Жамият | 12:21 / 30.08.2023
15768
7 дақиқада ўқилади

«Мунгли кўзлар» – қинғир ишлар учун «бадал» бўлган болалар фожиаси

Сўзлар билан ифодалаб бўлмайдиган туйғуларни кўзлар айтиб туради. Кўзлардан ҳар қандай ҳолатни аниқлаб олса бўлади. Инсоннинг бошқа ҳеч қайси аъзосида бўлмаган хусусият кўзларда мавжуд. Кўз бу – қалб тили. Бола қароғларидаги мунгга ҳеч бир жони бор зот чидолмаса керак. 

Фото: Asaxiy.uz

Нега айнан бола? Болаларнинг кўзи ўзгачами? Ҳа, ўзгача. Бола кўзига беғуборлик, беташвишлик ярашади. Лекин Худойберди Тўхтабоевнинг «Мунгли кўзлар» асари қаҳрамонларининг кўзларида эса бутун олам ташвишларини кўрамиз.

Тўғри йўл томон бормоқчи бўлган, аммо оқибатда оиласи парокандалигига сабабчи бўлганидан азобдаги Акбар, жигарларидан бирин-кетин ажраётган, нимадир қилишга уринаётган-у, аммо уддасидан чиқолмаётган жабрдийда Зафар, ёшлигига, ғўрлигига бориб қурбон бўлган Зуфар, ҳали онанинг этагидан ажрамаган, ажраганда эса айрилиққа чидолмаган қизалоқ Нигора — булар ҳам бола эди, беғубор эди. Буларнинг кўзлари ҳамиша порлаб турарди. Бу порлаш бир кечада сўнди. Сўнишига сабаб бўлган омиллар: бойликка ружу қўйиш, оддий турмушдан чекиниш. 

Сюжет:

Асар бош қаҳрамон Зафар тилидан ҳикоя қилинган бўлиб, у ота-онаси билан фахрланиб юрар, уларга ўхшашни жуда истарди. Оиланинг тўнғич фарзанди Акбар эса ногирон бўлса-да, уларнинг бу ишлари узоққа бормаслигини биларди. Қайсарлик қилиб овқат емас, ойиси олиб берган кийимларни ҳам киймасди. Акбар қалби бутун бола эди. Чунки у тўғрисўзликни, ҳалолликни муаллими Атоулло Исаевичдан ўрганган, китобларга чексиз меҳр қўйганди. Акбарнинг китобга қизиқишини кўриб, ота-онаси устидан кулар, китоб одамни жинни қилишини таъкидларди.

Акбар оиласидаги муҳитни умуман қабул қилолмасди. Чунки устози Акбарга ҳалол меҳнат қилиш гаштини кўрсатиб берганди. Қизиғи, Акбар ҳам, Зафар ҳам ота-оналарини бирдек яхши кўрарди. Фақат Акбар отасининг порахўр, онасининг эса чайқовчи эканини сира ҳам ҳазм қилолмасди. Акбар бир кун келиб бу ишларнинг оқибати фожиали бўлишидан қўрқиб яшайди. Оқибатда ўзи ҳам яхши англамаган ҳолда, яъни уларни хавфдан огоҳлантириш мақсадида ота-онасининг устидан юқорига ёзиб юборади. Акбар оиласига ёмонликни зиғирча бўлса ҳам раво кўрмасди. У шунчаки ўз ҳақиқатини англатмоқчи эди. Аммо фожиа устига фожиа юз берди. Oнаси вафот этди, отаси эса узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди… 

Кескин ўзгаришлар болалар руҳиятига жиддий зарба берди. Айниқса, Акбар кўп қийналарди, ўзини айбдор каби ҳис қиларди. Унинг ягона истаги оила муҳитини ўзгартириш, ота-онасини ҳалол яшашга мажбур этиш эди. Аммо ҳаммаси бошқа ўзанга бурилиб кетди. Болалар руҳи чўкди. Нигора оғир хасталикка йўлиқди. Зуфар эса кибрга берилиб, хатоси туфайли фожиали ҳалок бўлди. 

Тўғри, Зафарга ҳам бу воқеалар таъсир қилди. Аммо у ўзгара бошлади. У гарчанд бой бўлишмаса ҳам Атоулло муаллим хонадонида хотиржамликни, бир муддат аммасиникида яшаганида у ерда ҳалол меҳнат қилиш гаштини кўрди. Уни ноҳақ бўлса-да бир муддат ахлоқ тузатиш колониясига юборишди. У колонияда аччиқ қисмат эгаларининг тақдирини кўрди, хулосалар чиқарди, ҳунарли бўлди. Фикрлари бутунлай ўзгариб, энди олдинги Зафардан фарқ қилишни бошлади. 

Шундай эса-да, ота-онасининг хотиралари уни тинч қўймасди. Оиласининг барбод бўлишида, ўзининг наздида «ҳисса қўшган» икки йирик бойнинг уйига ўт қўйди. Бу қилмишини тан олиб, ўз оёқлари билан маҳкамага борди. Аммо уни руҳияти зўриққанликда, аниқроғи, жинниликда айблашди. Зафар руҳий касаллар шифохонасида оғир ҳолатларни бошидан кечирди. 

Бу воқеалар атрофида акаси Акбар ўзини-ўзи ёқиб юборди. Зафар ҳамма нарсани: данғиллама уйи, ота-онаси, ўсмирлик даври, акаси Акбарни, укаси Зуфарни йўқотди. Кўплаб «дўстим» деганларининг хиёнатига учради, аксинча, душман деб юрган Атоулло муаллимдан кўп марҳамат кўрди, аммасининг меҳрибончилигини кўриб ёнида суянадиган тоғи борлигидан мамнун эди. Асар сўнгида шундай иқрорга келди: «…Бу ердан эсон-омон чиқсам, сен орзу қилгандек, ҳалол яшайман, эшитяпсанми, акажон, ҳалол яшайман! Бу гапни мен сенга, мана, йиғлаб айтяпман. Ҳаромхўрликка қарши курашаман, эҳтимол, орзум ушалиб, прокурор бўларман. Лекин курашаман, қаттиқ курашаман...»

Таҳлил:

Худойберди Тўхтабоев бу асари орқали бола руҳини парваришлаб, гўзал ишлов бериш ҳам, уни таназзулга олиб бориш ҳам ижтимоий муҳитдан эканлигига ишора қилади. Асарни ўқиркансиз бойларнинг ҳам ҳаёти орзу қилар даражада эмаслигига, жиноятчиларнинг занжири узундан узунлиги, бир-бирига узвий боғланганлигига, бу занжир фақат бойликдан иборатлигига амин бўлиб борасиз. 

Асарда Акбар образи бекорга мажруҳ қилиб кўрсатилмаган. Ёзувчи бу ҳолат билан «аслида бу бола эмас, бойлик кетидан қувган, китоб одамни жинни қилади деган, пул учун бир-бирининг кўзини чўқиган шу қузғунлар мажруҳ» демоқчи бўлган. Асарда Атоулла Исаевич, Акбар, Чиғноқ сингари бир неча ёрқин, ижобий образлар учрайди. Нега уларнинг сони кам? Чунки ўғриларнинг атрофида ўғрилар, тўғриларнинг атрофида тўғрилар кўп бўлади.

Каримовларнинг хонадони қайси туркумга мансуб экани китобхонга аён. Акбар ҳам шу оиланинг аъзоси. Нега у ҳам Зафар сингари ота-онасининг йўлидан юрмади деган саволга ҳам мутолаа давомида аллақачон жавоб топилгани тайин. Бунинг асосий сабаби китоблар эди. Ҳа, ўша «мияни айнитиб, жинни қиладиган» китоблар. Акбарнинг қалб кўзини очган, оқ-қорани танитган, виждонини уйғотган ҳам ўша китоблар эди. Бунда муаллимнинг ҳам ҳиссаси катта, албатта. Асар билан танишиб бораркансиз порахўрлар, чайқовчилар, қаллоблар кўп эканлиги, фақат кўзимизга кўринмаслигини билиб оласиз. Илгари бир-икки кўзингиз тушганда «гуруч курмаксиз бўлмас экан-да» деган бўлсангиз, асардаги қаҳрамонларни ўқиб «гуручдан курмак кўп экан-ку!» дейсиз.

Худойберди Тўхтабоевнинг болалар ёзувчиси эканлиги маълум. Шу сабабдан ҳам ушбу асарда бола психологиясини сўз орқали расмдек чизиб берган. Аввало, асар бола тилидан ҳикоя қилинганлиги, бола соддаларча тасвирлаб бераётган хатти-ҳаракатлар аслида фожиа эканлиги китобхонни ўзига жалб қилади.

Бола ҳеч қачон ота-онасидан нафратланмайди. Нафратланолмайди. Акбар ота-онасиданмас, улар қилаётган жиноятлардан нафратланарди. Бир куни оиласи мана шундай пароканда бўлишидан қўрқарди. Ўзи сабаб бўлиб қолиш эса етти ухлаб тушига кирмагандир.

Қуш инида кўрганини қилади. Зафар ҳам ота-онасининг «касби» нинг моҳир устаси бўлиши мумкин эди. Аммо бу йўлдан қайтиши учун анчагина «бадал» сарф этилди. Қанча кўргиликлар бошдан кечиришига тўғри келди. Аммо охири англаб етгани тиллолардан қадрлироқ бўлган тўғрилик эди. Инсонни янчиб ташлаш мумкин, бироқ енгиб бўлмайдими дегани шу бўлса керак. Зафар енгилмади, у зафар қозонди…

Гуласал Қодирова, китобхон

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид