22:56 / 12.08.2023
32237

Араб чемпионлари кубоги. Роналду дубли эвазига «Ан-Наср» билан дастлабки совринга эришди

Фото: Ан-Наср

Араб чемпионлари кубоги финалида «Ан-Наср» «Ал-Ҳилол»га қарши майдонга тушди.

Ар-Риёддаги «Қирол Фаҳд халқаро стадиони»да ўтган ҳал қилувчи учрашувда «Ал-Ҳилол» 51-дақиқада Майклнинг голи эвазига ҳисобни очди. 71-дақиқада эса «Ан-Наср» ҳимоячиси Ал-Амри майдондан четлатилгач, Роналду жамоадошлари қийин вазиятда қолишди.

Шунга қарамай, 74-дақиқада Криштиану катта саҳнага чиқиб, ҳисобни тенглаштирди ва жамоалар дуранг билан қўшимча бўлимларга чиқишди – 1:1.

10 киши бўлиб қолганига қарамай, ҳужумкорликни давом эттирган «Ан-Наср» 98-дақиқада Роналдунинг дубли эвазига камбэк қайд этди – 2:1.

120-дақиқагача ғалабани сақлаб қолган Луиш Каштру шогирдлари ҳакам ҳуштаги чалингач, дастлабки халқаро соврин қўлга киритилганини байрам қилишди. 38 ёшли Криштиану жамоасига дастлабки совринни тақдим этди.

Араб чемпионлари кубоги. Финал.

12 август (шанба)

«Ал-Ҳилол» – «Ан-Наср» – 1:2 (0:0, 1:1, 1:2)

Голлар: 1:0 – Майкл (51), 1:1 – Роналду (74), 1:2 – Роналду (98).

«Ал-Ҳилол»: Ал-Овайс, Абдулҳамид, Кулибали (Жафали, 83), Ал-Булайхи, Аш-Шаҳрони (Ал-Бурайк, 83), Канно, Невеш, Майкл (Ал-Ҳамдан, 91), Ад-Досари, Милинкович-Савич, Малком.

«Ан-Наср»: Ал-Ақиди, Ал-Ғанам, Лажами (Ал-Фотил, 80), Ал-Амри, Алекс Теллес, Ал-Ҳайбари (Конан, 80), Марцело Брозович, Секо Фофана, Талиска (Ғариб, 91), Садио Мане, Криштиану Роналду.

Четлатишлар: Ал-Амри (71, Ан-Наср), Навоф (захира ўриндиғи), Кастро (захира ўриндиғи)

Top