Ўзбекистон | 14:07
2952
2 дақиқада ўқилади

12 баллни “урган”лар 49 нафарга етди: ярмидан кўпи пойтахтда

Жарима балли 12 баллга етган ҳайдовчилар сони кескин кўпая бошлади. Шундай биринчи ҳайдовчи аниқлангандан бир ҳафта ўтиб улар сони 49 нафарга етди. 29 та ҳолат Тошкент шаҳрида кузатилган.

Сунъий интеллект чизган сурат

8 май ҳолатига жарима балли 12 баллга етган ҳайдовчилар сони 49 нафарга етди. Бу ҳақда Kun.uz’га ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев хабар берди.

Унга кўра, энг кўп ҳолат Тошкент шаҳрида кузатилган: пойтахтда 29 нафар ҳайдовчининг жарима балли 12 баллдан ошган. Кейинги ўринларни 8 та ҳолат билан Фарғона ва 3 та ҳолат билан Бухоро вилояти эгаллаган. Шунингдек, Тошкент ва Андижон вилоятларида 2 тадан, Қорақалпоғистон республикаси ҳамда Самарқанд, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида 1 тадан ҳолат қайд этилган.  

Фақат 4 та ҳудуд – Навоий, Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳозирча жарима балли 12 баллга етган ҳайдовчи йўқ.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар яна бу ҳуқуқни қайтариб олиш учун аввалгидай фақат имтиҳон топширмайди, назарий ва амалий билимлар бўйича автомактабларда ўқиши ҳам талаб этилади. Бунда назарий имтиҳонда аввалгидек 20 саволдан 18 тасига эмас, 50 та саволдан 46 тасига тўғри жавоб бериши лозим бўлади. Қоида бузмаганларга эса жарима ҳам, жарима балли ҳам йўқ”, дейди Зойир Йўлдошев.

Унинг қўшимча қилишича, 49 та ҳолатнинг барчаси кўриб чиқиш учун суд органига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-1-моддасига кўра, бир йил ичида жарима баллари 12 баллга етган ҳайдовчилар камида 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Аввалроқ жарима балли 12 баллга етган биринчи ҳайдовчи маълум бўлгани хабар қилинганди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид