«Афғонистон бозорига киришимизни истамайдиганлар кўп» — «Ўзбекнефтгаз» раиси «Толибон» қайтариб юборган маҳсулот ҳақида
Бу маҳсулот Европа бозорларига олиб чиқилаётгани маълум қилинди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси Баҳодиржон Сидиқов ОАВ вакилларига пресс-тур вақтида «Толибон» ҳаракати «67 вагон ўзбек нефтини сифатсиз деб қайтариб юборгани» ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ берди ва қайтган бензин Ўзбекистондаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида ўтказилаётгани ҳақидаги хабарларни қатъий рад этди.
«Заправкаларда сифатсиз бензинни сотяпти, деган гаплар чиқяпти. Бу нотўғри маълумот.
Биз Афғонистондан қайтиб келган маҳсулотни ҳеч қаерга олиб борганимиз йўқ. Контейнерида турибди, бошқа жойга олиб бориб сотади. Балки ички бозорда сотар.
Бу GTL заводидан чиққан дизел маҳсулоти, бу янги маҳсулот. Бу маҳсулот стандарти Афғонистонда йўқ. Улар буни тушунмади», деган у ва журналистларга кўриниши сувни эслатувчи маҳсулотни кўрсатган.
У маҳсулот қайтарилишига Ўзбекистоннинг Афғонистон бозорига киришини истамайдиган кучлар ҳам сабаб бўлганини тахмин қилган, шунингдек, бу маҳсулот Европа бозорларига олиб чиқилаётганини маълум қилган.
«Биз шу маҳсулотни жўнатганмиз. Сифат жиҳатдан оддий дизелдан анча фарқ қилади, анча яхши маҳсулот. Бу янги маҳсулот Афғонистон бозорига кириб бориши керак эди. Афсуски, биринчи партияни қайтариб юборишди. Лекин бу давом этаётган жараён, ҳар бир бозорга кириб бориш осон бўлмайди.
Ишончим комилки, бу ерда нафақат Афғонистон ҳукумати... балки биз бу бозорга кириб боришимизни истамаётганлар ҳам жуда кўп. Чунки Афғонистон бозори яхши бозор.
Лекин бу яхши маҳсулот экани исботи сифатида, ўтган ойда Эстонияга худди шу маҳсулотдан минг тонна сотдик, яна 10 минг тоннага буюртма олдик. Ҳозирги кунда ўн минг тоннани юклаяпмиз.
Бундан ташқари, ҳукуматлараро келишувлар бор, мана президентимиз бориб келяпти, учрашувлар қилдилар... Ўрта коридор, яъни Каспий коридори орқали маҳсулотимизни Европага етказиб бериш йўллари қидириляпти.
Озарбойжон ва Грузия орқали ўтишда грузияликлар бу зўр маҳсулотку, бизга 33 минг тонна, мана шартнома, мана пул деяпти.
Бу маҳсулот сифатига ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак. Ўтган йили Тожикистонга 12 минг тонна сотганмиз бу маҳсулотдан, ҳозир яна 5 минг тонна юклаяпмиз.
Бу маҳсулотни сифати ёмон бўлганидан қайтариб юбормаган. Бунга кафолат бериб айтаман. Бу Евро-6 стандартларига жавоб берадиган зўр маҳсулот. ОАВда тарқалаётган хабарларга ишонмасликни сўрайман. Европа давлатларига экспорт қиляпмиз», деган Сидиқов.
Август ойи бошида Афғонистон Миллий стандартлар агентлиги (ANSA) Ўзбекистондан импорт қилинган 67 та цистернадаги нефт ортга қайтариб юборилганини маълум қилганди. Ўшанда «Ўзбекнефтгаз» гап GTL заводида ишлаб чиқарилган синтетик дизел ҳақида кетаётгани ва Афғонистон ҳукумати маҳсулотни ишлаб чиқарувчига қайтармаганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024