Жаҳон | 20:02 / 20.08.2023
59794
7 дақиқада ўқилади

Киев уч кунда олинмагани ва Путин билан урушдан олдинги суҳбат ҳақида. Лукашенко украин журналистга интервю берди

Александр Лукашенко украиналик кремлпараст журналист Диана Панченкога интервю берди. Икки соатга яқин давом этган суҳбатда Лукашенко асосан россиялик ҳамкасби Путин ҳақида гапирган.

Фото: Belta.by

Диана Панченко узоқ вақт Путиннинг Украинадаги одами Виктор Медведчукка тегишли телеканалларда ишлаган ва бутун фаолияти давомида асосан Россия тарғиботи билан шуғулланган. Украина хавфсизлик хизмати Панченкони бу интервюси орқали Россиянинг Украинага нисбатан агрессиясини оқлаб чиқишда айблади. Қуйида Лукашенконинг суҳбатдаги баъзи иқтибослар келтирилади.

Россия Украинага Беларус орқали бостириб кирганини тан олди

Ҳа, баъзи қисмлар Украина чегарасини Беларус орқали босиб ўтишди. Яқинда бу саволга жавоб берар эканман, шундай дегандим: нега Россия Украина ва Беларус чегарасини Чернобил райони орқали босиб ўтганини Зеленскийдан сўранг.

Бизни уруш бошланишига алоқадорликда айблашди. Йўқ, уруш бошланиб бўлганди. Аммо уни украиналиклар Беларусга қарши бошлашганди. Аввало, иқтисодий уруш орқали. Нега Путин Киев орқали қўшинларни Узоқ Шарққа олиб кетганини ҳам Зеленскийдан сўранг, у тезроқ жавоб беради. Агар мени Путин Киев орқали Владивостокка боришида айбласангиз, буни Путиндан сўрашингиз мумкин.

Путин босқинга қарор қилганини қачон билганди?

Сиз унинг телевизор орқали мурожаатини кўрган бўлсангиз керак, мен ҳам кўрдим. У билан ҳарбий ҳаракатлар, уруш бошланиши ҳақида умуман гаплашмаганман. Россия Украинада нимадир қилиши ҳақида ҳеч қачон гаплашмаганимизга қасам ичишим ҳам мумкин.

Фақат ҳаммаси бошланишидан бир неча кун аввал унинг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳида кўришиб, воқеалар ривожи ҳақида гаплашганмиз. Бу ҳақда биринчи марта гапиряпман. У «Саша, биласанми, мана шунақа вазият, Худо кўрсатмасин нимадир бўлса, унутма, биз иттифоқчилармиз», деди. Мен ҳайрон қолдим-да, иттифоқчилик ҳақида келишувларимизни ҳамма билишини айтдим. Шунда Путин «Нимадир бўлса, ёнимда тур, илтимос», деди. «Нима бўлади?» деб сўрадим. У эса «Ҳамма нарса бўлиши мумкин», деди.

Махсус амалиёт бошлангач, Беларус бунга аралашмаслигини айтдим. Лекин биз Россияга орқадан зарба бермаслигимиз аниқ ва бу Путиннинг илтимоси билан боғлиқ эди. У катта эҳтимол билан Ғарб орқадан зарба беришидан ҳайиққан.

Киев уч кунда қулашини айтгани ҳақида

Бу образли қилиб айтилган гап, Россия Киевни қисқа вақтда олади деган маънода айтгандим. Биласизми, Киев атрофидаги Гостомелда бир-икки ой давомида Россия ҳарбийлари турганди. Бу ҳақда Путин билан гаплашганмиз ҳам. Мен урушни якунлаш учун пойтахтни олиш кераклигини айтдим. У эса буни қисқа вақтда қила олиши, лекин оқибатда жуда кўп одам ҳалок бўлиши мумкинлигини айтди.

Кейин Россия у ердан (Киевдан) кетди. Ҳа, ўзи чиқиб кетди. Ҳеч қанақа Зеленский уларни сиқиб чиқаргани йўқ, унда айтарли қўшин ҳам йўқ эди. Шундай экан, у мавжуд бўлмаган муваффақиятни қўшиб ёзиб хато қиляпти. Путин рус қўшинларини Киевдан олиб кетганда Зеленский ертўлада ўтирганди.

Путиннинг мақсади нима?

У билан айнан бу ҳақда гаплашмаганман, лекин бу борада ўз фикримни айтишга журъат қила оламан. Махсус ҳарбий амалиёт (Россияда урушни шундай аташади) мақсадлари бугунги кунга келиб бажариб бўлинди. Шуниси аниқки, Украина энди Россияга қарши урушдан аввал бўлгани каби агрессив муносабатда бўла олмайди.

Путин билан охирги суҳбатларимизда у икки славян миллати – руслар ва украинлар тўқнашгани яхши иш бўлмаганини айтди. «Ахир у ерда ҳеч ким Украинани бўйсундириш, қул қилиш, мустақиллигидан маҳрум қилиш ҳақида ўйламаганди-ку. Бу бизга керак эмасди. Аммо бизга муаммо туғдирмасликлари учун ўзимизни муносиб тарзда тутишимиз керак эди», деб қўшимча қилди.

Беларус урушга қўшиладими?

Агар украиналиклар бизнинг чегарани босиб ўтмаса, биз бу урушда қатнашмаймиз. Яъни қайноқ урушга кирмаймиз. Лекин Россияга ёрдам беришда давом этамиз. Ахир бу бизнинг иттифоқчимиз. Бизнинг ҳудудимиздаги ядро қуроли ҳам табиийки бизга қарши агрессия бўлмаса, ишлатилмайди. Агар Беларусга нисбатан агрессия бўлса, бизга ҳужум қилишса, кутиб ўтирмаймиз ҳам. Буни тўхтатиш учун бор қуролимизни ишга соламиз.

«Вагнер» исёнидан кейин Путин кучсизландими?

Путин аввалгидай эмас, дейишаётгани ҳақида гапирадиган бўлсам, у аллақачон аввалгидай эмас. Ҳозир у Путиннинг квадратга кўпайтирилган даражаси. Охирги воқеалар барчамизга сабоқ бўлди, унга ҳам. Ҳа, Путин ортиқ аввалгидай эмас. Билиб қўйишингиз учун айтаман, ҳозир у янада донороқ ва айёрроқ.

Пригожиннинг исёнидан кейин Путин кучсизланди деган гап қуруқ сафсата. Шунчаки у диққатни жамлаб ҳаракат қилмоқда. Бизнинг душманларимиз билиб қўйсин, Путинни ҳеч ким ағдара олмайди. Менимча, Россиянинг кейинги президенти ҳам Путин бўлади. Ярим йилдан кейин сайлов, Россияда Путинга рақиб бўладиган одам йўқ.

«Вагнер» исёни уни Беларусга киритиш учун саҳналаштирилган ўйин бўлганми?

Фақат аҳмоқ одамлар буни ташкиллаштирилган деб ўйлаши мумкин. Ҳеч қандай саҳналаштириш бўлгани йўқ, ахир шунақа катта зарар эвазига нимадир ташкиллаштириладими? Бу ерга келишни вагнерчиларнинг ўзи ҳам, россияликлар ҳам, Путин ҳам хоҳлагани йўқ, буни мен таклиф қилдим. Ўша вақтда исённи, бу ёнғинни тўхтатиш учун ҳар қандай ҳаракатни қилиш керак эди-да. Чунки исён амалга ошса, ҳаммага қийин бўларди.

Ғарбдагилар, америкаликлар аввалига исёндан хурсанд бўлишди. Кейин эса ўзларига келиб бу вариант содир бўлмаганидан қувонишди. Нега? Чунки улар аввало ядро қуролидан хавотирга тушишди. У кимнинг қўлига тушиб қолиши мумкин: «Вагнер»нингми? Женя Пригожиннингми? Хуллас, кўп нарса бўлиб кетиши мумкин эди.

«Путиннинг тагида ётмагани ҳақида»

Дунё ҳақида гаплашганда биз турли фикрлар билдирамиз. Ғарбда «Лукашенко Путиннинг тагида ётади», «У нима деса қилади», деб уқтирмоқчи бўлишади. Мени яхши биладиганлар эса бунинг деярли имкони йўқлигини тушунади. Менинг характерим, қарашларим билан бу имконсиз нарса. У билан суҳбатларимиз вақтида қизишиб кетган вақтларимиз ҳам бўлган.

«Путин ақлдан озмагани» ҳақида

Путин ақлдан озмаган, бунга 100 фоиз кафилман. Нима деяётганимни тушуниб турибман. Унда императорлик хаёллари борлигини ҳам сезмаганман. Тажрибали ва ақлли инсон сифатида воқеаларни таҳлил қилиб олдинга қарайди. У шошмашошарлик билан ҳеч нима қилмайди. Бир қадам ташлагандан кейин ортга қарайди-да, узоқ ўйлайди, кейинги қадамни ташлаш мумкинми деб чамалайди. Аниғи шуки, у ҳеч кимни ўзига бўйсундириб қўймаган, сафсата бу.

Мавзуга оид