Бугун дунёдаги кўплаб мамлакатларда айрим болалар ногирон ёки тузалмас дард билан туғилгани учун ота-оналари томонидан ташлаб кетилади.

Барча давлатларда бундай болалар махсус шифохоналарда ёки хайрия фондлари томонидан молиялаштириладиган махсус муассасаларда сақланади ва парвариш қилинади.

Бироқ дунёда оғир дардга чалинган болаларни ўз қарамоғига олиб, уларга ота-оналик қилиб келаётган инсонлар ҳам бор. Улардан бири асли келиб чиқиши ливиялик бўлган Америка фуқароси Муҳаммад Бзик ҳисобланади.

У анча йиллар давомида аввалига хотини билан бирга, хотини вафот этгач ўзи оғир дардга чалинган ногирон болаларни қарамоғига олиб, парваришлаб келмоқда.

Муҳаммад Бзик ўз фаолияти билан кўплаб инсонларга ўрнак бўлиб келмоқда ва уни Америкада қаҳрамон сифатида билишади. Ҳозир Муҳаммад Бзик 68 ёшда ва айни пайтда ҳам унинг қарамоғида оғир дардга чалинган болалар бор.

Муҳаммад Бзик боқиб олган ногирон қизчаси билан

Ливиялик муҳожир

Муҳаммад Бзик 1954 йил декабр ойида Африка қитъасида жойлашган Ливия давлатида туғилган. Ота-онаси уни мусулмон эътиқоди билан тарбиялаган.

Муҳаммад болалигидан югуришга қизиқарди. Шу сабабли улғайганда югуришнинг марафонча тури билан жиддий шуғулланади ва кўплаб мусобақаларда ғолиб чиқади.

1978 йилда Муҳаммад муҳандислик соҳасида ўқиш учун океан ортига отланади. У АҚШдаги университетлардан бирида ўқий бошлайди. Ўшанда йигит 24 ёшда эди.

Муҳаммад АҚШда яшар экан, 1980-йилларнинг бошларида Доун исмли аёл билан танишади. Аёл шифохонада ишлар, бўш пайтида ота-оналари томонидан ташлаб кетилган ногирон болаларни парвариш қиларди.

Доуннинг ёшлигида бобоси ва бувиси ўз уйларида қаровсиз қолган болаларни парвариш қилиш маркази очишганди. Қиз улғайгач улардан ўрнак олиб, ўз уйида қаровсиз қолган ногирон болаларни парваришлаш маркази очади.

Ўша пайтда Доуннинг ўзи оғир дардга чалинган бир қизчани асраб олган, унинг уйи давлат фарзанд асраб олувчиларни қидираётган болалар учун вақтинчалик бошпана вазифасини бажарарди.

Аёл ногирон болаларни парвариш қилиш бўйича соҳанинг таниқли мутахассиси эди. Шу сабабли у Лос-Анжелесдаги кўплаб тадбирларда қатнашар ва бўлажак фарзанд асраб олувчиларга маърузалар ўқирди.