23:06 / 06.08.2023
25879

«Арсенал» – Англия Суперкубоги соҳиби

«Арсенал» ва «Манчестер Сити» Европада янги футбол мавсумини очиб берди.

Фото: Арсенал

6 август куни Англия чемпионатининг ўтган мавсум чемпиони ва Англия кубоги соҳиби «Манчестер Сити» ҳамда иккинчи ўрин соҳиби бўлган Лондоннинг «Арсенал» клублари ўртасида Англия Суперкубоги учун ўйин бўлиб ўтди. Лондондаги «Уэмбли» стадионида кечган учрашувда Стюарт Атвелл бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси ишлади.

Биринчи бўлимда томонлар тенг ўйин кўрсатишди, дарвозабонлар бир неча мартадан ўзини кўрсатишига тўғри келди.

Иккинчи бўлимда эса Кевин де Брюйненинг майдонга тушиши «Манчестер Сити» ўйинини жонлантирди ва Аарон Рамсдэйл дарвозаси олдида хавфли вазиятлар кўпайди. 21 ёшли Коул Палмер 77-дақиқада айнан белгиялик яримҳимоячининг пасидан кейин ҳисобни очди – 1:0. Эътиборлиси, ёш ҳужумчи шу куни ўйини чиқмаган Эрлинг Ҳоланднинг ўрнига захирадан майдонга тушганди.

«Сити» мухлислари байрамни бошлаган бир пайтда, учрашувнинг 90+11-дақиқага келиб Леандро Троссарнинг зарбасидан кейин тўп Аканжи орқали дарвоза тўрига бориб тушди – 1:1.

Шундан сўнг жамоалар дарҳол пеналтилар сериясини бошлашди. Футбол лотереясида Кевин де Брюйне ва Родри хатога йўл қўйгач, якунда Фабиу Виера ҳал қилувчи зарбани аниқ амалга оширди (4:1) ва «Арсенал» мавсумни соврин билан бошлади.

«Канонирлар» ўз тарихида 17-бор Англия Суперкубогини қўлга киритди. Бу борада жамоа Англия клублари ўртасида иккинчи кўрсаткични қайд этмоқда, олдинда фақат «Манчестер Юнайтед» (21) бор.

Англия Суперкубоги.
Арсенал – Манчестер Сити 1:1. Пеналтилар серияси: 4:1
Голлар:
0:1 – 77 Палмер, 1:1 – 90+11 Троссар
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Габриэл (Смит-Роу, 87), Салиба, Тимбер (Тирни, 76), Парти, Эдегор, Райс (Нкетиа, 81), Ҳавертц (Фабиу Виейра, 87), Сака, Мартинелли (Троссар, 75).
Манчестер Сити – Ортега, Уокер, Стоунз, Рубен Диаш, Аканжи, Ковачич (де Брюйне, 64), Грилиш (Фоден, 58), Бернарду Силва, Родри, Ҳоланд (Палмер, 64), Альварес.
Огоҳлантиришлар: Парти (8), Артета (17), Ҳавертц (27), Алварес (31), Габриэл (66).

Top