Ўзбекистон | 22:31 / 18.08.2023
19143
3 дақиқада ўқилади

Санэпидқўмита қора ўлат Ўзбекистонга хавф солмаётганини маълум қилди 

Керакли профилактик тадбирлар олиб борилмоқда, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, деб ҳисобламоқда ташкилот. 

Фото: AFP/Getty Images

14 август куни Хитой ва Мўғулистонда қора ўлат касаллиги тарқалгани аниқланди. Аммо унинг Ўзбекистонда тарқалиш хавфи йўқ, деб хабар берди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси.  

Қайд қилинишича, қора ўлат энг даҳшатли касалликлардан бири ҳисобланади ва инсоният тарихида юз берган учта пандемия юзлаб миллион одамлар ҳаётига зомин бўлган. 

Қора ўлат – табиий ўчоқли зооноз касалликлар гуруҳига мансуб инфекция бўлиб, ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Қора ўлат, одатда табиий ўчоқдаги касаллик микробини юқтириб олган кемирувчилар орасида тарқалади. Касал бурга ва кана чақиши орқали ҳайвонлар орасида тарқалади. Бунга эпизоотия жараёни дейилади.  

Эпизоотия кечаётган худудларда мунтазам яшайдиган маҳаллий аҳоли ёки мавсумий ишлайдиган одамларга касаллик бурга ва кана чақиши орқали юқади. Бунда асосан ўлатнинг бубонли шакли (бубон – ўлат микроби зарарлаган ва шишган лимфа тугуни) кузатилади. Бубон шаклидаги ўлат ҳозирда 95-98 фоизни ташкил қилади. Касаллик вақтида аниқланиб замонавий даволаш чоралари ўз вақтида ўтказилганда деярли барча ҳолларда беморлар тузалиб кетади. 

Агар ўлат микроби ҳаво орқали юқса ўпка шакли, оғиздан юқса ошқозон-ичак шаклида кечади. Вақтида даволанмаган беморларда микроб қонда кўпайиши орқали сепсис шаклида оғир кечиб, ўлимга сабаб бўлади. 

Касаллик оғир интоксикация синдроми, иситма, терининг, лимфа тугунларининг, ўпканинг шикастланиши, септик ҳолат билан тавсифланади.  

Қўмитанинг хабарига кўра, Ўзбекистонда мавжуд табиий ўчоқларда эпизоотияларни вақтида аниқлаб, уларни эпидемияга айланиб кетмаслигининг олдини олиш билан мунтазам, тизимли равишда шуғулланадиган ўлатга қарши муассасалар бўлиб, улар ўчоқлар фаоллашган пайтда керакли профилактик тадбирни олиб боради.

Қўмитанинг таъкидлашича, касалликнинг ҳаво йўллари ва қуруқликдаги йўллар орқали чет элдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида элликдан ортиқ чегара пунктларида кеча-ю кундуз фаолият олиб борувчи санитария-карантин пунктлари ташкил этилган. Шу сабабли, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.

Мавзуга оид