Жаҳон | 19:08 / 05.08.2023
10178
2 дақиқада ўқилади

Гуржистонда тупроқ ўпирилиши натижасида 13 киши қурбон бўлди — мамлакатда мотам куни эълон қилинди

Воқеа мамлакат шимолидаги Шови туманидаги тоғ курорти зонасида 3 август куни кечқурун рўй берган. Силжиган тупроқ массаси коттежлар устига ёпирилган, йўллардаги кўприкларни вайрон қилган.

​​​​​​​Шовидаги табиий офат оқибатлари. Фото: newsgeorgia.ge

Воқеа оқибатларини бартараф этиш асносида 13 кишининг жасади тупроқ уюмлари остидан олиб чиқилган. «Яна бедарак йўқолган 23 киши қидирилмоқда», деган Гуржистон соғлиқни сақлаш вазири Зураб Азарашвили журналистларга.

Гуржистон ИИВ Фавқулодда вазиятларни бошқариш хизмати раҳбари Теймураз Мгебришвилининг журналистларга маълум қилишича, қутқарувчилар ва кинологлар йўқолган инсонларни қидиришни давом эттиришмоқда. Унинг айтишича, тупроқ кўчиши оқибатида дарё соҳили бўйлаб жойлашган ва меҳмонлар дам олаётган котежларни тупроқ босиб қолган.

Шовидаги табиий офат оқибатлари. Фото: euroradio.fm

Тупроқ кўчишига тинимсиз ёмғир ёғиши, музликларнинг эриши ва сел оқимлари сабаб бўлган, деган Гуржистон парламентининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича қўмитаси раиси Майя Битадзе. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, Шовидаги курортга 5 миллион метр куб қаттиқ масса ёпирилган.

Шовидаги табиий офат оқибатлари. Фото: newsgeorgia.ge

3 август куни кечқурун содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларида 400 қутқарувчи ва 200 ҳарбий иштирок этмоқда. Қидирув ишларига вертолётлар ҳам жалб қилинган. Табиий офат зонасидан 200 киши вертолётлар ёрдамида эвакуация қилинган.

Шовидаги табиий офат оқибатлари. Фото: newsgeorgia.ge

Гуржистон бош вазири Ираклий Ғарибашвили табиий офат қурбонлари хотирасига мамлакатда 7 август мотам куни деб эълон қилинганини таъкидлаган.

Шовидаги табиий офат оқибатлари. Фото: newsgeorgia.ge

Мавзуга оид