Ўзбекистон | 20:58 / 12.08.2023
5513
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сунъий интеллектга оид қонунчилик базаси суст экани айтилди

Депутатлар ва мутахассислар Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланиш чегараларини белгилаш учун ҳуқуқий асосларни яратиш зарурати борлигини айтди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи мутахассис ва экспертлар иштирокида «Сунъий интеллект тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари: зарур қадамлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Қайд қилинишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланиш чегараларини белгилаш учун ҳуқуқий асосларни яратиш зарурати мавжуд.

Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини тартибга солишда қатор камчиликлар бор. Жумладан, сунъий интеллектга оид қонунчилик базаси суст ҳолатда бўлиб, улар сунъий интеллект билан боғлиқ алоҳида муносабатларни тартибга солмоқда ва соҳадаги муносабатларни тўлиқ қамраб олиш имкониятини бермаяпти.

Таъкидланишича, қонунчиликда сунъий интеллект технологияларини қўллаш натижасида юзага келган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланмаган. Бу эса, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда қандай ҳолатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ва мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилганда, асл ҳуқуқбузарни аниқлаш ва уни жавобгарликка тортиш имконини бермайди.

Тадбир иштирокчиларининг айтишича, миллий қонунчилигимиздаги ушбу бўшлиқларни тўлдириш мақсадида соҳани тартибга солувчи махсус қонун ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Бунда қуйидаги қатор масалаларга эътибор қаратиш зарур бўлади:

– сунъий интеллект ўзи нималигининг аниқ таърифини бериш ва ундан келиб чиқиб сунъий интеллект томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ёки жиноий ҳаракатлар учун тегишли жавобгарликни белгилаш. Шунингдек, сунъий интеллект томонидан қилинган хато ва зарар учун жавобгарни аниқлаш, шу жумладан моддий жавобгарни;

– махфийлик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш. Сунъий интеллект қандай маълумотларни тўплаши, сақлаш, қайта ишлаши, тарқатиши мумкинлигини аниқ белгилаб қўйиш.

Ҳимояга муҳтож маълумотларни қандай ҳимоя қилиш зарур?

– ахлоқий меъёрлар. Сунъий интеллектни ривожлантириш ва ундан фойдаланишда қандай ахлоқий тамойиллар устунлик қилиши керак?

– барча соҳаларда, шу жумладан тиббиёт, молия, транспорт ва бошқа соҳаларда сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солиш масаласи;

– интеллектуал мулк ҳуқуқлари. Сунъий интеллектдан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларда юзага келадиган интеллектуал мулк ҳуқуқлари қандай таъминланади ва бошқалар.

Мавзуга оид