Ўзбекистон | 13:36 / 22.08.2023
6592
3 дақиқада ўқилади

Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутасаддиси давлат манфаатларига жуда катта зарар етказгани аниқланди

Мутасадди ноқонуний тарзда Дегрез сув омборидан сув чиқариб юборган. Оқибатда балиқ етиштирувчи МЧЖ ҳамда сув омборига кириш қисми ва шаршарасига катта миқдорда зарар етган.

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида фаолият юритувчи “Oltinsoy Golden Invest” МЧЖ раҳбари боқаётган балиқлари нобуд бўлгани ҳақида мурожаат йўллаган. Унинг мурожаати вилоят прокуратураси томонидан ўрганилган.

Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари А.Х.нинг топшириғи билан 2023 йил 18 июндан 2023 йил 26 июнгача Дегрез сув омборидан 2 млн 970 минг куб сув Пўстин каналига чиқариб юборилган.

Оқибатда балиқлар нобуд бўлиб, 2019 йилдан буён қонуний тарзда ишлаб келаётган МЧЖ манфаатлари ва ҳайвонот дунёсига 50 млн 688 минг сўм зарар етказилган.

Бундан ташқари, А.Х.нинг топшириғи билан Олтинсой-Ҳазарбоғ каналидан Пўстин каналига 2023 йил 6 майда секундига 12 метр куб сув очилган. Оқибатда “SURXON-TEXNO” МЧЖ томонидан 2023 йил апрель-май ойларида Дегрез сув омборига кириш қисми ва ундаги шаршарада амалга оширилган қурилишнинг бетон қисми қотмагани боис қурилиш объектини сув ювиб, яроқсиз ҳолатга келтирган.

Шунингдек, “SURXON-TEXNO” МЧЖ томонидан мазкур объектда 2023 йил май ойида қайта қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шунда бетоннинг лойиҳавий русумига жавоб берувчи қотиш муддати камида 28 кунни ташкил этса-да, А.Х. нинг топшириғи билан 2023 йил 5 июн кунида яна Пўстин каналига секундига 11 метр куб сув очилган. Оқибатда, ҳали яхши қотмаган бетонни сув ювиб кетиб, объектни бутунлай яроқсиз ҳолатга келтирган.

Юқоридаги иккита ҳолатда Пўстин каналига сув очилиб, “SURXON-TEXNO” МЧЖ томонидан Дегрез сув омборига кириш қисми ва ундаги шаршарада қайта 206 млн 66 минг 235 сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Шу билан бирга, А.Х. мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, сувни очиш ҳақида ноқонуний топшириқлар бергани оқибатида Дегрез сув омборига кириш қисми ва ундаги шаршарадаги қурилиш-таъмирлаш ишларининг якунига етиш муддати сунъий равишда ошиб кетиб, сув омборига етарли сув захираси йиғилмаган.

Оқибатда, 2023 йилда Шўрчи тумани Мустақиллик-10 ҳудудида 155 гектар, Далварзин ҳудудида 130 гектар, Ижтимоий ҳудудида 95 гектар, Ялти ҳудудида 23 гектар, жами 403 гектар ер майдонига режалаштирилган такрорий экинларни экиш имкони бўлмасдан, давлат манфаатларига жиддий зиён етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2023 йил 19 августда Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари А.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 205-модда 2-қисми “а” банди ва 202-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши бўйича вилоят прокуратураси органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид