Жаҳон | 23:02 / 02.08.2023
18630
5 дақиқада ўқилади

Ғарб томонидан тайёрланган Украина қўшинлари жанговар муаммоларга дуч келмоқда — ОАВ

Украина армияси ҳозирча Америка уруш усулларидан воз кечди ва ўзи яхши биладиган тактикага қайтди. 

Фото: The New York Times

Украина қарши ҳужумининг узоқ кутилган дастлабки бир неча ҳафтаси АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан тайёрланган ва қуроллантирилган қўшинларга фойда келтирмади. Россиянинг зич миналанган майдонлари, шунингдек артиллерия ва вертолётлардан доимий ўққа тутиши муаммонинг асоси бўлди, деб ёзди The New York Times. 

АҚШ расмийлари ва мустақил таҳлилчиларга кўра, Ғарбда тайёргарликдан ўтган Украина бригадалари энди вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Украина ҳарбийлари ўқ ёмғири остида миналанган майдонларга ташланиш ўрнига Россия кучларини артиллерия ва узоқ масофага учувчи ракеталар билан йўқ қилишга эътибор қаратиб, тактикани ўзгартирмоқда. Мамлакат жанубида қўшинлар таркиби тўлдирилмоқда, Ғарб томонидан тайёрланган кучларнинг иккинчи тўлқини Россия позицияларини ёриб ўтиш учун асосан кичик отрядлар билан ҳужум қилмоқда. 

Аммо дастлабки натижалар кутилганидаек бўлмади, деб таъкидлади нашр. Украина кучлари бир неча қишлоқни қайтариб олган бўлса-да, ўтган йил кузда Херсон ва Харкивдаги каби катта ютуқларга эриша олгани йўқ. Ғарбда жанговар манёврларга мураккаб тайёргарлик кўриш украиналикларга Россия артиллерияси олдида катта устунлик бермади. 

Украинанинг тактикани ўзгартириш ҳақидаги қарори НАТО учун аниқ сигналдир. Бу Ғарб томонидан украиналик ҳарбийларни тайёрлаш сифати ва Байден маъмурияти томонидан тақдим этилган ўнлаб миллиард долларлик қурол-яроғлар самараси ҳақидаги саволларни келтириб чиқаради. 

Россия президенти Владимир Путин ўз стратегияси Украина ва унинг иттифоқчиларини ҳолдан тойдириб, урушда ғалаба қозониш эканини аниқ билдирмоқда. АҚШ расмийлари Украинанинг эски тактикага қайтиши билан қимматли қуроллар йўқотилиши хавфидан хавотирда, бу эса Путинга қўл келиши ва тинка қуритувчи урушда Украинани ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин. 

Байден маъмурияти Ғарбда тайёрланган 36 минг кишидан иборат тўққизта бригада Америка уруш услуби Россияникидан устун эканини кўрсатишига умид қилишган эди. Машқларнинг катта қисми Украина қўшинларига мудофаада қолишдан кўра, ҳужумга ўтишни ўргатишдан иборат эди. Украина кучлари йиллар давомида россияпараст айирмачиларнинг ҳужумларига қарши ҳимояланиш тактикасини қўллаган. Ўтган йили Москва кенг кўламли босқинни бошлаганида, Украина қўшинлари мудофаа операцияларини муваффақиятли амалга оширди ва бу Россияни кутилган тезкор ғалабадан маҳрум қилди. 

Қарши ҳужумнинг дастлабки икки ҳафтасида Украина томонидан жанг майдонига юборилган техниканинг 20 фоизи шикастланди ёки йўқ қилинди. Улар орасида Ғарбнинг «даҳшатли жанговар машиналари» - танклар ва бронетранспортёрлар ҳам бор эди. 

Баъзи ҳарбий экспертларга кўра, Украина Россиянинг мустаҳкам мудофаасини ёриб ўтсагина Америка уруш усулига қайтиши мумкин. Аммо ҳужум қилиш ҳимояланишдан кўра қийинроқ, буни Россия ўтган йили Киевга ҳужум қилиш бўйича ўзининг дастлабки режаларидан воз кечгани ҳам кўрсатиб турибди. 

Ўтган ҳафтада Украина жанубга иккита зарба бериб, қарши ҳужумни сезиларли даражада жонлантирди, афтидан, Запорижжя вилоятидаги шаҳарларни: Азов денгизи яқинидаги Мелитопол ва Азов соҳилидаги Бердянскни мўлжаллади. Иккала ҳолатда ҳам украиналиклар атиги бир неча километр юриш қилишди холос. Олдинда эса яна ўнлаб километрлар бор. Энди таҳлилчилар кичикроқ отрядларнинг ҳужумларига таянган иккинчи тўлқин Украина кучларига Россия мудофаасини ёриб ўтишга имкон берадими деган саволни ўртага қўймоқда. 

Британия разведка компанияси таҳлилчилари Жан Лука Каповин ва Александр Стронел сўзларига кўра, кичик отрядлар билан ҳужум стратегияси Украина учун катта эҳтимол билан «оммавий қурбонлар, техникаларни йўқотиш ва минимал ҳудудий ютуқларга» олиб келади. 

Бироқ, АҚШ расмийлари ўтган ҳафтада Украина яна куч тўплашни бошлаганини, Россия мудофаа қисмларини ёриб ўтаётгани ва рус қўшинлари билан артиллериясини ҳолдан тойдираётгани ҳақида баёнот берди. Ғарблик амалдорлардан бири россияликлар ҳамон логистика, таъминот, шахсий таркиб ва қурол-яроғ билан боғлиқ муаммолар остида эканига эътибор қаратди. 

АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари генерали Филип Бридлав сўзларига кўра, Украина қандай тактика қўллашни яхши тушунадиган ҳолатга етган. 

«Украиналиклар ҳозир ўз кучларидан қандай фойдаланиш кераклигини тушунадиган ҳолатда. Ва биз руслар орқага чекинаётганини кўрмоқдамиз», деди у. 

30 июль куни Украина Мудофаа вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари, генерал-лейтенант Александр Павлюкнинг айтишича, бир ҳафта ичида мамлакат қуролли кучлари 3740 га яқин босқинчи ва 494 та турли рус техникасини йўқ қилди. 

Ўз навбатида, мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бир ҳафта ичида Бахмут йўналишида 2 квадрат километр, жанубда эса 12 квадрат километрдан ортиқ майдон озод қилинганини таъкидлади. Умуман олганда, Украина армияси 204 квадрат километрдан кўпроқ майдонни қайтариб олди.

Мавзуга оид