Жаҳон | 22:32 / 18.12.2024
1163
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Газпромбанк билан операцияларга вақтинча рухсат берди

АҚШ Молия вазирлиги 2025 йил 30 июнга қадар Газпромбанк билан фуқаролик атом энергетикасига боғлиқ битимларни амалга оширишга рухсат берди. Ноябр ойида Россия банки санкциялар рўйхатига киритилган эди.

Фото: ТАСС

АҚШ Молия вазирлиги 2025 йил 30 июнга қадар Газпромбанк билан фуқаролик атом энергетикасига боғлиқ битимларни амалга оширишга рухсат берди. Бу борадаги тегишли лицензия идоранинг сайтида эълон қилинди.

Ҳужжат 2024 йил 21 ноябрга қадар ишга туширилган, яъни Газпромбанк SDN-рўйхатига (Special Designated Nationals List) киритилгунгача бўлган лойиҳаларга тегишли.

Хусусан, рухсат Венгриядаги «Пкаш-2» АЭС лойиҳасига тааллуқли эмас.

АҚШ Молия вазирлиги 2024 йил 21 ноябр куни Газпромбанк ва унинг олтита шуъба компаниясини санкциялар рўйхатига киритди. Вазирлик хабарида айтилишича, Россия Газпромбанкдан мамлакат ҳарбийлари учун тўловларни ўтказишда фойдаланиб келади. Эртаси куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШнинг Газпромбанкка қарши санкциялари «Европага газ етказиб берилишига халақит қилишга уриниш дея ҳисоблаш мумкинлигини» маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин 5 декабр куни Россия гази учун тўловлар энди битта аниқ банк орқали тўлаш тартибини бекор қилди. Илгари бундай — ягона — молиявий институт Газпромбанк эди. Шундай қилиб, Путин ўзининг 2022 йил 31 мартдаги фармонига ўзгартириш киритди, унда Газпромбанкка Россия гази учун тўловлар бўйича ягона адресат бўлиш ҳуқуқи берилганди.

Ўз навбатида Bloomberg Европа Иттифоқи Газпромбанкка қарши санкцияларни юмшатиш учун АҚШга босим кўрсатаётгани ҳақида ёзган эди. Туркия томони ҳам АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги делегация билан Анқарада ўтказилган музокаралар давомида Россиянинг Газпромбанкига нисбатан санкцияларни юмшатиш масаласини кўтарганди.

Мавзуга оид