Бу вақт ичида «Вагнер» Европа, Осиё ва Африкадаги қуролли можароларда иштирок этди, аммо ёлланма жангчилар Украинада энг қонли изларни қолдирди.

Украинадаги урушда улар фронтнинг энг мураккаб участкаларида пайдо бўлди ва йўқотишлар билан ҳисоблашмасдан, Россия армияси учун энг қора ишларни бажариб берди.

Украинада вагнерчилар қатнашган жанглар 

«Вагнер» ХҲК 2013-14 йилларда, Ҳонгконгда рўйхатга олинган ва хориждаги Россия компаниялари ва уларнинг ходимларини қўриқлаш учун мўлжалланган «Славян корпуси» номидаги бошқа бир хусусий ҳарбий компания негизида ташкил этилганди.

Янги компанияга ном унинг қўмондони, Бош разведка бошқармаси (ГРУ) махсус топшириқли бўлинмасининг истеъфодаги подполковниги Дмирий Уткиннинг чақирув белгисидан олинган.

Уткиннинг жанговар бўлинмаси асосан Россия хавфсизлик хизматларининг жиноий ўтмишга эга собиқ ходимларидан иборат эди.

«Вагнер»да фақат қўмондонлик штаби нисбатан доимий бўлиб, отрядлар шакллантирилиши ротация асосида олиб бориларди ва уларга мунтазам равишда янги ёлланма жангчиларни ёллаб туриш талаб этиларди.

Хусусий ҳарбий компания эгаси Россия президентига яқин бўлган бизнесмен Евгений Пригожин эди (гарчи у узоқ вақтгача буни рад этган ва ҳатто бунинг учун ОАВ билан судлашган бўлса ҳам), ёлланма жангчилар ҳаракати эса, Украина хавфсизлик хизматларига кўра, сўнгги йилларгача Бош разведка бошқармаси томонидан мувофиқлаштириб келинган.

2014 йилдаёқ вагнерчиларни Қрим ва Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларга жалб эта бошлашади. Бир ярим йил ўтиб хусусий ҳарбий компания жангчиларининг катта қисми Россия Башар Асад режими томонида туриб исёнчиларга қарши курашга қўшилган Сурияга ўтказилади.

Россия армияси 2022 йил февралида Украинага бостириб кирганида муваффақиятсизликка учрагач, Кремл вагнерчиларни Донбассга қайтаришга мажбур бўлади.

«Вагнер» ХҲК тарихидаги кулминация 2023 йил июн ойига тўғри келади, ўшанда Бахмут учун узоқ давом этган жанглардан кейин Пригожин ҳарбий раҳбариятдан норози бўлиб, «Москвага юриш» қилганди.