Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Боғчага мослашув: бола учун эмас, она учун ҳам катта синов” — психологдан муҳим тавсиялар
Бола боғчага бора бошлаши — ҳар бир оила ҳаётидаги жиддий босқич. Бу жараёнда нафақат бола, балки она ҳам янги тартибга мослашишига тўғри келади. Болалар психологи Розалия Габдулҳакова шу жараёнда оналар ва болалар учун муҳим тавсияларни бўлишди.
Боғча ёшига етмасдан боғчага бермаслик керак
“Аввало ота-оналар учун муҳим нарсани эслатиб ўтмоқчиман. Болани боғча ёшига етмагунча боғчага бермаган маъқул. Бу уларнинг болага қилган энг катта яхшиликлари бўлади.
Бола илк марта боғчага бораётганда бир нечта ўзгаришга мослашишига тўғри келади. Улардан энг асосийси – онасидан айрилиш. Бу болага қўрқинчли бўлиши мумкин, “онам мени ташлаб кетяпти” деган хавотир бўлади. Ундан ташқари янги жой, янги одамлар, янги кун тартибига ҳам мослашишига тўғри келади.
Бу янгиликлар бола учун қўрқинчли, ноқулай, стрессли бўлиб ўтади. Ота-она фарзандига мана шу стрессларни камайтириш учун боғча ҳақида олдиндан маълумот бериши, боғча опа билан таништириши, яъни адаптацияни боғчага боришдан 2 ойлар чамаси аввал бошлаши керак. Мана шу тасаввурлар орқали бола боғчада қолиши кераклигини, кечки пайт онаси олиб кетишини, бу вақтинчалик қоладиган жой эканлигини тушунади. Бу вазиятнинг даҳшатли эмаслигини шундай қилиб тушунтириш мумкин.
Ота-она бола учун боғча танлаганда ўша боғча атрофида, ўша маҳалла, кўчада бола билан бирга сайр қилиши, “мана шу сенинг боғчанг, яқинда шу ерга келишни бошлайсан” деб кўрсатиши, боғча ичкарисига кириши, боғча опаси ҳақида айтиб бериши боладаги стрессни анча камайтиради.
Оналар учун муҳим эслатмалар
Фарзандини боғчада қолдираётган оналарда ҳам ҳар хил реакциялар бўлади. Айрим оналар боласини боғча опага ишонмайди. Айниқса ҳозир боғчадаги ҳолатлар билан боғлиқ тарқалаётган ҳар хил видеолар сабаб турли ёмон гумонларга боришади. Боласини калтаклашлари, яхши қарамасликлари ҳақида кўп ўйлашади. Яна бир томондан эса фарзандини жуда ёш боғчага бериб, ўзлари ишга чиқаётган оналар ўзини улар олдида айбдор ҳис қилишади. Энг кўп ҳис қилинадигани бу – ишончсизлик. Яъни она ўзидан бошқа биров боласига яхши қарашига ишонмайди. Бунинг олдини олиш учун боғча танлаётганда суриштириб ўзи ишонган боғчани танлаш керак. Боғча опаниям аввалдан ўрганиб, унга ишонч ҳис қилгандан кейин болани бериш яхши бўлади. Чунки боғчага борганда онанинг юзидаги ишончсизликни бола дарров сезади ва унда ҳам хавотир пайдо бўлади.
Мослашув жараёни: тарбиячи билан ҳамкорлик муҳим
Бола учун энг муҳими – онаси ва тарбиячи ўртасидаги ишончли яқин муносабатлар. Масалан, бола бегона одамдан кўра онасининг дугонасига яхшироқ ишонади, суянади. Она тарбиячига ишонмагани сезилса, тарбиячи ҳам онани ёқтирмагани билинса бола ўзини ёмон ҳис қилади. Бу пайтда она фарзандини қолдираётганда ёки олиб кетаётганда тарбиячи билан ўзини яқин танишлардай тутиши, гаплашиши керак. Бола шунда хотиржам бўлади.
Боғчага биринчи кунлар — бола учун психологик синов. Мутахассис фикрига кўра, боғчага мослашув жараёни фақат болага боғлиқ эмас — бу она, тарбиячи ва бола ўртасидаги ўзаро ишончга таянадиган умумий жараёндир. Боғчани тўғри танлаш, болани олдиндан тайёрлаш ва тарбиячи билан самимий мулоқот боланинг қўрқувини камайтиради, мослашувни енгиллаштиради. Энг муҳими — она ўз хавотирини болага ўтказмаслиги ва бола боғчада ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун барқарор эмоционал муҳит яратилиши зарур.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
16:50 / 04.12.2025
Dell асосчиси америкалик болаларга бошланғич инвестиция учун 6 млрд доллар пул тарқатади
10:40 / 04.12.2025
Мактаб ва боғчалар қурилишини молиялаштириш маҳаллий бюджетларга ўтказилади
08:04 / 04.12.2025
АҚШ БМТнинг украиналик болаларни қайтариш тўғрисидаги резолюциясини қўллаб-қувватлади
08:48 / 01.12.2025