2023 йил 10 август куни оммавий ахборот воситаларида АҚШнинг Ҳавайи штати ҳудудида ёнғинлар содир бўлаётгани ва 40 га яқин одам ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳалок бўлганлар Ҳавайи ороллари туркумига кирувчи Мауи ороли ғарбида жойлашган сайёҳлик шаҳарчаси Лахайнада топилган. Ўшанда шунингдек, Мауи оролида яна иккита йирик ўрмон ёнғинлари содир бўлаётгани, Ҳавайи штати губернатори сайёҳларни Мауи оролини тарк этишга чақиргани ҳақида хабар берилганди.

Ўшандан буён 3 кун ўтди ва Мауи оролидаги ёнғин кучайиб бормоқда. Лахайна шаҳри бутунлай ёниб кетган. 2023 йил 13 август ҳолатига кўра ҳозирча жасади топилган инсонлар сони 90 кишидан ошган.

Лахайнада ёнғин оқибатлари. Фото: Patrick T. Fallon / AFP / Scanpix / LETA

Ҳозирда Лахайна шаҳри харобаларини тўлиқ ўрганиш ишлари якунланмаган. Шу сабабли қурбонлар сони яна бир неча баробарга ошиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ёнғин оқибатида Лахайна шаҳридаги 2200 та бино вайрон бўлган ёки зарар кўрган. Уларнинг 86 фоизи турар жой бинолари. Шунингдек, 850 гектар ер ёниб кетган. Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича федерал агентлик (FEMA) Лахайнани тиклаш 5,5 миллиард долларга тушишини тахмин қилмоқда.

Лахайна шаҳрини вайрон қилган ёнғин АҚШ тарихида сўнгги юз йилдаги энг ҳалокатли ёнғин сифатида баҳоланяпти.

Лахайнадаги вайронгарчиликлар, 9 август
Jack Truesdale / Civil Beat / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Агар ўрмон ёнғинларининг келиб чиқишига қаралса, уларга қуйидагилар сабаб бўлади:

а) Инсон аралашуви туфайли.

Ўрмон ёнғинларига асосан дам олувчилар томонидан ёқилган оловнинг яхши ўчирилмаслиги сабаб бўлади. Ёки ўрмон яқинида яшайдиганларнинг турли чиқиндиларни ёқиши ҳам ёнғин келтириб чиқаради.