Жаҳон | 18:06 / 16.08.2023
25486
13 дақиқада ўқилади

АҚШ ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: собиқ МРБ ходими нега Москвага қочиб келганди?

1985 йил ёз фасли. СССРнинг Финландия пойтахти Хелсинки шаҳрида жойлашган элчихонасига америкалик шахс сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилади. Бир неча кун ўтгач КГБга таниш бўлган бу одам Москвага юборилади. Мазкур шахс совет жосуслари билан ҳамкорлик қилганликда гумонланиб АҚШда қидирувга берилган Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими эди.

2002 йил 12 июл. Москва яқинидаги далаҳовлилардан бирида сайр қилиб юрган эркакнинг оёғи тойиб йиқилади ва боши тошга урилади. Оқибатда у оғир тан жароҳати олиб вафот этади.

Эркакнинг жасадини орадан бир кун ўтиб топиб олишади ва жасадини куйдириб, қабристонлардан бирига дафн этишади. Унинг қабр тошига «Ҳурматли Эдвард Яновичга дўстларидан» деб ёзиб қўйишади.

Мазкур шахс 1985 йилда АҚШдан СССРга қочиб келган собиқ МРБ ходими Эдвард Ли Ҳовард эди. У КГБ билан ҳамкорлик қилгани учун АҚШда шубҳа остига олинган ва охир-оқибат Москвага қочган эди.

АҚШ ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари тарихига назар ташланса, КГБ ҳамда совет ташқи разведка бошқармаси ходимларидан жуда кўпчилиги Ғарб давлатларига қочиб ўтганини кўриш мумкин.

Уларнинг аксарияти АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ёки Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, аксинча Британия ёки АҚШ хавфсизлик хизмати ходимларидан айримлари советлар фойдасига ишлаган.

КГБ жосусларининг Ғарбга қочиб ўтишларига айрим ҳолларда пул, бошқасида СССРда зўравонлик ва маъмурий буйруқбозлик устига қурилган тузум сабаб бўлган. Ғарбга қочиб кетган жуда кўп КГБ ходимлари совет иттифоқидаги адолатсиз ва зўравон тузумда яшашни хоҳлашмаганини айтишган.

Уларнинг айримлари хизматлари қадрланмаганини сабаб қилиб кўрсатган. Ёки ноҳақ жабр кўргани учун аламзада бўлишган ва Ғарбга қочиб ўтишган.

Бироқ шундай бўлса-да МРБ ёки Британиянинг МИ хавфсизлик хизмати фойдасига ишлаган жосусларга, Ғарбга қочиб бориб кўплаб махфий маълумотларни ошкор қилган КГБ ходимларига жуда катта миқдорда мукофот пуллари тўланган.

Шунингдек, Ғарб давлатларида эркин жамият ва юқори маош тўланганига қарамасдан айрим ҳолларда СССР фойдасига жосуслик қилган шахслар ҳам учраб турган.

Уларнинг айримлари советларнинг «бутун дунёни тенг қилиш» ҳақидаги пуч ғоясига учган бўлса, бошқалари ўз давлатида жабр чеккани учун аламзада бўлгани учун шу йўлни танлаган. Ана шулардан бири собиқ МРБ ходими Эдвард Ли Ҳовард эди.

Ҳовард хотини билан бирга МРБда ишлаб юрганида ундан гиёҳванд моддалар истеъмол қилишда шубҳаланишади ва ишдан бўшатишади.

Шундан сўнг у аламзада бўлиб қолади ва КГБ жосуслари билан ҳамкорлик қила бошлайди. МРБдагилар ундан шубҳалана бошлашгач, Финландия орқали СССРга қочиб келади.

Эдвард Ли Ҳовард, 1990 йилларнинг иккинчи ярми.

Ҳарбий бўлишни орзу қилган йигит

Эдвард Ли Ҳовард 1951 йилда Нью-Мексико штатидаги Аламагордо шаҳрида туғилади. 1945 йилда бу шаҳар яқинидаги полигонда дунёдаги биринчи атом бомба синови ўтказилган ва Аламагордо шу билан машҳур.

Ҳоварднинг отаси ракета қуроллари бўйича мутахассис эди ва ўғлининг ҳарбий бўлишини орзу қиларди. Бироқ унга ҳарбий бўлиш насиб қилмайди.

1972 йилда Ҳовард Техас университетини тугатгач, бир муддат хусусий компанияда ишлайди. Сўнг «Тинчлик» корпуси»га ишга ўтади ва Колумбияга кетади. Бу корпусда ишлайдиганлар асосан хорижий мамлакатларда инглиз тили ва бошқа фанлардан дарс беришарди.

Ҳовард бўлажак хотинини Колумбияда учратади ва унга уйланади. Аёл ҳам «Тинчлик корпуси» дастури бўйича ишларди. Кўп ўтмай у Перуда бизнес бошқаруви бўйича дарс бера бошлайди.

1979 йилда Ҳовард Марказий разведка бошқармасига ишга кириш учун ҳужжатларини топширади. Орадан бир йил ўтгач, 1980 йилда ташкилотдан алоқага чиқишади ва уни ишга таклиф этишади. Ҳовард 18 ой давомида МРБнинг Кэмп-Пиридаги ўқув марказида тайёргарликдан ўтади.

1981 йилда Ҳовард МРБга расман ишга олинади. У ташкилотнинг СССР ва Шарқий Европа бўйича бўлимида ишлай бошлайди. Кўп ўтмай махсус тайёргарликдан муваффақиятли ўтган хотини Мэри ҳам МРБда иш бошлайди.

Кўп ўтмай Ҳовард ва унинг хотинини СССРга АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ходими ниқоби остида ишга юборишга тайёрлай бошлашади. Бироқ сўнгги синовлар ўтказилаётганда МРБдагилар Ҳоварднинг гиёҳванд моддаларга ружу қўйганини сезиб қолишади.

Орадан бироз ўтиб парвозлардан бирида у ёнида ўтириб кетаётган аёлнинг ҳамёнини ўғирлашга урингани ҳам аниқланади. Шундан сўнг, 1983 йилда Ҳовард ва унинг хотинини ишдан бўшатишади. Ҳовард ва унинг хотини МРБда икки йилдан сал кўпроқ муддат ишлашади холос.

МРБдагилар собиқ ходимни ташлаб қўйишмайди. Уни Нью-Мексико штатидаги Санта-Фе шаҳри қонунчилик палатасига иқтисодий таҳлилчи вазифасига жойлаб қўйишади.

Эдвард Ли Ҳовард 1990-йиллар ўрталарида

Бироқ Ҳовард ўзини МРБдан ноҳақ бўшатишган деб ҳисобларди. Шу сабабли у спиртли ичимликларга ружу қўяди. 1984 йил февралда у маст бўлиб жанжал келтириб чиқаради ва ўқотар қуролдан ўқ узади. Тасодиф туфайли ҳеч ким жабрланмайди. Ҳовард дарҳол ҳибсга олинади.

МРБ яна собиқ ходимига ёрдамга келади ва ташкилотнинг аралашуви билан Ҳовардни қўйиб юборишади. Судда унга беш йиллик шартли жазо беришади ва руҳий касалликлар шифохонасида мажбуран даволанишни белгилашади. Бироқ у шунда ҳам ақлини йиғиб олмайди ва МРБдагилардан аламзада бўлиб қолаверади.

1984 йилда Ҳовард «дам олиб, чалғиб келиш» баҳонасида Европага отланади. У бир нечта давлатларда бўлиб, АҚШга қайтади. Шу орада Ҳовард КГБнинг АҚШдаги жосуслари билан алоқа боғлайди ва уларга ўзи билган махфий маълумотларни етказа бошлайди.

Унинг КГБ жосуслари билан қандай алоқа ўрнатгани ҳақида турли тахминлар бор. Улардан бирига кўра, Ҳовард КГБ жосуслари билан алоқани 1984 йилда Австрия пойтахти Вена шаҳрига келганда ўрнатган.

Ҳовард КГБ билан ҳамкорлик қила бошлагач энг аввал МРБ билан ҳамкорлик қилаётган совет жосусларини сотади. Бироқ унда аниқ исм-шарифлар йўқ эди.

Шундай бўлса ҳам КГБ Ҳоварднинг маълумотлари туфайли МРБ билан ҳамкорлик қилаётган бир қанча совет жосусларини фош этишга муваффақ бўлади. МРБга махфий маълумотларни етказиб келган таниқли муҳандис Адолф Толкачёв Ҳовард туфайли фош бўлади.

Ҳовард советлар билан ҳамкорлик қилар экан, КГБ генерали Олег Калугин билан учрашади (Кўп ўтмай бу одам АҚШга қочиб кетади). Унинг фаолиятини кейинчалик КГБ раҳбари бўлган (1988 йилда) Владимир Крючков мувофиқлаштириб туради.

Эдвард Ли Ҳовард, 1990-йилларнинг иккинчи ярмида / Фото: Getty images

1985 йилда КГБ ходими Виталий Юрченко Рим шаҳридаги АҚШ элчихонаси орқали океан ортига қочиб кетади. У АҚШга етиб боргач икки нафар МРБ зобити КГБ билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилади. Зобитларнинг исм-шарифини Юрченко билмасди.

Шундан сўнг МРБдагилар Ҳовард ва Роналде Пелтоне исм-шарифли ходимдан шубҳалана бошлашади. Кўп ўтмай уларнинг иккаласини сўроққа чақиришади.

Сўроқ давомида Пелтоне айбини тан олади, Ҳовард эса тан олмайди. Етарли далиллар бўлмагани учун уни қўйиб юборишади. Бироқ МРБ ходимлари Ҳовардни доимий кузатув остига олишади.

СССРга қочиш

Ҳовард АҚШда кузатув остида яшар экан, КГБ билан ҳамкорлиги бир кун келиб фош бўлишини биларди. Шу сабабли у СССРга қочиб кетишга қарор қилади. Бироқ МРБ ходимларининг доимий кузатуви туфайли бу осон эмасди.

Ана шундай пайтда Ҳовардга хотини ёрдам беради. Аёл манекен сотиб олиб, уни Ҳовард билан бир хил тарзда кийинтиради ва машинасига жойлаб қўяди.

Бир кун кечки пайт эр-хотин уйга қайтишаётганда қоронғи жойда Ҳовард машинадан сакраб тушиб қолади. Аёл эса манекенни унинг ўрнига ўтқазиб қўяди ва шу тариқа ўзларини кузатиб келаётган МРБ ходимларини чалғитади.

Ҳовард Нью-Йорк – Хелсинки қатнови бўйича учадиган самолётга билет олади ва Финландияга учади. Хелсинкига етиб келгач у совет элчихонасига боради ва сиёсий бошпана сўрайди. Бу пайтда эса унга АҚШда қидирув эълон қилинганди.

МРБ томонидан Эдвард Ли Ҳовардга қидирув эълон қилинади

Ҳовард бир неча ой элчихонада яшагач элчихонадагилар уни совет-фин чегарасидан ўтказиб юборишади ва шу тариқа Ҳовард Москвага етиб олади. Ўша пайтда у бор-йўғи 33 ёшда бўлган.

Ҳоварднинг СССРга қочиб кетиши МРБ учун бироз муаммоларни келтириб чиқаради. Ташкилот СССРдан ўзининг тўрт нафар ходимини чақириб олишга мажбур бўлади.

Жумладан, элчининг «котиби» Адолф Толкачёвдан маълумот олиб турган Пол М. Стромбаух, элчининг яна бир котиби Майкл Селлерс, ҳарбий атташе Эрик Сайтс ва яна бир ходим СССРдан чиқиб кетишга мажбур бўлишади.

Ҳовард Москвада яшар экан, у КГБга ортиқ керак эмасди. Шу сабабли собиқ МРБ ходими СССРда эркин юради (КГБ кузатуви остида), социалистик лагерга кирувчи давлатларга боради. Жумладан, 1987 йилда Ҳовард Венгрияга борганда ҳатто америкалик журналистга интервью беради.

1991 йилда СССР парчаланиб кетгач Россия оғир иқтисодий инқироз ёқасида қолади. Шунда америкаликлар Россияга иқтисодий ёрдам эвазига Ҳовардни сўрашади. Бироқ рад жавобини олишади. Чунки Ҳовард Венгрияга қочиб кетганди.

Ҳодиса аслида бундай бўлганди. 1991 йил августда СССР парчаланиб кетади. Ўша йили ноябрда кутилмаганда «Вашингтон Пост» мухбири Ҳоварднинг квартирасини топиб келади.

Мухбир Ҳоварддан интервью беришини сўрайди, у рад этади. Шунда мухбир Ҳовардга эҳтиёт бўлишини, АҚШдагилар иқтисодий ёрдам эвазига Россиядан уни сўрашаётганини айтади. Шундан сўнг Ҳовард Москвадан Будапештга қочиб кетади. Бироқ кўп ўтмай АҚШнинг босими билан уни Венгриядан чиқариб юборишади.

Эдвард Ли Ҳовард кафелардан бирида, 1990 йиллар охири (Чапдан биринчи)

Шунда Ҳовард Россияга эмас, Швецияга боради. Икки йил бу ерда яшагач уни жосусликда гумон қилиб Швециядан ҳам чиқариб юборишади. Бошқа Россияга қайтариб юборишмайди.

Ҳовард бошқа давлатларга бора олмасди, АҚШга топшириб юборишлари мумкин эди. Шу сабабли мажбур бўлиб яна Москвага қайтиб келади.

Иқрор ва ўлим

1995 йилда Ҳоварднинг «Хавфсиз уй» («Safe House») деб номланган эсдаликлари чоп этилади.

У асарида ҳақиқатан АҚШга хиёнат қилганини ва айбини тан олишини ёзади. Бундан ташқари, Москвага кўчиб келганидан сўнг КГБга, СССР парчаланиб кетгач ФСБга ишламагани, 1989-90 йилларда совет иттифоқида ўзгаришлар бўлгач турли фирма ва компанияларда муваффақиятли ишлагани ҳақида ҳикоя қилиб беради.

Ҳоварднинг асарини ўқиганлар унда айтарли янги гап йўқлигини, муаллиф омма аллақачон билиб бўлган ҳодисаларни ёзганини айтишган.

Ҳовард Москвада ҳашаматли квартирада яшайди. Шунингдек, тез-тез Жуковкадаги далаҳовлига чиқиб туради. Квартира ва далаҳовли у СССРга қочиб келган пайтда берилганди.

2002 йилда Россия ОАВларида Ҳоварднинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалади. Уларда собиқ МРБ ходими ўзига тегишли бўлган далаҳовлида йиқилиб бўйнини синдиргани ва оғир жароҳат олиб вафот этгани ёзилганди.

Кўп ўтмай унинг ўлими тафсилотлари эълон қилинади. Унга кўра, Ҳовард ўша куни далаҳовлисида жуда қаттиқ маст ҳолда бўлган ва йиқилган. Оқибатда оғир жароҳат олиб, вафот этган. Унинг жасадини ўлгандан бир сутка ўтиб топишган.

Эдвард Ли Ҳовард Москва кўчаларидан бири, 1990 йилларнинг иккинчи ярмида / Фото: Getty images

Кейинчалик Ҳоварднинг ўлими ҳақида турли гап-сўзлар тарқалади. Улардан бирида Ҳовардни ФСБ ходимлари ўлдиргани ва «далаҳовлида йиқилиб жароҳат олиши» ўйлаб топилгани ҳақида айтилади.

Бошқасида эса Ҳовардни МРБ ходимлари бир пайтлар қилган сотқинлиги учун ўлдиргани ва шу тариқа ундан ўч олгани ҳақида гап-сўзлар тарқайди.

Шу тариқа собиқ МРБ ходими 51 ёшида шубҳали тарзда вафот этади. Бироқ на ФСБ, на МРБ Ҳоварднинг ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид