Бинода, поездда, самолётда ёнғин чиқса, нима қилиш керак?
Ёнғин пайти қиммат буюмларингиз ҳақида эмас, энг аввало, ўзингиз ва атрофдагилар соғлиги ҳақида ўйланг.
Бинода ёнғин чиқса:
Агар тўсатдан ёнғин содир бўлса, қўлингиздан келса, ўт ўчиргич билан ёки қалин ёпинчиқ, сув ёхуд қум билан оловни ўчиришга ҳаракат қилиб кўриш мумкин. Лекин ҳеч қачон электр тармоғига уланган ёнаётган кабел ва симларга сув сепиб бўлмайди. Бу жуда хавфли.
Тезлик билан ўт ўчириш хизматига телефон қилинг. Агар ҳаяжондан буни амалга ошира олмасангиз, ўзингиз учун ўт ўчириш ходимларини чақириб бероладиган одамдан буни илтимос қилинг. Маълумот учун, Ўзбекистонда ўт ўчириш хизматини чақириш учун 101 рақамига қўнғироқ қилинади.
Қочиб чиқиш учун энг хавфсиз йўлни танланг. Ёнғин пайти лифтлардан фойдаланиш мумкин эмас, зина орқали пастга тушиш лозим.
Агар ёнғин мактаб, шифохона каби жамоат биносида содир бўлса, унда деворларга осилган эвакуация режаларини топа оласиз. Зарур бўлганда улардан фойдаланинг.
Тўғри келган жойга югурманг. Масалан, эшикни очмоқчи бўлсангиз, аввал унга секин тегиб кўринг, агар эшик иссиқ бўлса, унинг ортида олов бўлиши мумкин.
Агар олов чиқиш йўлини тўсиб қўйган бўлса, ҳали ёнғин етиб бормаган хонага кириш ва унгача бўлган барча эшикларни ёпиш тавсия қилинади. Эшик ва пол ўртасига нам латта қўйинг. Газ ва электрни ўчиринг. Имкони бўлса, балконга чиқиб, ташқаридагилардан ёрдам сўранг. Хонани тутун қоплаган бўлса, деразани очиб нафас олишга, имкони бўлмаса, нам латта билан нафас олишга ҳаракат қилинг. Агар сиз турган хона ёнаётган ва бошқа имкон бўлмаса, чойшаб ёки бошқа шунга ўхшаш нарсалардан фойдаланиб, деразадан пастга тушишга ҳаракат қилинг. Лекин қутқарувчилар иккинчи қаватдан баландроқдан сакрашни маслаҳат бермайди.
Поездда ёнғин чиқса:
Биринчи навбатда вагон кузатувчисига ёнғин ҳақида хабар беринг. Агар у билан боғланиш имкони бўлмаса, ҳайдовчига мурожаат тугмасидан фойдаланиб, ҳайдовчини огоҳлантиринг. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, кейинги вагонга ўтиб кондукторга хабар беришга ҳаракат қилинг.
Энг охирги чора сифатида тўхташ кранини босинг ва тўхтаган поездни эшик ёки дераза орқали тарк этинг.
Метрода ёнғин чиқса:
Вагонда ёнғин чиққанини сезсангиз, мато орқали нафас олинг ва оловни ўчиришга ҳаракат қилиб кўринг. Бунда қалин мато ёки алкоголсиз ичимликлардан фойдаланиш мумкин.
Агар олов ўчмаса, дарҳол ҳайдовчи билан боғланиш керак. Лекин тўхташ кранини ишлатиб бўлмайди, сабаби метро йўлида катта кучланиш бор. Кейинги бекатгача поезд етиб боришини кутиш керак. Агар ҳайдовчи поездни бекатга етмасдан тўхтатса, унинг кўрсатмаларига амал қилиш лозим. Бошқаларга ҳам ёрдам беришни унутманг.
Кемада бўлганда ҳам худди шундай биринчи навбатда капитанга хабар бериш, унинг кўрсатмаларига амал қилиш керак.
Самолётда ёнғин чиқса
Агар самолётда биринчи бўлиб ёнғинга гувоҳ бўлсангиз, энг аввал бортдаги ҳаммани огоҳлантиринг, лекин ваҳимага қўймасликка ҳаракат қилинг. Ёнмайдиган суюқлик билан намланган мато орқали нафас олинг. Парвоз вақтида деразани синдиришга ёки эшикни очишга уринманг. Бу парвоз вақти босим камайишига, сўнг аварияга олиб келиши мумкин. Фавқулодда қўнишни кутиш ва кўрсатмаларга амал қилиш энг тўғри вариант. Ҳа айтганча, қиммат буюмлар сабаб жонингизни хатарга қўйманг, энг аввал ўз жонингиз ва бошқалар ҳаётини сақлашга ёрдам беринг.
Мавзуга оид
07:54 / 18.11.2024
Тошкент - Бухоро - Тошкент йўналишида янги поезд қатнови йўлга қўйилади
14:01 / 15.11.2024
Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
23:28 / 14.11.2024
«Миллий боғ» метро бекатида поезд техник носозлик сабаб тўхтатилди
20:45 / 12.11.2024