Жамият | 20:26 / 15.10.2023
16810
6 дақиқада ўқилади

«Муқаддас» – севги йўлидан айрилиқ манзилига борган йигит ҳақида қисса

Ҳақиқий муҳаббат бебаҳо туйғу. У қалбни янгилайди, дилни поклайди, юракни жўштириб, жисмни ғайратлантиради. Севиб қолган инсон ўзини ҳар нарсага қодир ва тайёрдек ҳис қилади. Бораётган йўли тўғрими ё эгри фарқлолмай, фақат севгиси томон интила бошлайди. Кўплаб хатоларга ҳам севги сабаб йўл қўйилади. 

Одил Ёқубовнинг «Муқаддас» қиссаси бош қаҳрамони Шарифжон ҳам севгига олиб борадиган йўлдан юряпман деб ўйларди...

Сюжет:

Шарифжон заводда ишлайди. Ишхонасидан таътил олган вақти имтиҳон кунларига тўғри келгани учун ўқишга топшириб кўрмоқчи бўлади. Имтиҳонга бориб келиб юраркан, Муқаддас исмли қизни севиб қолади. Улар бир-бирига ёрдам бериб юради ва Муқаддас ҳам Шарифжонни ёқтиришини билдиради. 4 та фандан имтиҳон топширишади. Муқаддас 18 балл, Шарифжон эса 16 балл тўплайди. Афсуски, энг камида 17 балл тўплаган абитуриент ўқишга қабул қилинарди. 

Йигитнинг руҳи тушиб кетади. Ўқишга киролмаганидан ҳам кўра Муқаддас билан ўқиёлмай қолишидан кўпроқ сиқилаётганди. Аслида, ўқимаган тақдирда ҳам тайёр иши, ажойиб ҳамкасблари бор эди. Аммо унга Муқаддасдан айрилиш жуда оғир ботди. Лекин Муқаддас йигитнинг кўнглини кўтариб, кейинги йил имтиҳонгача садоқат билан кутишга ваъда бериб, уйларига – Бекободга кетди. 

Шарифжон ишхонасига томон йўл олди. Ҳамкасбларини соғинганини ҳис қилди. Ўқишга ишхонадагиларга билдирмай топширганидан виждони қийналиб юрганди. Айниқса, Сулаймон акага буни қандай айтишни билмаётганди. Шарифжоннинг отаси инжинер эди. Машинасозлик заводида Сулаймон ака билан ишлаганди. Урушга ҳам иккиси бирга кетади. Шарифжоннинг отаси қайтмайди. Онаси Раҳима эса ҳозирги ўгай отасига турмушга чиқади. Отаси бошқа эканини яқинда билган йигит падарининг касбини давом эттиришга аҳд қилиб, Сулаймон аканинг ёнида ишлай бошлайди.

Ишхонага бориб, ҳамкасбларини кўриб уйга қайтса, ота-онаси уни кутиб ўтирганини кўради. Шарифжон иншодан уч олганди. Ўгай отаси институтда ўқитувчилиги учун амаллаб домлалар билан гаплашиб, иншосини қайта ёздириш учун уйга олиб келганди. Бундай ноқонуний ишга аввалига йигит кўнмайди. Аммо онаси «Отангнинг орзуси сени ўқитиш, инжинер қилиш эди», деб туриб олгани учун ва айниқса, Муқаддас билан беш йил бирга, бир курсда ўқишни ўйлагани учун иншони қайта ёзишга киришади...

Бир неча кун ўтгач институтга боради. Буйруқ чиқибди. Аммо рўйхатни қараб Муқаддаснинг исм-фамилиясини тополмади. Ҳайрон бўлиб, деканатга йўл олади. Йўлда Муқаддасни учратади. У ҳам деканатга чиқиб кетаётганди. Уёқ бўлиб-бу ёқ бўлиб билишсаки, Муқаддаснинг ўрнига Шарифжон ўқишга қабул қилинган бўлади...

Ҳақиқатни билгач йигит эсанкираб қолади ва қилиб қўйган ишининг оқибати қанчалар даҳшатли эканини англайди. Муқаддасга тушунтирмоқчи, бундай бўлади деб ўйламаганини айтмоқчи бўлади. Аммо «Менинг ўрнимда бошқаси бўлгандаям бу қанчалик адолатсизлик бўлишини ҳис қилмаяпсизми?» деган жавобни олади. 

Муқаддас кетади. Ўқишдан ҳам, шаҳардан ҳам, Шарифжондан ҳам...

Таҳлил:

Кўп ҳолларда билиб-билмай худбинлик қилиб қўямиз. Аммо бу худбинлигимизнинг бадали қанча бўлишини, кимларнинг ҳаётига қанчалик дахл қилишини билмай қоламиз. Шарифжонда ҳам айни шу ҳолат юз берди. Муқаддас ҳақ эди. Муқаддас эмас, бошқа абитуриентнинг ўрнига қабул қилинган тақдирда ҳам бир инсонга жабр бўлмасмиди? Неча йиллик меҳнатлари, яна бир йил умри ноҳақ куймасмиди? Ўқишга кирдим деб хурсанд бўлиб кетиб, икки-уч кундан сўнг киролмаганини билгач тушкунликка тушмасмиди? Айнан шундай оқибатларни ўйлаш керак эмасми?!

Шарифжон-ку майли, ёш экан. Ғўрлик қилибди, севгидан боши айланибди. Аммо унинг онаси-чи? Марҳум отаси ўғлини ўқитишни орзу қилгандир, лекин бу иш ноқонуний тарзда амалга ошишини истамагандир. Умуман олганда, катталар доим ўз армонларини болалари орқали ушалтиришга уринади. Аслида бу катта хато. Боланинг ўз фикри, дунёқараши, мустақил танловлари бўлиши керак. Раҳима ҳам айнан шу йўлдан борди. Эрини ҳам, ўғлини ҳам қинғир ишга мажбурлади. Бу йил киролмаган бўлса, кейинги йил кириши мумкин эди-ку. Ўғли ҳам аллақачон шунга аҳд қилиб бўлганди...

Яқин йилларгача ўқишга кириш имтиҳонларида сохталик, қинғирлик ҳолатлари жудаям кўп кузатиларди. Алифни ҳам билмайдиган болага тайёр ишланган тестларни олиб кириш, телефон ишлатишига рухсат бериш, ёрдамчи маълумотлардан фойдаланишига йўл қўйиш каби ноқонуний чоралар ҳар қадамда учрарди. Буларни кўриб турган ҳақиқий абитуриентлар тушкунликка тушиб қолганлари ҳам бор гап. Айнан қинғир йўл билан ўқишга кирган болаларнинг баллари энг юқори кўрсаткичларда қайд этиларди. Ҳақиқий меҳнат қилган, ўз кучи билан имтиҳон топширган бола эса шартнома асосида қабул қилиниб, йиллаб ноҳақ маблағ тўларди.

Бу ҳам майли, энг юқори натижа билан кирган зўрнинг боласи алифниям билмай битиради ва эртага ишлаш жойини расво қилишдан бошқасига ярамайдиган кадр бўлиб етишади. Оқибатда эса жамиятда тартибсизлик, парокандалик, ҳар битта соҳада таназзул юзага келади. Айтинг-чи бундай жамиятнинг келажаги бўладими кейин?

Ёзувчи Шарифжон ва Муқаддас тимсолида шундай қинғирликлар ва уларнинг кейинги оқибатларини кўрсатиб бермоқчи бўлган. Оқибат нима бўлди? Шарифжон ҳам севгисидан, ҳам обрўсидан, энг ёмони, виждонидан айрилди. Бебурд бўлди. Ўйланмай босилган биргина қадам бутун орзуларини барбод қилиб, қалбида ўчмас доғ қолдирди. Агар йиқитилган талаба Муқаддас бўлмаган тақдирда, ҳеч нарса очиқланмаган тақдирда, Шарифжон ўқишни тамомлаган тақдирдаям унинг олган дипломи, дипломи орқали топган нони ҳам ҳалол бўлмас эди. 

Ҳақ эгасини танийди. Ҳалол тангани океан остига тушириб юборса-да, эгасини топиб келади. Шундай экан, ҳар бир инсон бировнинг ҳаққини ўзлаштиришдан, ўрнига кўз тикишдан, бахтсизлиги эвазига бахт топишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Зеро, барчасининг жавоби бор...

 

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери