Бухоролик Ҳосил Носиров 1983–1985 йилларда Гуржистоннинг Тетри-Цкаро шаҳрида ҳарбий хизмат ўтайди. Ўша даврларда хизматдоши Марлен Кехвишвили билан қалин дўст тутинади. Хизмат тугаб, аскарлар ўз юртларига қайтишганидан сўнг алоқалар узилиб қолади. Дўстлар бир-бирини излайди-тополмайди. Kun.uz мухбири Тбилисига сафари давомида 38 йил олдин йўқолган Марлен Кехвишвилини топишга муяссар бўлди. Икки дўст ниҳоят дийдорлашди.
Тбилисига келган кунимиз суриштирувни нимадан бошлашни билмасдик. Қўлимизда Ҳосил Носировнинг 1985 йилда дўсти Марлен билан ёзишган хати устида ёзилган – “Тбилиси шаҳри, 3-массив, 13-кўча, 5-уй” манзили бор эди холос. Лекин бу маълумот етарли эмасди. Чунки xатда фақат рақамлар бўлиб, ҳеч бўлмаса кўча ёки массив номи ҳам йўқ эди. Бу эса ишни анча қийинлаштириши тайин.

Бошланишига имконимиз анъанавий классик усул – онлайн харитадан фойдаланишга етади. Харита ҳам қийналиб-қийналиб таҳминий бир манзилни чиқариб берди. Ҳа, майли, кўрсатилган маҳаллага етиб олайлик-чи, қолгани бир гап бўлар. Балки қаҳрамонимизни бир деганда шу манзилдан топиб олармиз.

Телефонимиз кўрсатган маҳаллага етиб келдик. Шу ерликлардан суриштирсак, 13-кўча, 5-уй бу маҳаллада ҳам бўлиши мумкин. Лекин “3-массив” номли ҳудуд умуман бошқа ерда экан. Бизга шу кўчадан ўтувчи йўналишли микробусга чиқиб, ўша 3-массивга боришимизни маслаҳат беришди. Шу билан йўналишимиз ўзгариб кетиб, маршрут машинаси билан ўша 3-массивга қараб кетдик.

Ҳудудга етиб келганимизда у маҳаллалар аллақачон 3-массив эмас, “3-корпус” деб аталиши, эски маҳаллалар ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиб кетганини кўрдик. Шу ерлик ёши катталардан сўрасак, улар на биз кўрсатган манзилни, на Марлен Кехвишвилини танишади. Қўлимиздаги маълумотлар ҳаммага бегона. Бизга ёрдам беришга астойдил ҳаракат қилишса-да, лекин 30 йиллар олдин рақамланган кўча ва уйларни эслай олишмади.

Бу уринишимиз ҳам бесамар кетди. Йўналишли микробусга ўтириб, ортга қайтарканмиз, харитада кўрсатилган маҳалладаги манзилга етмасдан, 3-массивга кетиб қолганимиз эсга тушиб, шу 13-кўча ва 5-уйни ҳам кўриб ўтиш учун маршрутдан тушиб қолдик. Шу уйни топиб бориб, дарвозасини ҳам тақиллатдик. Аммо афсуски, биз қидирган инсон бу ерда ҳам яшамаслиги, ҳатто ҳеч қачон яшамаганини айтишди. Демак, бу ер ҳам биз қидирган уй эмас...




















