08:22 / 05.08.2023
4253

Латвия 6000 га яқин россияликдан мамлакатни тарк этишни сўраши мумкин

Сентябрь ойида Латвиядаги минглаб россияликлар Фуқаролик ва миграция ишлари бошқармасидан уч ой ичида мамлакатни тарк этишни талаб қилувчи хат олиши мумкин.

Фото: ukrainatoday

Сентябрь ойида Латвияда доимий яшовчи бир неча минг Россия фуқаролари Фуқаролик ва миграция масалалари бошқармасидан ушбу мамлакатни тарк этиш талабини олиши мумкин. Сеймнинг Фуқаролик, миграция ва ижтимоий ҳамжиҳатлик комиссияси раҳбари Ингмар Лидакининг сўзларига кўра, гап Европа Иттифоқида доимий резидент мақомини олиш учун мажбурий бўлган латиш тилидан имтиҳонга ёзилмаганлар ва доимий яшаш учун рухсатномани узайтириш учун ҳужжатларни тақдим этмаганлар ҳақида боряпти.

«Булар на имтиҳон топширишни, на вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олишни истамаган одамлар. Яъни, жим ўтирганлар. Агар қонунга ҳозир қарасангиз, Фуқаролик ва миграция ишлари бошқармаси шунчаки талаб юбориши керак бўлади, сўнг улар уч ой ичида давлатни тарк этиши лозим», деди у 4 август, жума куни LSM.lv ахборот порталига берган интервьюсида. 

Латвия Ички ишлар вазирлиги одамларнинг мамлакатни тарк этишини талаб қилувчи хатлар ҳозирдан тайёрланаётганини ва қабул қилувчилар сони 6000 га яқин кишига етиши мумкинлигини тасдиқлади. «Четга кетиш муддати уч ой. Бу одам шошилмасдан чиқиб кетиши учун берилган. Агар бирор киши Латвияда ноқонуний қолишда давом этса, давлат идоралари бундан хабар топиб, кетишни эслатиб қўйиши мумкин. Жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, бироқ маъмурий жавобгарлик бор, шунинг учун шахс жаримага тортилиши мумкин», — деди ИИВ давлат котиби ўринбосари Вилнис Витолинш. 

Шу билан бирга, Латвия ички ишлар вазири Марис Кучинскис, 1 сентябрдан кейин Россия фуқароларидан яшаш учун рухсатномани узайтириш учун аризалар қабул қилиш тўхтатилганда, «ов» бошланмаслигига ишонтирди, аммо Латвияда яшаш учун рухсатномани узайтириш учун ариза бермаган руслар ноқулайликларга дуч келади. 

Top