Германияда Ижтимоий-демократик партиянинг марказ-чап қанотига мансуб мудофаа вазири Борис Писториус янги ихтиёрий ҳарбий хизматни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
«Бошқа Европа давлатлари, айниқса шимолдагилар, ихтиёрий хизмат тамойили жозибадорлик билан уйғунлашганда ишлашини кўрсатди. Мен Германияда ҳам шундай бўлишини кутаман», деди у. Унинг айтишича, «аризачилар сони кўпаймоқда, ёллаш кўрсаткичлари ошмоқда». Мақсад – 2026 йилга бориб 20 000 янги кўнгиллиларни жалб қилиш. Улар солиқлардан ташқари 2,6 минг евродан ойлик маош олади.
Бу қарор – Берлин Европанинг энг кучли анъанавий армиясини яратишга интилаётган бир пайтда қабул қилинди. Қонунчилар ушбу режани 2025 йил охирига қадар овозга қўйишлари кутилмоқда.
Ҳарбий хизмат ихтиёрийлигича қолди, лекин..
DW нашрининг ёзишича, ҳукмрон партиялар сўнгги ойларда қуролли кучлар Германиянинг мудофаа эҳтиёжларини қондириш учун етарли кўнгиллиларни ёллай оладими, деган масалада келишолмай келган.
Бошқа партиялар мажбурий ҳарбий хизматни ёқлаганда, социал-демократлар буни қатъиян рад этишди. Энди партиялар муросага эришди. Агар кўнгиллилар сони етарли бўлмаса, Бундестаг маълум миқдордаги йигитлар учун «талаб асосидаги мажбурий ҳарбий хизмат»ни жорий этади.
Германияда ҳарбий хизмат ихтиёрийлигича қолаётган бўлса-да, энди барча 18 ёшли йигитлар 2026 йилдан бошлаб «хизматга тайёрлик декларацияси» деб аталадиган анкеталарни тўлдиришга мажбур бўлади. Улар жисмоний тайёргарлиги ва қуролли кучларда хизмат қилиш истаги ҳақидаги саволларга жавоб беришлари керак.
Амалда барча 18 ёшдагилар сўровнома ҳаволасига эга QR-код олади. Ҳар йили тахминан 300 000 йигит ушбу тартибга тушади. Мудофаа вазирининг фикрича, зиддият юзага келган тақдирда ким чақирилиши мумкинлигини Бундесвер фақат шу йўл билан билиб олади.

Фото: Майкл Каппелер / DPA
Аёллар ҳам анкетани тўлдириш ва Бундесверда хизмат қилиш истагини билдиришлари мумкин. Аммо бу улар учун мажбурий эмас, чунки Германия Асосий қонунига кўра армияга фақат эркаклар чақирилиши мумкин.










