Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Дўст ўзини бундай тутмайди»: Алишер Усмонов санкциялар ва Украинадаги можарога изоҳ берди
Миллиардер Алишер Усмонов Италия газеталаридан бирига берган интервьюсида Украинадаги можаро тезроқ тугашига умид билдирди ва унинг барча қурбонларига ҳамдардлик изҳор этди, шу билан бирга, «сиёсатдан узоқда» эканини таъкидлади. Бундан ташқари, Усмонов ўзига нисбатан қўлланилган санкцияларга изоҳ берди: у обрўсига «катта» зарар етказилганини эълон қилди ва Италияда мулки тортиб олинганини эслатиб, «дўстлар ўзини бундай тутмайди», деди.
Миллиардер Алишер Усмоновнинг айтишича, санкциялар унинг обрўсига «катта» зарар етказган ва улар нафақат ўзига, балки унинг оила аъзоларига, у акциядор бўлган компанияларга, ушбу компаниялар ходимларига ҳамда хайрия жамғармалари ва бошқа лойиҳалари орқали ёрдам олган «ўн минглаб одамларга» ҳам таъсир қиляпти. Бу ҳақда Усмонов Италиянинг Corriere Della Sera газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди. РБК мақолага эътибор қаратди.
«Одамлар чўнтагида пули ёки паспорти бўлгани учун тамғаланса, биз тарихдан қандай офатлар содир бўлишини биламиз. Коллектив жавобгарлик қўлланилса, адолат ўлади», — деди Усмонов. Унинг сўзларига кўра, Италиянинг Сардиниясидаги мол-мулки тортиб олингани унга оғир ботган: «Дўстлар ўзини бундай тутмайди. Аммо мен сиёсат бу - сиёсат эканлигини тушунаман», деди миллиардер. У «қонун сиёсий манфаатлар устидан ғалаба қозонишига» умид билдирди. Журналистнинг Россия бизнесидан олинган солиқлар Владимир Путинга «ўзини молиялаштиришга имкон беради» деган тахминига, Усмонов Европанинг Россияда фаолият юритаётган Ғарб компанияларига қарши санкциялар жорий этишни таклиф қилди. «Россияда компанияларга эга бўлганлар нима қилиши керак - солиқлардан қочиши керакми? Бундан ташқари, мен бу чоралар жанговар ҳаракатларни тўхтатиб қўйганини кўрмаяпман», деди миллиардер.
Россия раҳбариятининг Украинада «ҳарбий махсус операция» бошлаш ҳақидаги қарори тўғрими ёки йўқми, деган саволга Усмонов «сиёсатдан узоқ туришини» ва одамларни бўлинишдан кўра бирлаштириш мумкин бўлган соҳалар: спорт, бизнес ва хайрияни афзал кўришини айтди. «Украинадаги жангларда жабрланганларнинг барчасига ҳамдардман, умид қиламанки, бу фожиали можаро тез орада тугайди ва дипломатия ниҳоят ўз ролини ўйнайди. Биз тезда йўқолган ўзаро ишончни тиклашимиз керак. Истисносиз: европаликлар ҳам», — деди Усмонов.
Тадбиркор интервьюда ўзини «олигарх» деб тан олишдан бош тортди: у хусусийлаштиришда қатнашмаганини, «давлатдан шубҳали ёрдам» олмаганини ва «бозор нархларида, ошкоралик шароитида» ишлаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Европада Россиядаги ишбилармонлар «Кремл буйруғи билан ишлаяпти» деган тушунча реал вазиятни бузиб кўрсатишдир.
Усмонов Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлар санкциялари остида қолган. Тадбиркор судда Европа Иттифоқи санкцияларига қарши чиқди. Усмонов санкциялар остида қолгач, Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ваколатларини тўхтатди.
Алишер Усмонов дунёдаги энг бадавлат ишбилармонлар рейтингида 122-ўринни эгаллаб турибди (россияликлар орасида 8-ўрин), бундан реал вақтда янгиланадиган Forbes Real-Time рейтинги маълумотлари дарак беряпти. Усмоновнинг бойлиги 14,4 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Мавзуга оид
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
18:03 / 19.05.2026
Қирғизистонда санкциялар таҳдиди туфайли 50 та корхона тугатилди
09:16 / 12.05.2026
ЕИ исроиллик кўчманчиларга қарши янги санкцияларни келишиб олди
22:18 / 25.04.2026