиган тинчлик жараёни учун катта аҳамиятга эга. Бундан ташқари, Африка етакчилари ҳам якка тартибда, ҳам жамоавий равишда, ўзларининг ҳаммага маълум тенг масофалари туфайли урушни тугатиш йўлларини излашда Москва ва Киев учун эҳтимолий воситачилардан бири ҳисобланади.
Санкт-Петербургдаги саммит арафасида Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба музокаралар дастури билан уруш бошланганидан буён Африка бўйлаб учинчи турнесига чиққани бежиз эмас. Бу дастур доирасига «ғалла битими» бузилганидан кейин Украина қишлоқ хўжалиги саноати маҳсулотларини етказиб беришнинг муқобил йўлларини излаш ва президент Зеленскийнинг «тинчлик формуласи»ни муҳокама қилиш киради.
Африкаликларнинг энг яхши дўсти
Агар янгиликлар сарлавҳаларида совет пропагандаси ва замонавий фитна назариясидан олинган штамплар тўпламини хаёлий тарзда бирлаштирган «неоколониал ғоя», «олтин миллиард», «неолиберал қадриятлар» ва бошқа шунга ўхшаш иборалар кўрина бошласа, унда катта эҳтимол билан президент Владимир Путин яна халқаро вазиятни баҳолаб, чиқиш қилди деб тахмин қилиш мумкин. Мустамлака зулми ҳақида гапирганда, у, албатта, ривожланаётган мамлакатларни, биринчи навбатда африкаликларни тилга олади ҳамда Россияни иттифоқчи ва «глобал Жануб»нинг манфаатларини ифода этувчи сифатида кўрсатади.
2023 йил март ойида қабул қилинган Россия Федерацияси ташқи сиёсатининг янги концепциясида «ғарбий гегемонлик» ва «жаҳон мустамлакачилик тизими» ҳақидаги доимий мажбурий тезислар билан бир қаторда Африка ҳақида бутун бир бўлим пайдо бўлди (концепциянинг олдинги версиясида Африка фақат бир марта, унда ҳам қитъанинг шимолий қисми эслаб ўтилган). Бундан ташқари, ҳужжатда Россия ва Африка умумий мақсад сари интилаётган кучлар сифатида кўрсатилади: «янада адолатли кўп қутбли дунёни ўрнатиш ва бир қатор ривожланган мамлакатларнинг Африкага нисбатан мураккаб неоколониал сиёсати туфайли кучайиб бораётган ижтимоий-иқтисодий тенгсизликни бартараф этиш».
Путиннинг ушбу саммитга бағишланган «Россия ва Африка: тинчлик, тараққиёт ва муваффақиятли келажак учун ҳаракатларни бирлаштириш» номли дастурий мақоласида икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари аниқ таъкидланган, булар янги дунё тартиби («яна адолатли ва демократикроқ»), тенг ҳамкорлик, «ноқулай ташқи таъсирлардан холи» таъминот занжирлари ва молиявий механизмлар яратишдир.
Юқорида санаб ўтилган ҳар бир пункт ортида кўпроқ Африкага эмас, балки санкциялар билан изоляция қилинган ва бутун Ғарб билан билвосита урушаётган Россиянинг ўзига тегишли ташвишлар борлигини қайд этиш қийин эмас. Аммо буни умуман ривожланаётган дунёни ва айниқса Африканинг энг қашшоқ мамлакатларини ҳимоя қилиш ҳақидаги суҳбат доирасида айтиш қулайроқдир.
Саммитлар орасида
Бугунги Россия учун Африка билан муносабатларга бағишланган саммит кўпроқ ўтмиш, нисбатан гуллаб-яшнаган даврлар мероси бўлиб, шубҳали фойдаларга қарамай, ундан воз кечиш жуда қийин. 2000-йиллар бошларида ва ҳатто 2014 йилдан кейин ҳам Кремлнинг Африка йўналишидаги ҳаракатлари мантиқий ва жуда истиқболли кўринарди. 2019 йилда ўтказилган олдинги саммит, Россия яна Африкага қайтиб, қитъада «эски» (собиқ метрополиялар ва АҚШ) ва «янги» (Хитой, Ҳиндистон ва Туркия каби) давлатлар билан бир қаторда муҳим минтақавий куч ўрнини эгаллаган пайтда, муносабатлардаги истиқболли янги босқичнинг бошланғич нуқтаси сифатида кўрилган эди.
Ва ҳақиқатан ҳам, ўша вақтда Россия Африкада ўзига хос устунликлар: совет даврида яратилган инсон ва хўжалик алоқалари, тарихий жароҳатлар бўлмаган репутация, минтақада хавфсизлик, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида талаб қилинувчи ваколатлар тўпламига эга эди.
2019 йилда Сочига Африканинг 54 давлатидан 45 тасининг президенти ёки бош вазири келгани ажабланарли эмас. Ўшанда президент Путин яқин 4-5 йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш вазифасини қўйди ва ташкилотчилар умумий қиймати 1 триллион рублдан ортиқ (ўша пайтдаги курс бўйича – тахминан 15 миллиард доллар) бўлган юзга яқин келишув ва ўзаро англашув меморандумлари билан мақтанди.
Орадан тўрт йил ўтиб биз нимани кўрмоқдамиз? Ҳатто «Валдай» клубининг Кремлга содиқ экспертлари ҳам саммит арафасида «2019 йилда Африка билан барча даражаларда ишлашга берилган импулс, албатта, таъсирини баҳолаш қийин бўлган ташқи омиллар туфайли керакли йўсинда давом этмади ва амалиётга жорий этилмади» дея таъкидлади. Икки томонлама савдо ҳажми икки бараварга кўпайиш ўрнига, камайди ҳам. Россиянинг Африкага тўғридан тўғри хорижий инвестициялардаги улуши тахминан 1 фоизни ташкил этади (Швейцария ва Сингапурдан ҳам кам).
Бундан ташқари, саммитлар оралиғидаги вақт давомида Москва Африкадаги обрўсига сезиларли даражада путур етказди. Буни ижтимоий сўровномалар, БМТдаги овоз бериш ва ҳозирги урушда африкаликларнинг Украинага хайрихоҳлиги орқали пайқаш мумкин. Бунда нафақат Россиянинг Украинага бостириб кириши, балки «Вагнер»нинг қитъадаги ҳаракатлари ҳам муҳим рол ўйнади. Компания жангчилари инсон ҳуқуқлари бузилиши ва Евгений Пригожинга алоқадор компанияларнинг бизнес манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ можароларга мунтазам равишда тушиб келди.
Пригожиннинг Африкадаги фаолияти XVIII-ХIХ асрлардаги ҳарбий савдо компанияларини эслатади, улар узоқ мамлакатлардаги табиий бойликларни эксплуатация қилишда она давлат (ўзи мансуб бўлган давлати) манфаатларига номинал риоя қилган ҳолда хусусий куч ресурсларини бирлаштирган. Вагнерчиларнинг шундай иш услуби, шунингдек, Украинага қарши моҳиятан империалистик уруш Путиннинг неоколониализмга қарши кураш ҳақидаги риторикасини қадрсизлантиради ва африкаликлар кўз ўнгида Россияни обрўсизлантиради.
Бошқача айтганда, 2019 йилги саммитдан бери Россия иқтисодий жиҳатдан заифлашди ва муваффақиятсиз урушга кирди, натижада Москвага ҳатто минтақавий куч мақомини сақлаб қолиш ҳам қийин бўлади, глобал амбициялар ҳақида эса гапириш ҳам шарт эмас. Бу Африкага боғлиқ эмас. Ва Африка, афтидан, энди Россияга боғланмаган.
Етакчилар ҳақида
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков саммитга келган африкалик етакчилар сони қисқаришига «иш жадвали» ва «Ғарб босими» сабаб бўлганини унчалик ишонарли бўлмаган ҳолда айтишга мажбур бўлди. Санкт-Петербургга жами 17 давлат раҳбари, беш нафар вице-президент, тўртта ҳукумат раҳбари ва бир парламент раиси келди. Демак, бу сафарги саммитга 27 давлатдан олий сиёсий етакчилар даражасидаги вакиллар келган. Таққослаш учун, 2019 йилги саммитга 45 давлатдан делегация келган эди.
Кўринишидан, юқори лавозимли амалдорларнинг танқислиги туфайли Кремлдагилар ўтмишдаги Африка раҳбарларининг авлодларини саммитга олиб келишга қарор қилган. Масалан, Жазоирнинг биринчи президенти (ва Совет Иттифоқи қаҳрамони) Аҳмад ибн Белланинг қизи, Белгия Конгоси мустақиллиги учун курашган Патрис Лумумбанинг (2023 йил март ойида Россия халқлар дўстлиги университетига унинг номи қайтарилганди) ўғли, апартеидга қарши афсонавий курашчи Нелсон Манделанинг невараси каби. Манделанинг невараси RT телеканалига интервю бериб, африкаликлар Ғарб назоратидан халос бўлиши зарурлиги ва «оммавий маданият» босими остида ўз шахсиятини сақлаб қолиш муҳимлиги ҳақида гапирди.
Саммит дастури Путиннинг диди ва қарашларидан келиб чиққан ҳолда тузилган. Масалан, у россиялик спортчиларнинг халқаро мусобақалардан четлатилишини «асосий инсон ҳуқуқларининг циник тарзда бузилиши» дея ҳисоблаши маълум. Айнан шу сабаб, африкалик ҳамкорлар билан, Россия спортини деярли тўлиқ бойкот қилиш шароитида Олимпиадага жавоб сифатида ўйлаб топилган «Дўстлик ўйинлари» истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Россия раҳбарининг яна бир севимли мавзуси — суверенитетни оламиз. Саммит доирасида миллий, озиқ-овқат, маданий, ахборот, технологик, рақамли ва ҳаттоки сайлов суверенитети ва бундан ташқари, биологик хавфсизлик соҳасидаги суверенитет мавзулари кўтарилади.
Путинни ўйлантирадиган ва ташвишлантирадиган деярли ҳамма нарса саммитнинг муҳокама майдонларида ўз аксини топади: бу ерда неоколониализм, русофобия, ноқонуний санкциялар, импорт ўрнини босиш, анъанавий қадриятлар ва ахлоқий меъёрлар ҳақида гапиришади. Ушбу мавзулар савол шаклида анонс қилиниши айниқса қизиқарли кўринади: «Россия ва Африка биргаликда анъанавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш ва бу билан боғлиқ ўзаро манфаатларни агрессив либерализм ҳужумидан ҳимоя қилишга қандай ҳисса қўшиши мумкин?»
Ва мана нима саммитга етишмаяпти — бу реал иқтисодий ва сиёсий мазмун. Аммо агар Путин Россия бу адолатсиз дунёда ёлғиз эмаслигини, Ғарб гегемонлигига қарши курашда унинг кўплаб ҳамфикрлари ва тарафдорлари борлигини эшитишни истаса, «Россия-Африка» саммити, шубҳасиз, бу вазифасини бажаради. Ҳозирги шароитда бундан ортиғини кутиш қийин.
Мавзуга оид
09:15 / 09.06.2026
Путин ва Нетаньяҳуга ордер берган прокурор вақтинча ишдан олинди
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
20:04 / 08.06.2026
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
10:25 / 08.06.2026