Ўзбекистон | 07:48 / 25.08.2023
46138
2 дақиқада ўқилади

Чорраҳаларда тадбиркорлар ўрнатган камералар билан боғлиқ вазият бўйича ЙҲХХ баёнот берди

Ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар томонидан йўлларга ўрнатилган камералар олдида қоидабузарликка олиб келадиган шароитлар атайин яратилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Видеодан кадр

Тошкент шаҳридаги чорраҳаларда тадбиркорлар томонидан ўрнатилган йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд қилувчи камералар билан боғлиқ вазият тўғрисида ҳайдовчилар орасидаги норозилик ҳолатлари бўйича Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) баёнот берди.

«Охирги кунларда Тошкент шаҳридаги чорраҳаларда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи фото ва видео техник воситаларининг фаолияти тўғрисида бир қатор лавҳалар тарқатилиб, муносабат билдирилмоқда. Мазкур лавҳа ва муносабатларда келтирилган ҳолатлар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ўрганилиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Қайд қилинишича, ўрганишлар давомида лавҳа ва муносабатларда келтирилган ҳолатларга объектив баҳо бериш, йўл инфратузилмаси ҳамда техник воситаларнинг ҳолатини қайта кўриб чиқиш, чорраҳаларда йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш мақсадида ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган.

«Бугунги кунда ишчи гуруҳ томонидан чорраҳаларда йўл ҳаракати қандай ташкил этилганлиги (йўл белгилари ва кўрсаткичлари тўғри ўрнатилганлиги, йўл чизиқлари чизилганлиги ва бошқалар), чорраҳалардаги техник воситаларнинг ҳолати қайтадан ўрганиб чиқилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилаётган ўрганишлар натижалари бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади», дейилади баёнотда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид