АҚШдагилар Пригожиннинг бизнес-жетига бомба ўрнатилган деб ҳисобламоқда
Ғарблик мулозимлар фикрича, самолётни йўқ қилиш буйруғи Путин томонидан берилган.
Бортида «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин бўлган самолёт Пригожиннинг ҳаётига суиқасд уюштирилиши оқибатида ҳалокатга учраган, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal газетаси АҚШ расмий шахсларига таянган ҳолда. АҚШ ҳукуматининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бортида Пригожин ҳам бўлган бизнес-жетда бомба портлаган ёки ҳалокатга бошқа бир шаклдаги диверсия сабаб бўлган.
The New York Times газетаси ёзишича, америкалик ва ғарблик бошқа расмийлар бортда портлаш рўй берганини ҳалокатнинг асосий сабаби сифатида кўришмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, портлаш бомба ёки бортга ўрнатилган бошқа портловчи қурилма туфайли рўй берган бўлиши мумкин, шу билан бирга, бошқа версиялар ҳам кўриб чиқилмоқда, масалан, сохта ёнилғи қуйилгани ҳам. CNN агентлигига кўра, АҚШ Разведка жамияти авиаҳалокатга нима сабаб бўлганини баҳолашнинг дастлабки босқичида турибди.
АҚШ разведкаси сунъий йўлдошлари самолёт қулаган ҳудудга яқин жойдан ракета учирилганини қайд этмаган, бизнес-жет «ер-ҳаво» типидаги ракета билан йўқ қилинганини кўрсатувчи бошқа далилларга ҳам эга эмас. Бу ҳақда NYT ҳам, WSJ ҳам. Шу билан бирга, Reuters агентлиги манбаси, АҚШ ҳукуматининг дастлабки маълумотларига кўра, самолёт «ер-ҳаво» типидаги ракета билан уриб туширилгани ҳақида ёзган. Ундан аввалроқ The Financial Times ҳам ғарбдаги аноним мулозимлардан бирига асосланиб, шундай версияни илгари сурганди. Самолёт қулашидан кўп вақт ўтмасдан «Вагнер» ХҲКга алоқадор бўлган Grey Zone телеграм-канали самолёт ракета орқали уриб туширилганини хабар қилганди. Ҳарбий экспертлар ҳам самолётга ракета урилгани эҳтимолини версиялардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.
CNN телеканали бизнес-жет қулаган жойнинг радар тасвирини эълон қилган. Унинг асосида журналистлар самолёт ерга урилаётганда унинг фюзеляжи бутун бўлган, деган хулосага келишган.
Америкалик ва европалик расмий шахслар The New York Times нашрига анонимлик шарти билан, ичида Пригожин бўлган самолётни йўқ қилишга Владимир Путин буйруқ бергани ҳақидаги фикрини айтишган. Ғарб разведкасидаги юқори мартабали мулозим газетага, «кўплаб белгилар» Пригожин қулаган самолёт бортида бўлганини кўрсатаётганини билдирган. Америкадаги манбалар қатор расмий шахслар Пригожин катта эҳтимол билан авиаҳалокатда ҳалок бўлганини айтган бўлса-да, АҚШ разведкаси ҳали унинг ўлимини узил-кесил тасдиқламаганини билдирмоқда. Пригожин ҳалок бўлгани ҳақида айтган америкалик расмийлардан бири АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби Патрик Райдер бўлди. «Вагнер» ХҲК ҳам ҳозирча Пригожиннинг ўлимини расман эълон қилмади.
РФ тергов қўмитасидагилар теракт бўйича иш қўзғатиш учун ҳозирча асослар йўқлигини билдирган — тергов ишлари парвоз хавфсизлиги қоидаларини бузиш моддаси бўйича олиб борилмоқда. Shot телеграм-каналига кўра, тергов самолётнинг шасси қисмида портловчи қурилма бўлгани версиясини кўриб чиқмоқда. Mash маълумотига кўра, «ўқ-дориларга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш» ҳам ҳалокат версияларидан бири сифатида қаралмоқда: ҳалокат жойида ўқ-дорилар ва гранаталар топилган. Шу билан бирга, «Московский комсомолец» газетаси хабар беришича, учишдан аввалроқ самолёт турбо-музлаткич бузилгани сабабли бир ойга таъмирлашга юборилган — таъмирлаш пайтида жет «Шереметьево»да очиқ осмон остида турган.
Мавзуга оид
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» баллистик ракетаси ёрдамида зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024
Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
09:28 / 21.11.2024