Жаҳон | 16:48 / 01.09.2023
14267
6 дақиқада ўқилади

Донецк яна ўққа тутилди, Запорижжяда эвакуация. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 554-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари Украинада ишлаб чиқарилган узоқ радиусли қуроллар билан 700 километр масофадаги нишонлар йўқ қилинганини айтди. У катта эҳтимол билан Псков аэропортига қилинган ҳужумни назарда тутган.
  • «Вагнер» ХҲК командири Дмитрий Уткин Митишчидаги «Ватан ҳимоячилари пантеони» қабристонига дафн этилди.
  • Брянск устида дрон овловчи милтиқ ва «махсус карабин» билан учта дрон уриб туширилди, деб хабар берган губернатор.
  • Зеленский агар навбатдаги сайловлар уруш даврига тўғри келса, иккинчи муддат учун ҳам номзодини қўйишини билдирди.
  • ФСБ Брянск областида икки нафар «украин диверсантлари» ўлдирилгани ва яна беш киши қўлга олингани ҳақида хабар берди.
  • «Рус кўнгиллилар корпуси» Курск областидаги ҳарбий аэродромга 27 августга ўтар кечаси уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
  • Москва областидаги Воскресенск районида дрон уриб туширилди. Москва аэропортларидаги парвозлар туфайли юздан ортиқ рейслар кечиктирилди.
  • Дронлар ҳужуми туфайли ёпиб қўйилган Псков аэропорти фаолияти тикланди.

Кун кадри. Запорижжя областидан болаларни эвакуация қилиш жараёни

Август ойи охирида Украина ҳукумати Запорижжя областидаги бешта аҳоли яшаш манзилидан болалар мажбуран эвакуация қилинишини маълум қилди. Бу Украина қуролли кучларининг ушбу ҳудуддаги қарши ҳужуми ҳал қилувчи босқичга киргани ҳақидаги хабарлар фонида бўлмоқда. «Громадске» нашрига кўра, мунтазам равишда Россия ҳарбийлари томонидан ўққа тутиб келинаётган Гуляйполе шаҳри, шаҳар типидаги Степногорск посёлкаси, шунингдек Преображенка, Егоровка ва Новопавловка қишлоқларидан 54 нафар бола ва уларга ҳамроҳлик қиладиган 67 нафар катта ёшли кишини эвакуация қилиш режалаштирилган.

Полиция ходимлари фронт чизиғи яқинидаги Степногорскдан эвакуация чоғида болаларга зирҳли нимча кийдирмоқда
Reuters / Scanpix / LETA

Украина ҚКнинг Запорижжя областидаги юриши

Украина қуролли кучларининг мамлакат жанубидаги қарши ҳужуми бошланганига қарийб уч ой бўлмоқда, аммо фақат август ойи ўрталарига келиб ҳал қилувчи босқич бошланди. Агар аввал украин қўшини нисбатан кичик кучлар билан Днипро соҳилларидан Бахмутга қадар бўлган турли йўналишларда ҳужум қилган бўлса, энди қўмондонлик икки асосий участкани белгилаб олган. Украина қуролли кучлари асосий зарбани Запорижжя областида, Орихивдан жанубда Токмак шаҳри йўналишида бермоқда, муваффақиятга эришилган ҳолда Мелитополга қадар етиб бориш мумкин.

Украинларнинг ҳарбий самолёти фронт чизиғи яқинида
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Украинанинг «Град» баравар ўт очиш реактив тизими Запорижжя областидаги йўлда
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбийлар ўз позициялари атрофида чиққан кичик ёнғинни ўчирмоқда
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA

Бахмут атрофидаги украин жангчилар 

Украиналик аскар Бахмут яқинидаги олдинги чизиқда биноклдан атрофни кузатмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Украиналик аскарлар ярадор қуролдошига ёрдам кўрсатмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Бахмут атрофидаги ярадор украин аскари
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Донецк ўққа тутилиши

 

31 август куни Украина қуролли кучлари Донецкнинг Киров районини ўққа тутди, бу ҳақда шаҳарнинг Россия томонидан тайинланган мэри Алексей Кулемзин ўз телеграм-каналида маълум қилди. Россиядаги пропаганда нашрларидан бири «Известия» маълумотига кўра, снарядлар портлаши оқибатида автомобил гаражи ёниб кетган, атрофдаги турар жой бинолари шикастланган. Кулемзиннинг маълумотига кўра, ҳужум вақтида тинч аҳоли вакилларидан бир неча киши жабрланган, уларнинг сонига аниқлик киритилмоқда. Шаҳарнинг Кремл таъсиридаги маъмурияти Киров районига еттита снаряд келиб тушгани, Украина ҳарбийлари гўёки кассетали ўқ-дорилар қўллагани ҳақида маълум қилган.

Россия ФВВ ходимлари Донецкнинг ғарбий чеккасидаги Лидиевка посёлкасида
Лидиевкада яшовчи киши ҳужум оқибатида чиққан ёнғинни қўлда ўчиришга уринмоқда
Донецкда снарядлар келиб тушган ҳудуд аҳолиси вакиллари

Псков аэропортида ёниб кетган Ил-76 самолётлари

Фуқаролик рейсларини ҳам, ҳарбий самолётларни ҳам қабул қиладиган Псков аэропорти 30 августга ўтар кечаси дронлар ҳужумига учраганди. Аэропортда РФ армияси 76-десант-штурм дивизияси учувчиларининг Ил-76 самолётлари жойлаштирилган. Псков дивизияси Россия қўшинларининг Украинага босқинининг дастлабки босқичида, жумладан, Киев областининг Буча шаҳрини оккупация қилишда иштирок этган.

Псков областидаги Крест авиабазасининг сунъий йўлдош орқали олинган тасвири. Унда украинлар дрони зарбаси оқибатида камида иккита Ил-76 русумли ҳарбий транспорт самолётлари шикастланганини кўриш мумкин
Umbra Lab, Inc. / Reuters / Scanpix / LETA
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид