Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти олдидан, 21 июн куни савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлар учун очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзоси, солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов бир қатор таклифларни илгари сурди. Мутахассис Kun.uz'га берган интервюсида мулоқотда билдирган таклифларига батафсил тўхталди.
Унинг фикрича, умумий овқатланиш корхоналарига официант хизматини кўрсатувчи ходимлар ва бошқа қўнимсизлиги юқори бўлган ходимларни (фаррош, қоровул, идиш ювувчи ва ҳоказо) ишга жалб этишнинг соддалаштирилган тартиби ишлаб чиқилиши керак.
“Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарига ҳар кунлик нақд пул тушумларини ОНКМга кирим қилиш шарти қатъий экани таъкидланган ҳолда, савдодан тушган нақд пуллар ҳисобидан ходимлар учун иш ҳақи тўлаб берилиши, шунингдек, фаолият зарурати учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиб, бир томонлама харид далолатномаси орқали кирим қилинишига рухсат берилиши лозим”, – дейди у.

Мурод Муҳаммаджоновга кўра, кирим қилинган уй хўжалигида ёки деҳқон хўжалигида етиштирилган деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан олинган даромадлар Солиқ кодексининг 378-моддаси биринчи қисми 8-бандига асосан солиқ солинмайдиган даромадлар этиб белгиланган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таъминотчи сифатида ўзини ўзи банд қилувчи жисмоний шахслар учун алоҳида фаолият ҳам белгиланган.
“Шу сабабли ушбу деҳқон бозорларидан харид қилинган деҳқончилик маҳсулотлари кирими бўйича манбасини талаб қилиш ва бу маҳсулотлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғи қўллаш амалиётини тўхтатиш орқали умумий овқатланиш корхоналарига эркин ишлаш шароитини яратишни таклиф қилдим”, – дейди у.
Солиқ маслаҳатчисининг таъкидлашича, умумий овқатланиш корхоналарида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммалари деярли бўлмагани сабабли умумбелгиланган солиқлар бошқа ҚҚС бўйича ҳисобга олинадиган суммалари мавжуд тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ юки оғирлик қилади.
“12 фоизлик ҚҚС ва 15 фоиз фойда солиғи билан уларга солиқ юки 27 фоизга тушяпти. Шу сабабли улар учун тенг рақобатли шароит яратиш мақсадида нисбатан соддалашган солиқ тизимини ишлаб чиқишни таклиф қилдим. Масалан, ҚҚС тўланиши сақлаб қолган ҳолда фойда солиғидан нол ставкани қўллаш. Бунда барча шароитлар яратилган тақдирда ҳам солиқ тўлашдан бўйин товлаш мақсадида савдо тушумларини ОНКМга кирим қилмаган субъектларга нисбатан молиявий жазо чораларини кучайтириш масалалари таклиф қилинади”, – дейди у.









