Жаҳон | 22:11 / 28.08.2023
40004
11 дақиқада ўқилади

Пригожин билан бирга яна 9 киши ҳалок бўлган. Улар ҳақида нималар маълум?

Твер областида қулаб тушган хусусий самолётда Дмитрий Уткин ҳам бўлган. «Вагнер» ХҲК айнан унинг шарафига номланганди.

Анатолий Мальцев / EPA / Scanpix / LETA

23 август куни Евгений Пригожиннинг хусусий самолёти Твер областида ҳалокатга учради. Натижада бортда бўлган 10 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Росавиация бортдагилар рўйхатида «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин, унинг командири Дмитрий Уткин, яна беш нафар вагнерчи ҳамда экипажнинг уч аъзоси келтирилганини маълум қилган. РФ тергов қўмитаси 27 август кунига келиб ҳалокат жойида топилган 10 кишининг қолдиқлари парвоз рўйхатида кўрсатилган одамларга тўғри келишини маълум қилди. BBC рус хизмати, «Медуза» ва «Досье» маркази қулаган бизнес-жет бортида бўлган одамлар ҳақида маълумот тўплади.

Дмитрий Уткин

Вагнер чақирув белгисига эга бўлган Дмитрий Уткин ёлланма жангчиларнинг амалиётларида 2013 йилдан иштирок эта бошлаган. Бунга қадар, «Новая газета» нашри маълумотига кўра, у Россия мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГРУ) махсус вазифали бўлинмасининг (спецназ) Псковдаги 2-алоҳида бригадаси 700-алоҳида вазифалар бажарувчи отрядига командирлик қилган. Ўзининг «Вагнер» лақабини Уткин Учинчи рейх мафкурасига симпатияси туфайли танлагани айтилади (чунки Ҳитлернинг севимли композитори Рихард Вагнернинг «Валкириялар парвози» композициясини жуда севарди), у бу чақирув белгисини Бош разведка бошқармасининг махсус хизматида лейтенант бўлиб хизмат қилаётган чоғларидаёқ олган. Уткин билан таниш бўлганлар ҳам журналистларга ундаги нацистик қарашлар ҳақида айтиб беришган.

Армиядан истеъфога чиққач, истеъфодаги подполковник жаҳон океанининг қароқчилар хавфи бўлган ҳудудларида денгиз кемаларини қўриқлаш билан шуғуллантирувчи кадрлар тўпловчи Moran Security Group’га ишга кирди. Бунгача Уткин икки марта Россия савдо кемаларини кузатиб бориш учун Африканинг сувли ҳудудларига хизмат сафарига бориб келади. Кейинроқ унга қуруқликда ҳам ўз малакаси бўйича иш топилди.

2013 йил кузида Уткин бошқа собиқ ҳарбийлар билан бирга Россиянинг «Славян корпуси» ёлланма жангчилар гуруҳи таркибида президент Башар Асад томонида туриб жангларда иштирок этиш учун Сурияга йўл олади. 2013 йил октябрида у ҳам таркибида бўлган колонна Ҳумс вилоятидаги Ас-Саҳна шаҳри яқинида пистирмага дуч келади ва базўр омон қолади, кейинроқ бутун корпус Москвага қайтарилади. «Славян корпуси» раҳбарлари Вадим Гусев ва Евгений Сидоровга нисбатан РФ ЖКнинг 359-моддаси («Одамларни жанг учун ёллаш») бўйича жиноят иши қўзғатилиб, уч йилга қамалади. Қолганлар, жумладан, Дмитрий Уткин ҳам профилактик суҳбатлар билан қутулиб қолишади.

Шундан кейин Уткин Украинага йўл олади — бу сафар ўз ёлланма жангчилари гуруҳи раҳбари сифатида. Бу отрядга Вагнер гуруҳи деб ном берилганди. «Славян корпуси» фахрийларини 2014 йил баҳорида аввалига Қримда, кейин Донбассда учратишган, бу ерларда улар россияпараст айирмачилар сафида жанг қилган. «Газета.ру» маълумотига кўра, Вагнернинг отряди ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» дала қўмондонларидан бир нечасининг ўлдирилишига алоқадор бўлиши мумкин.

РБКнинг ёзишича, 2015 йилда Вагнер ўз отряди билан яна Сурияга қайтади, бундан олдинроқ эса Краснодар ўлкасидаги махсус жиҳозланган базада тайёргарликдан ўтади.

Уткин ҳақида биринчи бор 2016 йил 9 декабрида жамоатчиликка маълум бўлади — шу куни Кремлнинг Георгий залида Россия қаҳрамонлари шарафига уюштирилган тантанали қабулга у ҳам таклиф этилган, тадбир «Первый канал» томонидан жонли эфирга берилганди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Уткин таклиф этилганлар сафида бўлганини тасдиқлаб, у «Жасорат ордени кавалери» эканини қайд этганди.

Вагнерчиларнинг Путин билан бирга тушган машҳур сурати. Чапдан ўнгга: Богатов, Трошев, Путин, Кузнецов ва Уткин. Фото: top-50.ru

2021 йилда мамлакат ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилганлик учун Украинада Уткинга қарши иш очилган, дейилган Украина Бош прокуратураси хабарида. Тергов версиясига кўра, у 2014 йил июлидан 2015 йил мартигача бўлган муддатда «РФ Қуролли кучлари расмийлари билан келишилган ҳолда ва уларнинг назорати остида» Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. «2014 йил январ-феврал ойларида унинг бўлинмаси Дебалцево йўналишида АТО кучларига (аксилтеррор амалиёти) қарши интенсив ҳарбий ҳаракатлар ўтказган. Жанглар вақтида „Вагнер“ отряди бошлиғи бевосита 2-армия корпусига раҳбарлик қилган РФ ҚК генерал-лейтенантига бўйсунган», — дейилган хабарда. 

Уткин Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини давомида «Вагнер» ХҲКга қўмондонлик қилган ва катта эҳтимол билан ўзи ҳам Украинада бўлган. 2023 йил июн ойи бошидаги маълумотларга кўра, Уткин ҳамон ушбу хусусий ҳарбий компания командири эди. Бу унинг Пригожинга алоқадор бўлган «Разгрузка Вагнера» телеграм-каналида тарқатилган баёнотидан маълум бўлади.

Дмитрий Уткиннинг июн ойи охиридаги муваффақиятсиз исёндаги роли ҳақида ҳеч қандай ишончли маълумот йўқ. Аммо, Reuters агентлигининг «ДХР» раҳбариятига яқин манбасига кўра, Москва томон юриш қилган вагнерчилар колоннасига айнан Уткин раҳбарлик қилган бўлиши мумкин.

Июл ойида Уткин Пригожин билан биргаликда Беларусдаги «Вагнер» ХҲК жангчилари қаршисида чиқиш қилган, деб ёзади «Важние истории». Бу Пригожиннинг муваффақиятсизликка учраган исён ва Беларусга «кетгани» ҳақидаги хабардан кейин илк бор омма олдида кўриниш бериши бўлганди.

Вагнерчилар раҳбарларининг чиқиши акс этган видео гуруҳга алоқадор бўлган телеграм-каналларда 19 июл куни пайдо бўлади. Унда Пригожин хусусий ҳарбий компания жангчилари Беларус армиясини «дунёнинг иккинчи армияси»га айлантириши ва қуролли можаро чиққан ҳолатда Лукашенко томонда туриб жанг қилишини айтади. У ХҲК Беларусда кўп вақт қолмаслиги, жангчилар Африка мамлакатлари ва Украина фронтига қайтишини айтади.

«Бу якун эмас, бу тез орада амалга ошириладиган дунёдаги энг катта ишнинг бошланиши, — деганди ундан кейин чиқиш қилган Уткин. — Хўш, welcome to hell (дўзахга хуш келибсиз)».

Валерий Чекалов

Санкт-Петербургда Пригожин билан алоқадор компанияларни бошқарган. BBC рус хизмати ёзишича, Чекаловнинг танишлари унинг телефон рақамини «Валерий Евгениевич Сирия», «Валерий Чекалов Конкорд Армия», «Валерий Евгеньевич Чекалов от Пригожина» деб сақлаб қўйишган. 2011 йилдан 2018 йилгача Чекалов «Коллектив-Сервис» компаниясини бошқарган. 2012 йилда у Россия мудофаа вазирлигининг «Воэнторг» компанияси билан тузилган шартнома асосида армия учун озиқ-овқат етказиб бериш бўйича пудрат олган. Шу билан бирга, у Қора денгиз флоти жойлашган Севастополдаги ҳарбий ошхонани рўйхатдан ўтказган.

Чекалов 2014 йилда ташкил этилган «Нева» компаниясини бошқарган, унинг шуъба корхонаси «Евро Полис» эди. «Фонтанка»нинг ёзишича, 2016 йил декабр ойида «Евро Полис» Сурия билан меморандум имзолаган. Унга кўра компания беш йил мобайнида мамлакатдаги нефт иншоотларини жанг билан қайтариб олиши ва уларни ҳимоя қилиши керак эди. Бунинг эвазига қазиб олинадиган нефт ва газнинг 25 фоизига эга чиқиши кўзда тутилган.

Евгений Макарян

Магнитогорсклик, собиқ участка нозири. «Досье»нинг ёзишича, «Вагнер» ХҲКга Макарян 2016 йил мартида келган. У хусусий ҳарбий компаниянинг штурмчи отряди сафида Сурияда жанг қилган ва яраланган. BBC уни Пригожиннинг қўриқчиси деб атаган.

Сергей Пропустин

Украинларнинг «Миротворец» базасига киритилган, у ерда разведкачи-гранатомётчи ва «Вагнер» ХҲК жангариси деб кўрсатилган. «Досье» маълумотига кўра, иккинчи чечен урушида қатнашган. «Вагнер»га 2015 мартида қўшилган, иккинчи разведкачи-штурмчи отряд сафида жанг қилган, Пригожиннинг кўплаб қўриқчилари шу отряддан танлаб олинган. BBC уни ҳам «Вагнер» ХҲК асосчисининг қўриқчиси деб атаган.

Александр Тотмин

У ҳам «Миротворец» рўйхатига киритилган. Қачондан Пригожинга ишлай бошлагани номаълум, аммо 2022 йилда Петербургда яшаган. Танишлари унинг рақамини «Саня Работа Чвк», «Тотмин Саня Контора Питер» ва «Александр W» деб сақлашган. 2012 йил августида Олтой ўлкаси судида унга бировнинг мулкида жойлашган ҳаммомдан электр арра ўғирлагани учун 300 соатлик мажбурий иш тайинланган, 2014 йил сентябрда эса у машина ўғирлагани учун икки йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Николай Матусеев

«Досье» гап 2017 йил январидан буён «Вагнер» сафида хизмат қилган Николае Матусевич ҳақида бораётганини тахмин қилади. У Суриядаги тўртинчи штурм отрядида ўқчи бўлган.

Рустам Каримов

Рустам Каримов

29 ёш, иккинчи пилот, рафиқаси билан Пермда яшаган. 2014 йилда Рязан областидаги Сасово авиация мактабини тамомлаган. Каримовнинг отаси айтишича, Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг ўғли ишсиз қолган, у ҳалокатга учраган самолётга эгалик қилувчи «МНТ-Аэро» компаниясига уч ой олдин ишга кирган, шундан сўнг Санкт-Петербургга кўчиб ўтганди.

Алексей Левшин

Самолёт командири. Унинг қизи Анастасия РБК нашрига Левшин Пригожин билан узоқ йиллардан бери ишлаб келганини айтди, аммо қандай иш экани ҳақида батафсил маълумот бермади. BBC ёзишича, 2018 йилда Левшин «Вести Новосибирск» телеканалида берилган сюжет қаҳрамони бўлган, сюжетда уни Су-34 экипажи навигатори деб аташган.

Кристина Распопова

Стюардесса, 39 ёшда, Қозоғистонда туғилган. 74.ru маълумотига кўра, Распопованинг укаси Челябинск области Еманжелинск шаҳри прокурори ўринбосари. Распопова Москва молия-юридик университетида ўқиган, бир муддат Екатеринбургда яшаган, кейин Москвага кўчиб ўтган. Baza телеграм-канали ёзишича, «МНТ-Аэро»га ишга кирганидан кейин Распопова Москвадан Санкт-Петербургга кўчиб ўтган. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига қараганда, у тез-тез саёҳат қилган, у Ямайка, Сингапур, Австрия ва бошқа мамлакатлардан фотосуратларини жойлаган. Илгари Распопова Пригожиннинг самолётига ўхшаш, борт рақами RA-02857 бўлган, Внуково аэропортида турган Embraer Legacy бизнес-жетда учган. Baza манбасига кўра, Пригожин самолёти учишидан бир неча соат олдин қиз оиласи аъзоларига уларнинг рейси қандайдир сабабга кўра кечиктирилганини айтган.

Мавзуга оид