«Урушиш ва жазо олмаслик мумкин экан» – 15 йил аввал Россия Гуржистонга бостириб кирганди
«Россия элитаси» ўша урушга қандай муносабатда бўлганди — ва улар ҳозир бу ҳақда қандай фикрда?
2008 йил август ойи бошида Россия ва Гуржистон ўртасида ҳарбий тўқнашув бошланганди. Россия Гуржистон ичкарисигача қўшин киритган, лекин урушни тезда тўхтатиб, ўзи учун манфаатли тинчлик келишувига эришиб, шу тариқа халқаро яккаланишдан қутулиб қолганди. «Медуза» махсус мухбири Андрей Перцев ўша вақтда «вертикал ҳукумат» таркибида бўлган мулозимлар билан «рус элитаси» учун Гуржистонга босқин Украинадаги урушдан нимаси билан фарқ қилгани ҳақида суҳбатлашди.
«Тинчликпарвар кучларимиз ва уларга бириктирилган бўлинмалар айни дамда Гуржистон томонини тинчликка мажбурлаш мақсадида операция олиб бормоқда. Тинч аҳоли ҳаётини муҳофаза қилиш масъулияти уларнинг ҳам гарданида», деб изоҳлаганди Гуржистонга босқинни ўша вақтда Россия президенти бўлган Дмитрий Медведев.
2008 йил 8 август куни Гуржистондан ажралиб чиққан Жанубий Осетия маркази Цхинвалига қўшин киритган Россия кейинчалик пойтахт Тбилиси яқинигача етиб боради. Рус ҳарбийлари Гуржистон пойтахтига етиб боришига бир неча ўн километр масофа қолганди, аммо руслар Тбилисини қамал қилмайди. 12 август куни Дмитрий Медведев «амалиёт» якунланганини эълон қилади. Кейин Россия, Гуржистон, Жанубий Осетия ва Абхазия томони биргаликда можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тўғрисида тинчлик битими имзолайди. Бу келишув шартлари Россия учун жуда қулай эди. Унда ўт очишни тўхтатиш, қўшинларни олиб чиқиш, шунингдек, ўзини мустақил деб эълон қилган ҳудудлар учун халқаро хавфсизлик кафолати кўзда тутилганди.
Бу XXI асрда Европа ҳудудида содир бўлган биринчи жиддий можаро эди. Шунга қарамай, Россияга қарши жиддий халқаро санкциялар қўлланмади. Европа Иттифоқи ва АҚШ Россияга қарши иқтисодий чекловлар жорий қилмай, шунчаки бу ҳаракатни кескин қоралаш билан чекланишди.
Бунга бир неча сабаблар келтирилди. Биринчидан, Россия Тбилисига кириб бормади. Иккинчидан, Европа Иттифоқи томонидан тузилган суриштирув гуруҳи урушни Цхинвалига ўт очиш орқали Гуржистон бошлади, деган хулосага келганди. Аммо хулосада Россия уруш бошланишидан аввал кўп марта провокацион ҳаракатлар қилгани ҳам қайд этилган.
Учинчидан, бутун дунёда кузатилган ва АҚШни қийин аҳволда қолдирган молиявий инқироз одамлар эътиборини можародан чалғитганди. Бу сабаб ҳақида кейинроқ Россия собиқ президенти Дмитрий Медведев ҳам гапирганди. «Ҳа, бу воқеалардан кейин Жорж Буш билан яхши муносабатимиз сақланиб қолган. 2008 йил охирида у билан кўришгандик. У ўзаро суҳбатимизда Гуржистондаги вазият, Жанубия Осетия ва Абхазия ҳақида гапиргани ҳам йўқ», деб эслаганди Медведев.
Август воқеаларидан кейин Россия ҳудудда ўз таъсирини ошириб олди. Икки ўзини мустақил деб эълон қилган «республика»ларни ўз вақтида Россияда ҳарбий хизмат ўтаган мулозимлар бошқара бошлади.
Ўша вақтдаги Владислав Сурков бошчилигидаги Россия президент администрациясига яқин бўлган манбанинг «Медуза» билан суҳбатда айтишича, рус жамияти ва элита Гуржистондаги воқеаларга анча бефарқ қараган. «Воқеалар жуда олисда бўлгандек қаршиланди. Одамлар уни реал режимда, ҳар дақиқа сонияда кузатиб боришмади», дейди суҳбатдош.
Унинг сўзларига кўра, ўша вақтда рус элитаси Россия армиясига унчалик ишонқирамай қарагани, босқин муваффақиятли якунланишига ишонмагани ҳам Гуржистон воқеалари улар томонилан бирмунча бефарқ кутиб олинишига сабаб бўлган. Ўша вақтда Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков эди. Россия армияси деганда эса кўпчиликнинг кўз олдига аввало зўравонлик («дедовшина») ва коррупция келарди.
Аммо Россия Гуржистон ичкариси томон катта тезликда одимлай бошлагач, жамиятда барибир можарога муносабат ўзгарди. Ҳолатни ёритган Россия нашрлари оҳанги ҳам ўзгарди. «Медуза» суҳбатдошига кўра, Россия тарғиботчилари воқеаларни «Демак, биз уддалай оларканмиз» деган оҳанг билан ёрита бошлайди.
«Бу уруш пропагандасини шакллантириш томон ташланган илк қадам дейиш мумкин. Бошида қадамлар дадил эмасди, аммо ҳаракат бошланиб бўлганди. Медведев ҳақида «янги президент тезда тўғри ва кескин қарор қабул қилди» қабилида гапириш кўпайди», дейди суҳбатдош.
Ўша вақтда можародаги Россиянинг «юзи» чиндан Медведев эди. У вақтда бош вазир вазифасини бажараётган Путин эса уруш бошланганда Пекиндаги олимпиада ўйинлари очилиш маросимида ўтирган, Гуржистонга «жавоб зарбалари» билан таҳдид қилганди, холос. Бу вақтда Россия пропагандаси Медведевни аввалига «уруш бошлашга қўрқмаган қирғий» деб, «амалиёт» якунлангач эса «осетинлар генеоцидининг олдини олган тинчликпарвар» деб таърифларди.
«Мақсад Гуржистонни яксон қилиш ва Саакашвилини қатл этиш эмасди. Ўшанда босиқлик билан ҳаракат қилиб, воқеалар кескинлашиб кетишининг олдини олиб тўғри қилдим деб ўйлайман», деганди Медведев ўз қарори ҳақида.
Сиёсатчи Иван Преображенский эса бу «босиқлик»ни бошқачароқ изоҳлади. Унинг фикрича, Россия ҳукуматида қўрқув бўлган. «Ахир биринчи марта безорилик қилаётганда оқибати нима бўлишини билмайсан», дейди у. Эксперт ўшанда Россия ҳукумати ва пропагандаси одамларда «бу босқинчилик уруши эмасди» деган фикр шакллантиришнинг уддасидан чиққан. Буни ижтимоий сўровлар ҳам тасдиқлайди. Бугун Россияда «чет эл агенти» деб топилган «Левада маркази» томонидан 2018 йил ўтказилган сўровда фақат 5 фоиз респондетлар Гуржистондаги воқеалар учун Россияни айбдор деб ҳисоблашини билдирган.
Бироқ кейинчалик пропаганда эришган «ютуқлар»ни мустаҳкамлашнинг имкони бўлмайди. Уруш тугашидан кейин кўтарилган Путин ва Медведевнинг рейтинги аста-секин туша бошлайди. Сиёсатшунос Кирилл Шамиев ҳам Кремл «қисқа муддат давом этган антигуржича, антиамерикача ва антиевропача кафият»дан «ватанпарварлик руҳини кўтаришда фойдалана олмагани»ни таъкидлайди.
Шамиевнинг фикрича, ўшанда Россия учун ғарб билан узоқ муддатли можаро керак бўлмаган. Шу боис, урушдан кейин [ғарб билан] яқинлашиш ва муносабатларни қайта ўрнатиш сиёсати олиб борилган. Натижада жамиятдаги ватанпарварлик кайфиятини 2014 йилдаги каби «сунъий ёнилғи билан» кўтара олишмайди.
«Медуза»нинг федерал ва ҳудудий бошқарув органларидаги, шунингдек, «Единая Россия»даги суҳбатдошлари Гуржистон можароси чиндан аста-секинлик билан унутилганини тан олган. Улар мисол сифатида Россия ҳукумати Гуржистондан ажралиб чиққан ҳудудларни тиклашга эътибор бермай қўйганини келтирган. Масалан, ҳозир Россия Украинадан тортиб олинган ҳудудлар учун иқтисодий масъул ҳисобланади. 2008 йилда эса бундай бўлмаган.
Россиянинг бир неча ҳудудлари Жанубий Осетия ва Абхазияга ёрдам беришини эълон қилади, лекин амалда ҳеч қандай ҳаракат кузатилмайди. «Бизни [Кремлдан] ҳеч ким тикланиш ишларига мажбурламаган. Шу сабаб биз ҳам қатнашмаганмиз», дей эслайди Россия Марказий федерал округларидан биридаги манба. 2008 йилда у маҳаллий бошқарув органида ишлаган.
Ўша вақтда маҳаллий администрацияда ишлаган бошқа бир манбанинг айтишича, 2008 йилда «гуржиларни таъқиб қилиш»га қарши очиқчасига чиқиш ҳам қилган ва бунинг учун унга қарши ҳеч қандай чора қўлланмаган.
«Бошқача даврлар эди. Ҳамма ҳозиргидай рисоладагидай юрмасди. Албатта, бошқарувдаги вертикал шаклланиб бўлганди, аммо унчалик кескин эмасди. Ва иккита таъсир нуқтаси бор эди – Медведев ва Путин. Рақобат бўлган жойда эса ҳамиша эркинлик бўлади. Айниқса Медведевдан умидлар катта эди. Ахир у ёш, замонавий, кейинги муддатга ҳам сайланиши кутилганди. Ўшандаги ҳолатни ҳозир тасаввур ҳам қилиб бўлмайди», дейди манба.
Медведев 2012 йилда чиндан иккинчи муддатга сайланиш ҳақида ўйлаган, аммо ҳаммаси рокировка билан тугайди. Нашр манбасининг айтишича, рокировкадан аввал рус пропагандаси Гуржистон воқеалари ҳақида камроқ гапира бошлайди. Ахир бу можаро Медведевнинг асосий «кузири» эди.
Ўша йили «2008 йил, 8 август. Йўқотилган кун» номли 47 дақиқлик ҳужжатли филм эълон қилинади. Ўша филмда юқори мартабали истеъфодаги ҳарбийлар президент Медведевни қатъиятсизликда айблаб, Путинни қатъият кўрсатгани учун мақаташади. Бу эса рус пропагандаси кимни тепароқ қўйишининг нишонаси эди. Хусусан, Россия Бош штаби собиқ раҳбари Юрий Балуевский президент Медведев бошчилигидаги ҳарбий бошлиқлар «Путиндан бир ерига тепки егунига қадар» ҳаракатсиз ўтирганини танқид қилади. Путиннинг ўзи эса гўёки ҳаммасини ўзи бошқарганини кўрсатиш мақсадида Медведев билан 7 августда ҳам, 8 августда ҳам телефон орқали гаплашганини айтганди. Ўз навбатида, Медведев бундай суҳбатлар бўлганини рад этади.
«Путин ҳаракатдаги асосий куч эмас, бош қўмондон Медведев эди. Путин эса сояда қолиб кетишни ёқтирмайди», дейди нашрнинг ўша вақтдаги Россия президент администрациясига яқин бўлган манбаси.
«Медуза»нинг «вертикал ҳукумат» таркибига кирган манбалари Гуржистондаги уруш Путин ва Медведевга қандай таъсир қилгани ҳақида гапиришга қийналишини айтган. Аммо улар айнан урушдан кейин Россия юқори раҳбарияти армияга жиддийроқ эътибор бера бошлаганига эътибор қаратган. Нашрнинг Кремлга яқин манбаси бу ҳақда шундай дейди: «Армияга жиддийроқ қарай бошлаганлар ҳаммаси ёмон экани, техникалар ишдан чиқаётганини кўради. Ғалаба яққол бўлмаган, кучсиз томон янада кучсизроқни енгганди, холос».
«Армиямизда алоқа воситалари, разведка, навигация, тунда кўриш воситалари билан боғлиқ ҳолат яхши эмасди. Масалан, бизда оддий учувчисиз қурилмалар йўқ эди. Ҳар қанча ачинарли бўлмасин, Россия армиясида пиёда қўшинлар, масалан, мотоўқчилар йўқ экан. Йўқ, аслида-ку улар жуда кўп, лекин уруша олмайди. Оқибатда биринчи кундан махсус кучлар ва десантчилардан пиёда аскар сифатида фойдаланишга мажбур бўлдик», деб ёзганди ҳарбий таҳлилчи Александр Храмчихин.
Урушдан кейин Сердюков армия ёппасига ислоҳ қилинишини эълон қилади. Армияни қайта қуроллантириш бошланади. Аммо Сердюков армияни ислоҳ қилгани билан эмас, 2012 йилда жиддий коррупцион можаролардан кейин истеъфога чиқиши билан ёдда қолади.
«Путин ўшанда ўзининг машҳур нутқини сўзлаб бўлган, у учун Ғарбга қарши чиқиш масаласи кун тартибида ҳам турмаганди. Гап буни қандай бошлашда эди. Гуржистон эса Путинга буни ҳарбий йўл билан қилиш имкони борлигини кўрсатиб қўйди», дейди Иван Преображенский. Унинг фикрича, айнан ўша урушдан кейин Путин «Демак буни қилиш ва ҳеч қандай жазосиз қутулиб қолиш мумкин экан» деган хулосага келган.
Кирилл Шамиев ҳам шу фикрга қўшилади. Унинг фикрича, Путин Гуржистон урушидан кейин ҳеч қандай санкция бўлмагач, ғарбни кучсиз деган хулосага келган. Эксперт Гуржистон урушини Украинадаги уруш билан солиштириб бўлмаслигини таъкидлаган.
«Ўшанда пропаганда одамларни урушга тайёрламаган, лекин урушдаги натижаларни кўрсатишга шошилган, гарчи улар бўлмаса ҳам. Урушнинг гибрид характерда экани яққол кўриниб қолди», дейди Иван Преображенский.
Шамиевнинг фикрича, руслар урушни сезмай қолиши эҳтимоли ҳам юқори бўлган. «Гуржистонда уруш беш кунгина давом этди. Россияликлар бу вақтда янгиликларни ўқимаслиги, кейин эса давлати ким биландир урушганини билиб қолиши мумкин эди», дейди эксперт.
Мавзуга оид
13:47
Еврокенгаш бош котиби: Тбилиси ташқи таъсирга оид қонунни ўзгартиришга ваъда берди
20:54 / 20.12.2024
Еврокомиссия Гуржистон дипломатлари ва амалдорларини визасиз режимдан маҳрум қилиш таклифини илгари сурди
15:32 / 20.12.2024
Британия Гуржистон ИИВ раҳбариятига қарши санкциялар киритди
15:08 / 19.12.2024