Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2022 йилда Украинадаги Россия қўшинларига қўмондонлик қилган генерал Жидко вафот этди
Москвада генерал-полковник Геннадий Жидко 58 ёшида вафот этди. У маълум вақт давомида Россиянинг Украинадаги қўшинлари гуруҳига қўмондонлик қилганди. У Сирдарё вилоятида туғилган, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини битирганди.
16 август куни Россия қаҳрамони, генерал-полковник Геннадий Жидко узоқ давом этган касалликдан сўнг Москвада вафот этди. Бу ҳақда Хабаровск ўлкаси губернатори Михаил Дегтярев маълум қилди.
Россиянинг Украинага босқини бошлангач ва дастлабки босқичдаги муваффақиятсизликлардан кейин РФ раҳбарияти масъул қўмондонларни лавозимлардан четлата бошлайди, аммо бу ҳақда ҳар доим ҳам оммага эълон қилинмайди. Conflict Intelligence Team маълумотига кўра, 2022 йил апрелида Украинадаги рус қўшинлари қўмондонлиги генерал Александр Дворниковга топширилади, май ойи охирига келиб эса қўмондонлик Жидкога ўтади.
Жидко Украинадаги Россия гуруҳини қанча вақт бошқаргани аниқ эмас. BBC рус хизмати ёзишича, уни 2022 йил июлидаёқ лавозимдан олишган, аммо унинг ўрнини ким эгаллагани бўйича аниқлик киритилмаган. РФ мудофаа вазирлиги янги қўмондон номини фақат октябр ойига келиб эълон қилади — ўшанда генерал Сергей Суровикин бу лавозимни эгаллаганди.
Шунга кўра тахмин қилиш мумкинки, Суровикин тайинлангунига қадар Украинадаги Россия қўшинлари гуруҳига Жидко қўмондонлик қилишда давом этган. Бу вақт ичида — ёз бошидан куз бошига қадар — Россия армияси қатор йирик мағлубиятларга учрайди. Хусусан, 2022 йил сентябрида деярли бутун Харкив области бой берилади, шунингдек Херсондаги вазият кескин ёмонлашади, ноябр ойига келиб Россия қўшини шаҳарни тарк этади, бу вақтда қўшинлар Суровикин бошқарувига ўтганди. Шундан кейин Жидко қандайдир янги лавозимга тайинлангани ҳақида хабар берилмаган.
Ғарб мамлакатлари Россиянинг Украинага босқинидан кейин Геннадий Жидкони санкциялар рўйхатига киритишган.
Геннадий Жидко 1965 йил 12 сентябрида ўша вақтда Ўзбекистон ССР таркибида бўлган Сирдарё вилоятининг Ильичёвский райони (ҳозирги Сардоба тумани) Янгиобод қишлоғида туғилган.
У 1987 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини битирган, армияда взвод командирлигидан дивизия командирлигигача йўлни босиб ўтган.
Жидко Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётида иштирок этган, 2016 йилда РФ қуролли кучларининг Суриядаги гуруҳи штаби бошлиғи этиб тайинланган.
У дастлаб 2018 йилда Шарқий-ҳарбий округ қўшинлари қўмондони этиб тайинланганди. 2021 йилда Жидко мудофаа вазири ўринбосарига айланади, 2022 йилда — яна Шарқий-ҳарбий округ қўшинлари қўмондони лавозимига қайтганди.
Мавзуга оид
18:44 / 14.06.2026
Украина дронлари Россиянинг камида 14 регионига ҳужум қилди
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026