Ўзбекистон | 19:08 / 29.08.2023
27835
11 дақиқада ўқилади

10 миллионлик маош, йилига 100 тадан янги мактаб ва Оқдарё тажрибаси: президент селекторида кўтарилган асосий масалалар

Шавкат Мирзиёев 28 август куни мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Унда қатор масалалар кўтарилди.

Ўқитувчилар ойлиги ҳақида

Президент ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар ошгани, жумладан, чет тили, Ай-Ти, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилганини қайд этди.

Натижада, 6 млн сўмдан 10 млн сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони – 23 мингга етган, 10 миллион сўмдан юқори ойлик олувчилар 1 мингдан ошган. Яна 2 мингга яқин муаллимларга Вазир жамғармасидан қўшимча устамалар тўланмоқда.

Таълим сифати ҳақида

Мактаблар юкламасини камайтириш мақсадида 700 минг ўқувчи ўрни яратилган. Бу – аввалги йилларга нисбатан 15 баравар кўп.

Сўнгги йилларда олий таълимда қамров 4 баробар оширилиб, ёшлар учун қўшимча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Ҳозир бошланғич синфларда – 11 та, юқори синфларда – 16 та фан ўтилгани билан, ўқувчилар аниқ бир йўналишда чуқур билимга эга бўлмай, мактабни битиряпти. 

Масалан, 107 та тумандан талаба бўлганлар олийгоҳга кириш имтиҳонларида математика бўйича максимал баллнинг ярмини ҳам йиға олмаган.

Энг паст кўрсаткичлар – Андижон, Наманган, Самарқанд вилоятлари, Янгиер, Ангрен, Янгийўл, Бекобод, Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари, Андижон, Асака Давлатобод, Конимех, Самарқанд, Сирдарё, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Тошкент, Шайхонтоҳур, Олмазор ва Миробод туманларига тўғри келади. 

Физика (ўртача 42 балл), кимё (ўртача 44 балл) ва биология (58 балл) бўйича ҳам бирорта туман ва шаҳарда мақтагулик натижа йўқлиги қайд этилди.

2022 йилда 220 минг муаллимдан 86 минг нафари ёки 37 фоизининг билим ва кўникмаси «қониқарсиз» баҳоланган. 

Энг ёмон кўрсаткич – Қўқон шаҳри, Арнасой, Поп, Конимех, Чироқчи, Деҳқонобод, Яккабоғ, Ургут, Сайхунобод, Сирдарё, Қизириқ, Ангор, Бойсун, Шеробод, Олмазор, Бектемир, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Зангиота, Тупроққалъа туманларида.

Талаб юқори бўлган информатика (62 фоиз), физика (51 фоиз), инглиз тили (49 фоиз), математика (45 фоиз) ва кимё (44 фоиз) фани ўқитувчиларининг билими «қониқарсиз» экани аниқланган.

Тошкент вилоятида физика, кимё, она тили ва адабиёт, Сирдарёда математикадан ўқитувчиларнинг – 60 фоизи, Наманганда информатикадан – 68 фоизи, Жиззахда инглиз тилидан – 52 фоизининг билими қониқарсиз.

51 минг нафар чет тили ўқитувчиларидан 17 минг нафари (33 фоизи) «С1» даражасига эга. 

Хоразмда 656 нафар (20 фоиз), Жиззахда – 466 нафар (23 фоиз), Сурхондарёда – 848 нафар (25 фоиз) Андижон, Самарқанд ва Қашқадарёда – 1,2 минг нафардан (25 фоиз), Фарғонада – 1,4 минг нафар (26 фоиз) ва Сирдарёда – 303 нафар (28 фоиз) чет тили муаллимлари «С1» даражасига эга. Навоийда эса бу кўрсаткич 1,6 минг нафар ёки 68 фоизни ташкил қилиб, республика бўйича 1-ўринда.

Мактаблар танқислиги ҳақида

Ўтган олти ярим йилда 320 минг хонадонли янги уй-жой барпо этилгани билан, уларга мос қувватдаги мактаблар қурилмагани, янги қурилган массив ва маҳаллаларда ҳозирнинг ўзида 350 минг янги ўқувчи ўринларига мактабга талаб мавжудлиги таъкидланди.

Шунингдек, сўнгги йилларда 70 минг ўринли 350 та хусусий мактаб ташкил этилгани, Тошкент шаҳри (134 та) ва Фарғона (60 та) хусусий мактаблар салмоғи қолган ҳудудлардан анча юқори. Навоийда атиги 3 та, Сурхондарёда 4 та, Сирдарёда эса 7 та хусусий мактаб борлиги билдирилди.

Масалан, қўшимча 150 минг ўқув ўрнига эҳтиёжи бўлган Самарқандда бор-йўғи 6 минг 300 ўринли 35 та хусусий мактаб ишлаётгани айтилди.

Ҳокимлар ўзлари ҳам маблағ топиб, мактаб инфратузилмасини яхшилаш тўғрисида «бош қотириши» кераклиги қайд этилди.

Мактабларни таъмирлашга бу йил маҳаллий бюджетдан 135 миллиард сўм ажратилган, бироқ 31 та туман ва шаҳарда ҳокимлар ушбу мақсадлар учун маблағ бермагани танқид остига олинди.

Оқдарё тажрибаси

Президент ўтган ҳафта Оқдарёдаги 32-мактабда тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўқувчиларни касбга ўқитиш тажрибаси билан танишганини, бу мактабда ўқувчиларни 7-синфдан бошлаб маҳалла ва туманда талаб юқори бўлган ветеринар, агроном, мева-сабзавот қуритиш, ипакчи, мебелчи, автомобиль устаси каби 15 та касб-ҳунарга ўргатиш ва 2 та чет тилини ўқитиш йўлга қўйилганини айтди. 

Давлат раҳбари бу ишлар маҳаллий бюджет ва тадбиркорлар ҳисобидан ташкил қилинганини, ўқувчилар бу ерда иш ҳақи олаётганини таъкидлаб, барча вилоятлар «ОблОНО» раҳбарларига Оқдарёга бориб, бир ҳафта давомида ушбу тажрибани ўрганишни топширди.

Мирзиёев бундан ташқари, мактабларда ёшларни бугунги кунда талаб юқори бўлган, кам харажат қилиб, кўп даромад оладиган дизайнер, Ай-Ти дастурчи, 3D аниматор, медиа-монтажчи каби замонавий касбларга ўргатиш зарурлигини таъкидлади.

Таълим сифатини ошириш ҳақида

Шавкат Мирзиёев республика бўйича 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури, баҳолаш тизими жорий этилишини эълон қилди.

Бунда Президент ва ихтисослашган мактаблар уларга «таянч мактаб» бўлиши айтилди.

Бир йилда уларнинг иши баҳоланиб, янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама берилиши таъкидланди.

Келгуси беш йилда ушбу тизим барча мактабларда жорий қилиниши белгиланган.

2023 йил мактабларда дарс бериш учун хориждан 500 нафар «тил эгалари» олиб келингани, бу рақамлар келгуси йилда яна 1,5 мингга кўпайиши айтилди.

Таъкидланишича, бу йил мактабларни компьютер синфлари билан жиҳозлашга республика бюджетидан 320 млрд сўм ажратилиб, 40 мингга яқин компьютерлар олиб берилган.

Фанлар қисқариши ҳақида

Юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқаради.

Бунда олийгоҳга киришга иштиёқи бор бўлган 10-11-синф ўқувчиларига:

  • «Кимё – биология»; 
  • «Математика – физика»;
  • «Математика – чет тили»; 

«Она тили ва адабиёт – чет тили» фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади.

Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса, мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилиши айтилди.

Сентябрдан бошлаб, ушбу тажриба салоҳияти ва тайёргарлиги бор 135 та мактабда йўлга қўйилиши, келгуси ўқув йилидан камида 1 мингта мактаб ушбу тизимга ўтказилиши белгиланди.

Ўқув дастурларига қўшимча янги фанларни киритиш тақиқланди. Барча янги таклифлар мавжуд фанларга интеграция қилиниб тайёрланади.

Бепул йод тарқатилиши ҳақида

Давлат раҳбари уч йил олдин 15 ёшгача бўлган болаларга йод, витаминлар ва гижжага қарши дорилар тарқатиш амалиёти жорий қилингани ҳақида гапириб, бу амалиёт натижасида болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига таъсир кўрсатадиган қалқонсимон бези касалликлари камайишни бошлаганини билдирди.

Мирзиёев жорий йилда ҳам мактаб ўқувчиларига йод препаратларини бепул тарқатиш давом эттирилишини, бунинг учун етарли захира борлигини айтди.

Ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича

Билдирилишича, ҳар йили мактабларда 8 минг ўқитувчи ишга қабул қилинади, янги мактаблар ҳисобига яна шунча ўқитувчига эҳтиёж пайдо бўлади.

Энди ўқитувчиликка қабул қилиш танлов асосида бўлиши, бунда илк бор қабул қилинган номзодлар 1 йил ўқитувчи-стажёр бўлиб ишлаши, йил якуни билан касбий сертификат олиши лозимлиги қайд этилди.

Ўқитувчилар малакаси табақалашган ҳолда оширилиши, малака оширишдан олдин ўқитувчини билими диагностикадан ўтказилиши ва натижасига кўра индивидуал касбий ривожланиш йўналишлари белгиланиши билдирилди.

Бунда муаллимнинг билим кўрсаткичлари баҳоланади ва паст натижа олганлари бўйича ўзи ўқиган олийгоҳга рекламация юборилади, яъни бу натижалар педагогик олийгоҳлар фаолиятига учун ҳам баҳо бўлади. Паст натижа кўрсатган ўқитувчилар анъанавий усулда, юқори натижага эришганлари онлайн шаклда малака оширади.

Директорлар ойлиги ошиши ҳақида

Президент Мирзиёев мактаб таълимида бошқарув тизими ўзгаришини, жорий йилда директорликка номзодларни ўқитиш ва билимини баҳолашни амалга оширувчи «Директорлар мактаби» ташкил қилинишини айтди.

Директорликка номзодлар фақат сертификати бор ва захирага киритилган кадрлар орасидан танланиши, улар муддатли контракт асосида ишга олиниши таъкидланди

Қайд этилишича, директорлар ва ўринбосарлари ҳар беш йилда бир марта сертификациядан ўтади. Сертификациядан ўта олмаган директорлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинади. Давлат раҳбари масъулларга йил якунига қадар директор лавозими учун 1 минг нафар захира кадрларни шакллантириш топшириғини қўйди.

Сертификациядан ўтган директорлар ойлигини 50 фоизга, ўринбосарлар иш ҳақини эса 30 фоизга ошириш кўзда тутилгани билдирилди.

Ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳақида

2024 йилда инвестиция дастури доирасида мактаб қурилишига 3 трлн сўм ажратилиши (жорий йилда 2,5 триллион сўм берилган, 120 минг ўқувчи ўрни) бунинг ҳисобига 150 минг янги ўқувчи ўрни яратилиши таъкидланди.

Янги мактаб қуриш учун ер майдонлари фақат ва фақат мактаб қуриш учун мақсадли аукционга чиқарилиши маълум қилинди.

Президент амалий чора-тадбирлар орқали 2024 йилнинг ўзида 250 минг ёки ўтган йилга нисбатан 2 карра кўп ўқувчи ўрни яратилишини билдирди.

Мирзиёев масъулларга 2030 йилгача ҳар йили 100 тадан мактаб қурилишига хусусий шериклар жалб қилишни топширди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид