Иқтисодиёт | 22:04 / 03.08.2023
36844
6 дақиқада ўқилади

Солиқчиларда “эски замон касали”. Ечим қанақа?

“Солиқ идоралари қўшимча манбалар топиш ўрнига, эски замон касалига берилиб, ишлаётган тадбиркорларнинг тайёр маблағларини ундиришга ўрганиб олди”, деди Шавкат Мирзиёев охирги селекторда. Унга кўра, коррупционер солиқчилар сони йилдан йилга кўпайяпти.

Президент ва тадбиркорлар учрашувидан олдин Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов солиқ маъмурчилигидаги тизимли муаммолар ечими бўйича тўртта таклифни илгари сурди.

1. Солиқ органларининг ҳисобварақ-фактурани блоклаш ваколатини бекор қилиш керак

Солиқ экспертига кўра, оммалашиб бораётган бу амалиёт коррупцияга олиб келади.

“Электронлаштирилди, шу сабаб кирим қилинмаган нарсангни автоматик равишда сота олмайсан, дейишяпти. Ваҳоланки, корхоналар товар-бойликларни счет-фактура орқали эмас, устав фондига қўйдим деб ҳам кирим қилиши мумкин. Бу электрон тизимда кўринмайди, сотаман деганда эса ҳисобварақ-фактура сотишга йўл қўймайди. Бошқа товарларини сотаман деса ҳам, сенда товарлар бўйича номувофиқлик бор деб шунчаки блоклаб қўйишяпти.

Бу ҳолат бўйича солиқ органига мурожаат қилган тадбиркор: “Биз сени бориб текшириб кўрайлик, ростан ҳам шунақа қиляпсанми-йўқми” деган жавобни оляпти. Яъни счет-фактурани блоклаб қўйиб, бориб текширишга имконият яратиляпти. Бунинг ҳуқуқий асоси йўқ.

Бу коррупцияга олиб келади. Қанча кўп текширув бўлса, солиқчи ва солиқ тўловчи ўртасида қанча кўп контакт бўлса, бу коррупцияга олиб келади”, – дейди Мурод Муҳаммаджонов.

Мутахассис ечим сифатида ҳисобварақ-фактура беришни блоклаб қўйиш Савдо-саноат палатаси ваколатига ўтказишни таклиф қилди.

“Солиқ органи счет-фактурани блокламоқчими, тадбиркорни ҳимоя қиладиган институтга буни асослаб берсин ва асосли бўлса, счет-фактурани Савдо-саноат палатаси тўхтатсин”, – дейди у.

2. ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб қўйиш суд орқали бўлсин

Мурод Муҳаммаджоновнинг айтишича, ҚҚС гувоҳномасига ўтилаётган пайтда мутахассислар солиқ органларига “эртага бундан қурол сифатида фойдаланасизлар” деб айтишган, расмийлар эса: “йўқ, фақат ҳисобини юритиш учун гувоҳнома берамиз”, дейишган. Ҳозирги кунда эса ҚҚС гувоҳномаси айрим ҳолларда ноқонуний ёки нотўғри ҳолатда, тадбиркорга қарши унинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш учун қурол сифатида фойдаланиляпти.

“Ваҳоланки, ҳамма меъёрий ҳужжатларда тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиш фақат суд орқали дейилган. ҚҚС гувоҳномасини ва ҳисобварақ-фактурани блоклаб қўйиш тадбиркорлик фаолиятининг тўхташига олиб келади. Лекин ҳеч ким бундай деб баҳоламаяпти. Бу иккисидан ҳам қурол сифатида фойдаланиляпти”, – дейди эксперт.

3. Прокуратура органлари солиқ органи ва тадбиркор ўртасидаги мунозарали масалалар бўйича солиқ органининг ўзидаги процедуралар охирига етмагунга қадар иш қўзғатмасин

Амалдаги тартибга кўра, солиқ органлари тадбиркорлик субъектига нисбатан қўшимча солиқ ҳисоблаган тақдирда, солиқ органи тадбиркорнинг тушунтиришини асосли деб қабул қилса, текширувни тугатади, акс ҳолда иш бўйича қарор қабул қилиниб, ҳисобланган суммани тўлаш мажбурияти юклатилади. Шундан кейин тадбиркор 1 ой ичида юқори турувчи солиқ органига шикоят киритиши мумкин.

“Амалиётда, кўп ҳолатларда, солиқ органи ва тадбиркор ўртасидаги мунозарали жараён ҳали тугамасдан туриб, иш прокуратура департаментига бериб юборилади – солиқ тўловчи қарзини тўлашдан бўйин товлаяпти деб. Табиийки, прокуратурадагилар солиқчи эмас, солиқчилар ёзган маълумотни мутахассис ёзган деб ҳисоблаб, солиқ тўловчига хабарнома беради: қарзингни бир ой ичида тўламасанг, жиноий иш қўзғатаман.

Ваҳоланки, Солиқ кодексида қарор устидан шикоят беришдан тортиб, иш иқтисодий судгача бориб етиши, иқтисодий суд қарори қонуний кучга киргунгача бўлган камида 3-4 ойлик процедура бор. Бу ҳолатда солиқ органлари томонидан прокуратура органларининг жиноят иши очиш ваколати қурол сифатида фойдаланиляпти”, – дейди суҳбатдошимиз.

Унинг таклифига кўра, шундай тартиб ўрнатилиши керакки, солиқ органининг ўзидаги процедуралар охирига етмагунча, прокуратура органлари иш қўзғатмаслиги керак.

4. СОРЖни тугатиш ёки йўналишини ўзгартириш зарур

Мутахассиснинг фикрича, солиқчилар ўз текширувлари орқали аниқлаб ундирадиган маблағлардан тўғридан тўғри манфаатдорлиги – солиқ текширувларининг кескин ошиб кетишига сабаб бўляпти. Бу манфаатдорлик Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси билан боғлиқ.

“Биласизми, жамғарма ташкил этилганида қўшимча ҳисобланган солиқ суммасининг 5 фоизи жамғармага ўтказилар эди. Кейин 10 фоиз бўлди, ҳозир эса 40 фоиз. Мендаги маълумот бўйича, текширувлар орқали 2023 йилнинг биринчи ярмида 500 млрд сўмдан ортиқ қўшимча солиқ ҳисобланган. Лекин бунинг ҳаммаси бюджетга бормайди – 200 миллиарди СОРЖга кетади.

Шунақа катта манба бор бўлиб турганидан кейин, солиқ органи ҳеч қачон тадбиркорга кўмакчи бўлолмайди. Давлат органими, давлат таъминотида бўлсин. Ёки солиқларчилар учун белгиланган KPI ҳуқуқбузарлик содир этилмаслигига қаратилган бўлиши керак”, – дейди Мурод Муҳаммаджонов.

Тўлиқ суҳбат билан видео орқали батафсил танишишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 20 август тадбиркорлар куни деб белгиланган. Охирги йилларда давлат раҳбари шу куни тадбиркорлар билан учрашиб, бу мулоқотдан олдин йиғилган таклифлар асосида уларга қўшимча енгилликлар ва кафолатлар ҳақида эълон қилиб боряпти.

Мулоқотдан олдин тадбиркорлар Савдо-саноат палатасининг 1094 қисқа рақами ёки @taklif2023bot Telegram-ботига мурожаат қилиб, ўз ташаббусларини илгари суришлари мумкин.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи – Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид