Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га берган интервюсида солиқ тизимида кутилаётган ўзгаришларни шарҳлаб берди. Асосий янгиликлар кафе ва ресторанлар, меҳмонхоналар ва туроператорларга тааллуқли. Шунингдек, электрон товар юк хатини расмийлаштириш соддалаштирилмоқда.

 

“Ўзбекистон фуқароси бир бурда нон едими, у – солиқ тўловчи”

— Асосий мавзуга ўтишдан олдин, “Ориат Доно” радиосидаги эфирда солиқлар қаерга кетаётганини ҳукуматдан талаб қиладиган аҳолига нисбатан негатив фикр билдириб, “сен ўзинг кимсан, солиқларни қаерга кетаётганини сўрашга ҳаққинг йўқ” деган маънода фикр билдирилган экан, шу фикрга мутахассис сифатида ўзимнинг фикримни билдиришни жоиз деб топдим.

Ҳурматли блогер, журналистлар, шоирлар – агар сизнинг мутахассислигингиз бўйича масалаларга биз аралашадиган бўлсак, бизни танқид қилишга арзийди. Лекин солиқ масаласига келганда, бироз эҳтиёт бўлишингизни сўрардик. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси солиқ тўловчи ҳисобланади. У даромад топиб солиқ тўлаши шарт эмас, бир бурда нон едими, у солиқ тўловчи. Ҳар бир истеъмол қилаётган маҳсулотингиз ичида солиқ бор. Масалан, қўшимча қиймат солиғининг охирги тўловчиси – истеъмолчи ҳисобланади. Сотиб олаётган нарсамдан барча солиқларни олиб ташлаб, менга сотадиган бўлса, унда “солиқ тўламагансан” деб айтишса бўлади. Даромад топдикми, топмадикми, истеъмолчи сифатида юрибмизми – солиқ тўловчимиз. Солиқ тўловчи бўлдикми, ҳар бир шахснинг ҳукуматдан тўлаган солиқларим қаерга кетди, деб сўрашга ҳаққи бор. Чунки ҳукумат, давлат деган шахс йўқ. Давлатни ҳам шу солиқ тўловчилардан ташкил топган одамлар бошқаради холос. Бизнинг пулимизни қаерга ишлатяпсан дейишга ҳаққимиз бор. Айнан шу нарсани талаб қилиши, ҳар бир сўм қаерга кетаётганини кўрсатиш – солиқ маданиятини оширадиган омиллардан ҳисобланади.

Оддий мисол, Японияда солиқ тўловчи йил тугагандан кейин декларациясини топширадиган бўлса, 10 минут ичида унга смс келади. Бир йил ичида тўлаган солиқларингнинг қайси бири қаерга кетди деб, ҳар бир манба бўйича ажратиб беради. Кўприкка кетдими, мудофаага кетдими, тиббиётгами, кўрсатиб беради. Шунчалик шаффофлик даражаси юқорики, кетган суммага қараб, тиббиётга қанча пул кетди-ю, айнан менинг пулимга нима олинди деган нарсагача кузатса бўлади, Бу даражада шаффофлик, солиқ тўловчилар тўлаган солиқлари қаерга кетганини кўра олиши одамларда солиқ маданиятини оширади. Одамлар солиқ тўламасликка уялади кейин.