Ўзбекистон | 15:31 / 18.08.2023
10447
2 дақиқада ўқилади

Ачаря университетига лицензия берилмаган – вазирлик

Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашгани айтилган Ачаря университети олий таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензияга эга эмас. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги абитуриентларга вазирлик расмий сайтидаги рўйхатда бўлган олийгоҳларга ҳужжат топширишни тавсия қилди.

Ижтимоий тармоқларда Ачаря университетига қабул бўлиб ўтаётгани ҳақидаги хабарлар бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, Ачаря хусусий таълим муассасасига олий таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензия берилмаган. Бу олийгоҳ лицензия олгандан кейингина таълим фаолиятини олиб бориши мумкинлиги айтилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, ОТФИВ абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига фақатгина вазирликнинг edu.uz расмий сайтида кўрсатилган давлат, нодавлат ва хорижий олийгоҳлар рўйхатидаги олий ўқув юртларини танлашлари тавсия қилган.

Маълумот учун, вазирлик 2023 йилнинг феврал ойидан бери бирорта нодавлат олий таълим муассасасига лицензия бергани йўқ. Вазирлик бунга сабаб қилиб лицензия беришга оид ҳужжатнинг қайта ишлаб чиқилаётганини кўрсатиб келяпти.

Вазирлик ўзи берган баёнотга ўзгартириш киритган ва мазкур олий таълим муассасаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ташкил этилганини билдириб, ОТМ тегишли тартибда лицензия олганидан сўнг фаолиятини амалга ошириши белгиланганини эслатган.

Мавзуга оид