Жаҳон | 19:04 / 23.08.2023
24387
3 дақиқада ўқилади

«Викрам» Ой сиртига муваффақиятли қўнди: Ҳиндистон Ойга аппарат учирган тўртинчи давлатга айланди

Ҳиндистон Москва, Вашингтон ва Пекиннинг Ой триумвиратини синдирди: «Чандраян-3» миссияси элтган «Викрам» қўнувчи аппаратини Ернинг табиий йўлдошига муваффақиятли қўндириб, буни уддалаган тўртинчи давлатга айланди.

Чандраян 3 миссияси 2023 йил 14 июл куни Сатиш Дҳаван космик марказидан учирилган эди. Фото: ft.com

«Чандраян»дан бор-йўғи 100 км нарида қўниши лозим бўлган ва бир-икки кун аввал Ой сиртига бориб урилган русларнинг «Луна-25» аппаратидан фарқли ўлароқ, ҳиндларнинг миссияси имконияти аввалдан юқори баҳоланаётган эди.

Бир томондан, ҳануз Ойнинг жанубий қутбида ҳеч ким аппаратни муваффақиятли қўндира олмаган. Бошқа томондан, қўниш ҳиндларнинг Ой орбитасида бўлиб турган «Чандраян-2» аппарати ёрдами билан ўтказилган. Бу эса қўниш параметрларидан бири кутилмаганда сакраб кетса, ҳисобий траекторияга зарур ўзгартиришларни киритиш имконини берган.

Ой миссиясига омад тилаётган ҳиндистонлик болалар.

Оддийроқ қилиб тушунтирганда сўнгги онларда кутилмаганда нимадир рўй берса (одатда шундай бўлади), олимларда аппаратни барқарорлаштириб, қўнишни давом эттириш имконияти бор эди. 

Бу «Чандраян» — ҳиндларнинг учинчи учириши ва Ой сиртига қўниш учун иккинчи уриниш ва дастлабки муваффақият. Фото: skyandtelescope.org

Маълум қилинишича, аппаратлар ўртасида иккитомонлама алоқа ўрнатилган. Ой орбитасида турган биринчи «Чандраян» аллақачон Ой сиртига йўл олган учинчи аппаратга «Welcome, buddy!» («Хуш келибсан, оғайни!») деган сигнални жўнатган ва хабар олингани ҳақида тасдиқни ҳам қабул қилган.

Миссиянинг муваффақияти Ҳиндистонда аввалдан юқори баҳоланаётган эди. Айрим ресторанлар муваффақиятли қўнишни аввалдан нишонлашга чорлашган. Фото: EPA

Таркибига «Прагъян» Ойда юрувчи аппарати ҳам қўшилган қўниш миссиясининг фойдасига бир неча омиллар рол ўйнамоқда.

Ҳиндларникидан кейин учирилган ва Ойга улардан аввалроқ етиб боришни мақсад қилган русларнинг «Луна-25» миссиясидан фарқли ўлароқ, «Чандраян»да Ой орбитасини айланиб, табиий йўлдош сиртида қўниш учун мақбулроқ жой топиш учун вақт кўпроқ бўлди.

ЖАРда бўлиб турган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Ойга қўниш жараёнини онлайн кузатган.

Сешанба куни эрталаб, қўнишдан бир сутка аввал Ҳиндистон фан ва технологиялар вазир Жетендра Сингҳ тезлаштирилган видео жойлаштирди ва унда икки дақиқадан сал зиёдроқ вақтда учинчи «Чандраян»нинг таркибий қисмлари қурилишлари тарихи намойиш этиб берилган.

Мавзуга оид