Жаҳон | 22:30 / 15.08.2023
26077
3 дақиқада ўқилади

Рубль курсининг пасайиши туфайли меҳнат мигрантлари Россияни тарк этиши мумкин 

Рублнинг доллар ва еврога нисбатан заифлашиши оқибатида мигрантлар даромади камайиб бормоқда. 

Фото: Ведомости

Меҳнат мигрантларининг учдан бир қисми рублнинг доллар ва еврога нисбатан заифлашиши ва бунинг оқибатида даромадларнинг камайиши туфайли Россияни тарк этиши мумкин. Бу ҳақда Москвадаги ўзбек диаспораси етакчиси Баҳром Исмоилов башорат қилди, деб ёзди «Ведомости». 

Ўзбек диаспораси вакиллари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 50 фоизи доллар курсининг ўсиши туфайли Россияни тарк этиш ҳақида ўйламоқда, 25 фоизи буни режалаштирмаган, 25 фоизи эса ҳали ўйлаб кўрмаган. Онлайн сўровда жами 23 мингга яқин киши иштирок этган. 

Июнь охиридан бошлаб рубль асосий хорижий валюталарга нисбатан заифлаша бошлади. 14 август куни Москва биржасидаги савдолар чоғида 2022 йил март ойи охиридан бери биринчи марта доллар курси 101 рублдан, евро 110 рублдан ошди. 15 август куни Россия банки асосий ставка масаласи бўйича Директорлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини эълон қилганидан сўнг, рубль мустаҳкамлана бошлади. 

Исмоилов сўзларига кўра, доллар курсининг ўсиши туфайли чет эл фуқароларининг Россиядаги даромадлари пасайиб, ватанидаги даромадларига тобора кўпроқ яқинлашмоқда. Унинг фикрича, меҳнат мигрантларининг чиқиб кетиши, биринчи навбатда, энг кам ҳақ тўланадиган соҳаларда - чакана савдо, умумий овқатланиш, тозалаш, етказиб бериш хизмати, қишлоқ хўжалиги ва бошқаларда кузатилиши мумкин.

2021 йилда Россиядаги меҳнат мигрантларининг ўртача маоши 47,1 минг рублни ташкил этди, бу ҳақда Москва давлат университети ва Россия мигрантлари федерацияси жамоат ташкилоти экспертлари тадқиқоти маълум қилди. Ўша пайтда энг юқори маош қурилиш ва таъмирлашда ишлаган мигрантлар орасида қайд этилган - 54 минг рубль, энг пасти - қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар орасида - 37 минг рубль. Маошлар бўйича 2022 йил кўрсаткичлари маълум эмас. 

Бироқ, ҳамма ҳам Россияни тарк этиш имкониятига эга эмас. Миграция масалалари бўйича эксперт Вадим Коженов «Ведомости» нашрига берган интервьюсида Россияга мигрантларнинг барчаси фақат пул топиш учун келмаслигини айтди. 

«Кўп одамлар умуман бошқача ҳаёт кечириш учун келишади», деди Коженов. 

Унинг фикрича, рублнинг заифлашиши туфайли ҳақиқатан ҳам хорижлик ишчи кучи чиқиб кетиши мумкин, аммо бу Россияда меҳнат қилаётган мигрантларнинг 10 фоизидан ошмайди. 

Россия Меҳнат вазирлиги, Бутунроссия меҳнатни муҳофаза қилиш ва иқтисодиёт илмий-тадқиқот институти маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб, Россияда меҳнат мигрантларига бўлган эҳтиёж йиллик 3,5 миллион кишини ташкил этиши мумкин. 

Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, хорижий ишчиларга бўлган талаб асосан чакана савдо, транспорт, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида юқори. 

Мавзуга оид