Ўзбекистон | 22:11 / 01.08.2023
11524
4 дақиқада ўқилади

Лифт хавфсизлиги билан боғлиқ қонунчилик меъёрлари маълум қилинди 

Лифтдаги хавфсизлик, уни текширувдан ўтказиш учун кимлар масъул? Хизмат муддати ўтган лифтни ким алмаштиради? 

Фото: Kun.uz

Шу ва шунга ўхшаш саволларга Hudud24 томонидан жавоблар тайёрланди. 

Лифтни техник кўрикдан ўтказиш учун ким масъул? 

Лифтдан кундалик фойдаланишда назоратни унинг эгаси олиб бориши лозим. Лифт эгаси дейилганда лифт жойлашган бинонинг эгаси тушунилади. Кўп қаватли уй-жойларда эса уй-жойни бошқариш ширкатлари лифт учун масъул ҳисобланади. 

Уй-жойни бошқариш ширкати лифтнинг ҳар йили камида бир марта техник кўрикдан ўтказилишини таъминлаши лозим. 

Лифт қанча муддат хизмат қилади? 

Лифтнинг паспортида унинг хизмат муддати кўрсатилиши керак. Агар кўрсатилмаган бўлса, 25 йил хизмат қилади деб ҳисобланади.  

Бу давр мобайнида лифт ишлаб чиқарувчи унинг хавфсиз ишлашига жавобгар ҳисобланади. 

Лифт паспорти бўлмаса ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди, лифт паспорти ўзбек тилида бўлади, шунингдек, рус ёки инглиз тилида таржимаси бўлиши мумкин. 

Лифтнинг хизмат муддати тугаганидан кейин ундан фойдаланиш фақат Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси рухсати билан амалга оширилади. 

Лифтда қандай ускуналар бўлиши керак? 

Лифтда ёрдам қўнғироғи тугмаси, ҳаво алмашинувини таъминлайдиган мосламалар (одам сиғимига мос равишда), ёритиш ускуналари бўлиши шарт. Шунингдек, лифтда электр ўчиб қолганда фавқулодда ёритиш мосламаси бўлиши лозим. 

Лифт эшиги автоматик ёпилаётганда одамларга шикаст етказиш хавфи минималлаштирилган бўлиши лозим. 

Янги уйга ўрнатилган лифтни қабул қилиб олиш тартиби қандай? 

Янги бинога лифтни ўрнатган ташкилот ва пудратчи (қурувчи) уни текширади ва синовдан ўтказади. Текширув ва синов ижобий бўлса далолатнома тузилади ҳамда лифт эгасига топширилади. 

Лифт эгаси лифтни қабул қилиш бўйича комиссия ташкил қилиши керак ва комиссияга қуйидагилар киради:

– лифт эгаси – комиссия раиси;

– буюртмачи вакили;

– лифтни ўрнатган ташкилот вакили;

– қурилиш ташкилоти вакили;

– Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси инспектори. 

Янги қурилган кўп квартирали уй-жойни бошқариш дастлабки икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади. Шунга кўра, бунда уй-жойларда лифтни дастлаб қабул қилиб олувчи ҳам қурувчи бўлади. 

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши ҳолати бўйича давлат назоратини олиб боради. 

Уй-жойни бошқариш ширкати кўп квартирали уйларда аварияларни бартараф этадиган, 24 соат ишлайдиган авария-диспетчерлик хизматини ташкил этиши лозим. 

Бунда, лифт билан боғлиқ муаммолар вужудга келганда лифт кабинасида ўрнатилган алоқа воситалари орқали авария-диспетчерлик хизматига қўнғироқ қилиб ёрдам олиш имкони бўлиши керак. 

Хизмат муддати ўтган лифтни ким алмаштиради? 

Ҳукумат қарори билан 2021-2027 йилларда кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилаш дастури тасдиқланган. 

Дастур доирасида жами 3562 та лифтни таъмирлаш ва алмаштириш белгиланган ҳамда бу мақсад учун 665 млрд сўм пул ажратилган. 2023 йилда 532 та лифт таъмирланиши ва янгисига алмаштирилиши керак, уларнинг 452 таси Тошкент шаҳрида. 

Дастурни амалга ошириш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул. 

Мавзуга оид