Жаҳон | 09:59 / 28.08.2023
10204
2 дақиқада ўқилади

Россия Молия вазирлиги йиллик инфляция бўйича ўз прогнозини эълон қилди

Молия вазирининг сўзларига кўра, бу йил Россия иқтисодиёти ўтган йилги ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатларининг пасайишига нисбатан ижобий натижаларни кўрсатади.

Фото: Вадим Ахметов / URA.RU

Россия Молия вазирлиги йил охиригача мамлакатда инфляция 6 фоиз даражасида бўлишини кутмоқда, дея маълум қилди молия вазири Антон Силуанов 26 август куни CGTN телеканалига берган интервюсида.

«Бизда инфляция ўсган бўлса-да, унинг тахминан 6 фоиз даражасида қолишини кутмоқдамиз. Кейинги йилларда бизнинг мақсадимиз - 4 фоиз ва Марказий банк билан бу мақсадга эришиш учун барча зарур чораларни кўрамиз», - деди Силуанов. 

Силуанов: 2023 йилда иқтисодиёт пасайишдан кейин ижобий ўзгаришларни кўрсатади

Вазирнинг сўзларига кўра, бу йил Россия иқтисодиёти 2022 йилдан кейин ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатларининг «тушишини қайтариб олиши» керак. «Агар ўтган йили иқтисодиёт 2,1 фоизга қисқарган бўлса, бу йил у 2,5 фоизга тикланади, балки ундан ҳам юқорироқ бўлар. Демак, ўтган даврдаги пасайишни қайтариб оламиз деб айтишимиз мумкин», - деди Силуанов Россия иқтисодиётининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга реакциясини назарда тутган ҳолда. 

Россия Марказий банки прогнозига кўра, 2023 йилда йиллик инфляция 5 фоиздан 6,5 фоизгача даражада бўлади ва келгуси йилда 4 фоизга тушади. Иқтисодиёт ва тараққиёт вазирлиги апрел ойида йил давомида инфляцияни 5,3 фоиз даражасида тахмин қилган эди. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетников август ойи бошида Россия ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2023 йилда 2 фоиздан ошишини тахмин қилган. Марказий банк прогнозига кўра, жорий йилда ЯИМ ўсиши 1,5-2,5 фоиз оралиғида бўлади. 

Мавзуга оид