Бугун Европанинг кўплаб мамлакатларида АҚШнинг ҳарбий базалари бор. Уларда кўплаб америкалик ҳарбийлар хизмат қилишади ва турли ҳарбий техникалар сақланади.

1949 йилда НАТО (North Atlantic Treaty Organization – Шимолий Атлантика ҳарбий ташкилоти) тузилганда унинг таъсисчилари бўлган 12 давлат орасида Италия ҳам бўлган.

Кўп ўтмай Италияга бирин-кетин АҚШ ҳарбий базалари жойлаштирила бошланади. Бугун бу давлатда ўндан ошиқ АҚШ ва НАТОга тегишли ҳарбий базалар бўлиб, уларда ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳарбий-денгиз флоти ва қуруқликдаги қўшинлар жойлашган.

АҚШ ҳарбий базаларининг Италияда жойлашиши мамлакатнинг барча аҳолисига ёқади деб бўлмайди. Вазият туғилиши билан уларга қарши намойишлар ўтказиб туришади.

Энг йирик намойишлар 1998 йилда бўлиб ўтган ва одамлар Италиядаги АҚШ ҳарбий базаларини ёпишни талаб қилиб чиққанди.

Ўшанда намойишларга АҚШ ҳарбийларининг мамлакат шимолидаги Кавалезе курорти яқинида дор йўлини узиб юборгани, оқибатда 20 нафар сайёҳ вафот этгани сабаб бўлганди.

Ҳужжатли филмдан кадр

Ҳалокатдан аввалги вазият

Италия шимолида, Алп тоғлари бағрида жойлашган Трентино ҳудудида дунёдаги энг яхши тоғ-чанғи курортларидан бири Вал-ди-Фьемме жойлашган.

Бу курорт тоғли ҳудудда қурилган 11 та шаҳарчани қамраб олади. Шаҳарчаларнинг энг машҳури Кавалезе шаҳри ҳисобланади.

Шунингдек, Вал-ди-Фьемме курортига яқин жойда НАТОнинг ҳарбий базаси бор. У курортдан 70-80 километр узоқликдаги Авиано шаҳарчасида жойлашган.

Базада асосан НАТО ҳарбий-ҳаво кучлари жойлашгани учун, курорт тепасидан АҚШ ҳарбий самолётлари тез-тез учиб ўтади.

Вал-ди-Фьемме курортига ҳар йили дунёнинг турли давлатларидан бир неча юз минг сайёҳ дам олишга келади. Сайёҳларга бир вақтнинг ўзида 50 дан ортиқ дор йўллари хизмат кўрсатади.

Дор йўллари тез-тез замонавийларига алмаштириб турилади. Шу сабабли Вал-ди-Фьеммега келиб дам олувчилар улардан бехавотир фойдаланишади.

Бироқ 1998 йилда содир бўлган ҳалокатдан сўнг вазият бир муддат ўзгаради ва одамларда дор йўлларига чиқишда қўрқув пайдо бўлади.