Ўзбекистон | 18:23 / 24.08.2023
9046
3 дақиқада ўқилади

Геосиёсий вазият туфайли экспортчиларнинг харажатларини қоплашга яна 100 миллион доллар ажратилади

Ўзбекистон халқаро майдондаги геосиёсий вазият туфайли экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни давом эттиради. Ушбу мақсадларда логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар, сертификатлашга доир тадбирларга эса 25 миллион доллар ажратилади, дейди ИТИМ директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов. 

Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов Darakchi.uz нашрига берган интервьюсида юқори даромадга эга корхоналар ҳамда уларга яратилган шароитлар ҳақида айтиб ўтди.

Маълум бўлишича, бундай корхоналар “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига асосан қабул қилинган дастур асосида саралаб олинади. Мазкур корхоналарни саралаб олиш бўйича қуйидаги мезонлар белгиланган:

  • корхоналар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳамда камида сўнгги икки йил давомида фаолият юритаётган бўлиши;
  • охирги 12 ой мобайнида экспорт қилинган тайёр маҳсулот суммаси 1 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлиши;
  • умумий тушум ҳажмида экспортдан тушум улуши 30% дан юқори бўлиши;
  • экспортга чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар тури 2 тадан ортиқ бўлиши;
  • охирги 12 ой мобайнида экспорт географияси, қўшни давлатларни инобатга олмаган ҳолда, 2 та мамлакатдан ортиқ бўлиши;
  • охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмида муддати ўтган дебитор қарздорликнинг улуши 5% дан кам бўлиши керак.

Мутахассисга кўра, ушбу дастур доирасида 100 та етакчи экспортчи корхона танлаб олиниб, уларга кредит, солиқ, божхона бўйича алоҳида режим жорий қилинган.

“Умуман, экспортни қўллаб-қувватлаш ҳисобидан сўнгги тўрт йилда бундай корхоналар сони 4,5 мингтадан 7,2 мингтага кўпайди, четга сотилаётган маҳсулот турлари 1,5 мингтадан 3 мингтага ошиб, географияси 139 та мамлакатдан 164 тага кенгайди, ташқи бозорларга тайёр маҳсулот сотиш ҳажми 2 баробар, бунда товарлар экспортидаги улуши эса 50 фоиздан 65 фоизга ошди.

Келгусида юқори даромадли корхоналар сонини кўпайтириш мақсадида халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда 140 та тайёр лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳаларнинг жами қиймати 10 млрд долларга тенг бўлиб, уларда 60 мингта иш ўринларини яратиш, йилига 5млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 млрд долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган.

Мазкур 140 та лойиҳа электрон платформага қўйилиб, тадбиркорларга очиқ-ошкора шартлар асосида таклиф қилинмоқда”, — дейди ИТИМ директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов.

Қўшимча қилинишича, халқаро майдондаги геосиёсий вазият ҳисобига логистика харажатларини қоплаш бўйича экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш давом эттирилади. Яъни логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар, маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва бу борада мутахассис тайёрлашга яна 25 миллион доллар ажратилади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид