Иқтибос: Ўлиш сенинг иродангга боғлиқ эмас. Ҳеч ким ўлишни истамайди ва ҳеч зот айнан унинг ўзи ўлдирилишини билмайди. Ўлдириш – иродага боғлиқ, урушда эса – мажбурий, шарт қўйилган иш. Лекин ўзингга ўзинг қандай айтасан: ўлдирайми, ўлдирмайми?
Инсоният икки йирик Жаҳон урушини бошдан кечирди. Бу урушлар қанча кулфат, мусибат, азоб келтириб чиқаргани барчага аён. Аслида ҳар қандай урушнинг фойдалиси бўлмайди. Чунки урушлар жаҳолат, адоват, разолат сингари чиркин сабаблар орқали келиб чиқади.
Урушга борган одам кимнидир қонини тўкишга, ўлдиришга мажбур. Ўлдирмаса, ўзини ўлдиришади. Ўлдирса, ўзлигидаги тоза руҳи булғанади, “мен”и ўлади, қўли қонга булғанади. Ҳар икки йўлда ҳам ютқизиғи муқаррар. Хўш нима қилиш лозим? Чингиз Айтматовнинг «Қулаётган тоғлар» асарига эпилог шаклида берилган «Ўлдир – ўлдирма» ҳикояси қаҳрамони Сергий ҳам айни шундай аросат йўлда, ўйда қолди. Урушга кетаркан, ўлдирсамми, ўлдирмасамми, дея иккиланиб борарди...
Сюжет:
19 ёшли Сергий урушга отланди. Бир қанча ой ҳарбий машқлар билан овора бўлган йигитга опасидан хат келади. Хатда унинг дилини хира қиладиган хабар ёзилганди: Наташка ўзидан анча катта бўлган эркакка турмушга чиққанди. Бундан йигитнинг кўнгли ғашланди. Гарчи қиз билан ўрталарида тайинли бирор гап ўтмаган бўлса-да, унинг туйғулари Наташкага нисбатан жуда беғубор ва самимий эди.
Наташа билан Сергий бир синфда ўқирди. Йигит кўпдан бу қизга нисбатан ўзида илиқлик сезиб юрарди. Бу илиқлик мактаб кечасидаги байрамдан, бирга рақс тушиб, суҳбатлашганларидан сўнг аланга олганди. Наташанинг ўзи Сергийни рақсга таклиф қилди ва:
– Мен сенга ёқаман. Менга эришишни орзу қиласан. Билсанг, мен ҳам сенга бефарқ эмасман, – деб айтади. Бундан эса йигитнинг боши осмонга етади. Аммо уларнинг муносабати шу суҳбат билан кифояланади. Яъни кейин улар қайтиб тузук-қуруқ сўзлашмайди. Орада Сергий урушга кетадиган бўлиб қолди. Бу хабарни юраги хапқириб севиклисига айтганда, қиз буни совуққонгина қабул қилди. Шу билан улар айрилади.
Йўлга ҳозирланаркан онаси тинмай урушда қон тўкма, ҳеч кимни ўлдирма дея тайинларди. Буни эшитиб отасининг фиғони фалакка чиқарди. Урушда одам ўлдирмаса уни ўлдиришларини, бусиз имкони йўқлигини тушунтирарди. Ота ҳам Биринчи жаҳон урушида қатнашган бўлиб, кўплаб қирғинларни кўрган, одам ўлдирган, дийдаси қотган тажрибали собиқ аскар эди.
Поезд кутиб сафда турган Сергийнинг ёнига лўли хотин келади. Шунча йигитлар қолиб айнан Сергийга фол очишни истайди. Қўярда қўймай кафтини очиб фол кўра бошлайди.






