Спорт | 14:29 / 02.09.2023
22800
12 дақиқада ўқилади

«Арсенал» - «МЮ» ва ҳафтанинг яна энг муҳим 4 тўқнашуви

Фото: Getty images

Сўнгги кунларда Европа футболи бизни зериктирмади. ЕЧЛ қуръаси кузда бизни қандай учрашувлар кутиб турганига ойдинлик киритган бўлса, бугун трансферлар ойнаси ёпилди ва бир қатор эътиборли трансферлар амалга ошди. Дам олиш кунларидаги ўйинлар шу томони билан ҳам қизиқ – энди жамоалар якуний шаклга эга бўлишди ва камида қишгача мана шу таркибда белгиланган вазифаларни бажаришга киришишади. Албатта, дедлайни 7 сентябргача бўлган Саудия Про лигасининг сўнгги ҳамласидан қутулиб қолишса...

БРАЙТОН – НЬЮКАСЛ (2 сентябрь, 21:30)

«Ньюкасл» учун жуда қийин тақвим тузилганини таъкидлаш керак. «Астон Вилла» билан бошланган мавсум «Манчестер Сити», «Ливерпуль», ана энди «Брайтон» билан давом эттирилади. Шу ҳолатдаям «қарғалар» яхши позиция эгаллашлари мумкин эди, аммо ўтган турда бир киши кўп бўлиб туриб ҳам «Ливерпуль» билан ўйинда устунликни бой бериб қўйишди. «Брайтон» эса кўпчилик учун кутилмаганда «Вест Ҳэм»га имкониятни бой бериб қўйди. Ўйиннинг дастлабки ярим соатида «Вест Ҳэм» атиги 30 маротаба пас амалга ошириб, аммо ҳисобда олдинда бўлгани турли «мемлар»га айланиб кетди. Нимаям қилардик, бу биз билган «Брайтон», бошқачаси қизиқ эмас.

Тўп назорати, техник устунликларга урғу берадиган «Брайтон»нинг ўзининг бутунлай тескариси бўлган, «болғамисол» услуб билан рақибларини ер тишлатадиган «Ньюкасл» билан тўқнашуви айнан услублар қарама-қаршилиги жиҳатидан ҳам қизиқ бўлади. Ўтган мавсумда «Ньюкасл»нинг прагматизми ҳар икки ўйинда ҳам устун келган, умуман қаторасига беш ўйиндан бери «Брайтон» рақиби устидан ғалаба қозона олмаяпти. Охирги 16 ўйинда эса кучлар тенг – ҳар икки томонда ҳам бештадан ғалаба.

Таркибларга келсак, мезбонлар сафида Энсисонинг жароҳати бироз ачинарли. Ўтган мавсум кашфиёти бўлган ва МакАллистернинг кетишидан кейин асосий ролга чиқиши кутилган парагвайлик футболчи тиззасидан жароҳат олган. Унинг қачон сафга қайтиши аниқ эмас. «Ньюкасл» сафида эса бир неча кунга четга чиққан Уиллокнинг жароҳатидан ташқари, Жоалинтон ва Ботманнинг майдонга тушиши сўроқ остида.

Яна бир кичик воқелик – мухлислар Ансу Фатининг Англиядаги дебютига гувоҳ бўлишлари мумкин. «Брайтон» 20 ёшли ҳужумчини ижарага олишга муваффақ бўлди. Меҳмонлар учун эса трансфер ойнасининг сўнгги кунлари анча сокин кечди. Чемпионлар лигасидаги оловли қуръани инобатга олмасак, албатта.

НАПОЛИ – ЛАЦИО (2 сентябрь, 23:45)

Ўтган мавсумнинг илк икки ўрни эгалари 3-турда куч синашади. Фақат «Лацио»нинг жуда муваффақиятсиз дебюти учрашув афишасига соя солиб турибди. Римликлар икки аутсайдер – аввал «Лечче, кейин эса уйда «Женоа»га имкониятни бой бериб қўйди. Энди қийин палла бошланяпти, аввал «Наполи» майдонига сафар, ҳамда 4-тур «Ювентус»га қарши кечади. «Лацио» дастлабки 4 турда очкосиз қолиш хавфи бор. Сарри жамоаси трансфер бозорида ҳам мағлубиятга учради, деб айтиш мумкин. Милинкович-Савичнинг Саудияга кетгани, сўнгги кунларда Гринвуд трансфери амалга ошмай қолганини эътиборга олсак, ҳаммаси режа бўйича кетмаётганини тахмин қилиш мумкин.

Фото: Getty images

«Наполи» ўтган йилги мавсумни давом эттираётгандек гўё. Икки турда икки ишончли ғалаба қўлга киритилди. Энг муҳими йил кашфиётлари Осимҳен ва Хвичанинг сақлаб қолингани жамоанинг бир йиллик чемпион эмас, доимий равишда юқори ўринлар учун даъвогарлик қилиш нияти борлигини кўрсатиб турибди. Кимнинг «Бавария»га кетиши бор, тўғри, аммо Раҳмани – Хесус жуфтлиги ҳозирча кореялик ҳимоячининг йўқлигини билдирмаяпти.

Қизиқ факт. Уч ўйиндирки бу жамоалар ўртасидаги тўқнашувларда меҳмонларнинг қўли баланд келмоқда. Аввал «Наполи» икки марта Римда бир хил – 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, сўнгги учрашув Неаполда «Лацио»нинг 1:0 ҳисобидаги муваффақияти билан якунланди.

ЛИВЕРПУЛЬ – АСТОН ВИЛЛА (3 сентябрь, 18:00)

«Ливерпуль» бирминҳемликлардан уч йил олдин 2:7 ҳисобидаги мағлубиятни ҳам, айнан ушбу жамоа билан дуранг ўтган мавсумда Чемпионлар Лигаси умидидан маҳрум қилганини яхши эслайди. Клопп шогирдлари дастлабки турларда қийин жамоаларга қарши 7 очко олган бўлса-да, ўйин жиҳатидан муаммолар кўплигини, «Астон Вилла» эса айнан муаммоли жамоаларга қарши самарали ўйнай олишини яхши билишади. Хуллас ҳар икки томондан ҳам жиддий тайёргарлик ва жуда қийин учрашувни тахмин қилиш мумкин. «Ливерпуль» айниқса, яримҳимоянинг янгиланиши билан муаммоларга дуч келмоқда, бунинг устига Эндо, МакАллистер, Собослаи каби янги футболчилар ўзаро тил топишишига ёрдам бериши лозим бўлган ўйинларда жамоа бир киши кам бўлиб қолмоқда. «Борнмут»да МакАллистер, «Ньюкасл»да ван Дейк қизил карточкага лойиқ кўрилдилар.

Фото: Getty images

«Астон Вилла» анча эътиборли трансферлар амалга оширгач, кўпчилик юқори ўринлар учун даъвогарлардан бири бўлишини тахмин қилди, ҳатто ЕЧЛ ўринлари учун курашиши мумкинлигини айтганлар бор. Лангле, Дзаньоло, Диаби, Пау Торрес, Тилеманс – ҳар қандай топ клуб ҳам ҳавас қилиши мумкин бўлган харидлар, шундай эмасми? «Ньюкасл»дан мағлубият бу фаразларга соя солган бўлса-да, Эмери шогирдлари тезда ўзларини ўнглаб олишди. «Эвертон» ва «Бёрнли» устидан ишончли ғалабалар, орада Конференциялар кубогида «Ҳиберниан» дарвозасига икки ўйинда жавобсиз 8 гол жамоада ҳаммаси жойида эканидан далолат қилмоқда.

Ярим ҳимояни трансфер ойнасининг сўнгги кунида Гравенберх билан ҳам тўлдирган «Ливерпуль» навбатдаги ўйинларда ҳимоя марказида муаммоларга дуч келади. Юқорида тилга олингандек, ван Дейкда қизил карточка бор ва дисквалификация туфайли ушбу учрашувни ўтказиб юборади. Конате аввалроқ жароҳат олган ва бир ойгача жамоага ёрдам бера олмайди. Натижада ҳимоя марказида умуман учинчи ва тўртинчи танловлар майдонга тушишга мажбур. Меҳмонлар таркибида эса йўқотишлар кўпроқ. Коутиньо, Дендонкер, Мингз, Буэндия, Рэмзи, Траоре каби футболчилар жароҳатланган. Шунингдек, бир неча ўйиндирки «Астон Вилла» дарвозасини Робин Улсен қўриқламоқда. Мартинес сафга қайтган бўлса ҳам, ҳали қанчалик тайёр экани маълум эмас.

АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (3 сентябрь, 20:30)

Ўтган мавсумда «Манчестер Сити»дан кейинги ўринларни эгаллаган ва ёзда сезиларли равишда таркиб бўйича кучайган бу икки жамоа чемпионлик пойгасида «Сити»га қаршилик қилишлари кутилганди. Аммо ҳозирча ҳар иккиси ҳам турли муаммоларга ўралашиб қолди. «Арсенал» асосан Райс, Ҳаверц каби янги футболчиларга мослашиш, майдонда уларнинг устунликларидан максимал даражада фойдаланиш йўлларини қидираётган бўлса, «Манчестер Юнайтед»да жароҳатлар эпидемияси бошланди. Клуб таркибни кенгайтириш ўрнига, сўнгги кунларда Мэйсон Маунт ва Люк Шоунинг ўрнини қишгача тўлдириб туриши лозим бўлган номзодларни саралаш билан ўтказди. Шунингдек, Рафаэл Варан ҳам узоқ муддатга сафдан чиққани маълум бўлди. Серхио Регилон ва Софьян Амрабат шу кунларда Манчестерга келган бўлишса-да, ҳатто «Арсенал» билан ўйинданоқ асосий таркибдан жой олиш имкониятига эгалар. Яна бир қувончли хабар – Эрик тен Ҳагнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, Расмус Ҳойлунд ҳафта давомида жамоа билан бирга шуғулланди ва ушбу ўйинга у ҳам тайёр.

Ўйинни ташкил қилиш ва мавсумга тайёрлик борасида албатта, «Арсенал» анча устун. Ўтган турда «Фулҳэм»га очко тақдим этилган бўлса-да, вазиятлар яратиш, ўйинни назорат қилиш бобида «МЮ»дан анча олдинда эканини сезиш қийин эмас. Зинченко, Жезус каби футболчиларнинг тикланиши ҳам Артетага турли вариантларни синаб кўриш имкониятини тақдим этади. Катта эҳтимол билан бу ўйин ҳам лондонликларнинг тўлиқ устунлигида ўтиши тахмин қилинмоқда. Фақатгина маълум бир сценарий ёки тен Ҳаг томонидан сюрприз режа ўйиннинг кутилмаган томонга кетиб қолишига сабаб бўлиши мумкин холос.

Фото: Getty images

Зеро айнан Лондонда ўтган ўйинлар сўнгги йилларда «Арсенал»нинг яққол устунлигида ўтаётганини ҳам таъкидлаш мумкин. Охирги 5 ўйиндан фақат бир марта 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этилган, қолган барча ўйинларда «Арсенал» ишончли ғалабага эришган. Ўтган мавсумдаги учрашувда мезбонлар ғалаба голини сўнгги дақиқада урган бўлса-да, жамоа анча устунлик билан ҳаракат қилганини эсласангиз керак.

Дарвоқе, яқиндагина жамоалар АҚШда ўзаро ўртоқлик учрашувида ҳам куч синашганди. Тен Ҳаг шогирдлари ўша ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Бруну Фернандеш ва Санчо гол муаллифлари бўлишган.

АТЛЕТИКО – СЕВИЛЬЯ (3 сентябрь, 21:30)

«Севилья» худди ўтган йилгидек, мавсумни жуда ёмон бошлаган бўлса-да, Испанияда икки ЕЧЛ қатнашчисининг ўйини катта қизиқиш билан кутиб олиниши турган гап. Айниқса, алоҳида ўйинларда андалуслар ҳар қандай рақибга қарши тура олишини Европа Лигаси ўйинлари кўрсатиб берганди. Жамоалар ўртасидаги охирги беш ўйиндан учтасида мадридликлар ғалаба қозона олмаган, ёзда бўлиб ўтган ўртоқлик ўйинида эса муроса кўчаси танланган – 1:1.

«Атлетико» мавсумни ҳар доимгидек жуда кучли бошлади. Айниқса, ўтган турда «Райо Вальекано» дарвозасига йўлланган 7 гол Симеоне жамоасида ҳаммаси ўз ўрнида эканини кўрсатиб турибди. Гризманн, Депай, Мората, Корреа – ҳар бир ҳужумчи ўша ўйинда гол уришга муваффақ бўлгани ҳам жамоанинг кучини кўрсатиб турибди. Хавф қайси томондан келишини ҳам тахмин қилиш қийинчилик туғдиради. Аҳамиятли жиҳати «Райо» ҳам у қадар аутсайдер жамоа эмас, дастлабки икки турда бирорта ҳам гол ўтказмай, юз фоизли натижа қайд этиб турганди.

Трансфер ойнасининг сўнгги кунида «Севилья» бўш турмади ва таркибни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Дастлабки уч турдаги мағлубият Мендилибар ихтиёрига янги кучлар лозимлигини кўрсатиб берган бўлиши мумкин. Мариано Диас эркин агент сифатида жамоа аъзосига айланган бўлса, Бубакари Сумаре «Лестер»дан ижарага олинди. Шундай бўлса-да, «Атлетико»га қарши ўйинда «Севилья»да жуда кўп асосий футболчилар жароҳат туфайли шерикларига ёрдам бера олишмайди. Фернандо, Навас, Акунья, Маркао, Куясси каби футболчиларнинг барчаси шу ой охирида тўлиқ тикланишлари кутилмоқда. Мезбонлар сафида эса Хименес, Коке, Саул, ҳамда Депайлар майдонга туша олишмайди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

2 сентябрь. Бёрнли – Тоттенҳэм (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Фулҳэм (19:00), ЧЕЛСИ – Ноттингем Форест (19:00), РЕАЛ МАДРИД – Хетафе (19:15), Боруссия М – БАВАРИЯ (21:30)

3 сентябрь. ИНТЕР – Фиорентина (21:30), Унион Берлин – ЛЕЙПЦИГ (20:30), Лион – ПСЖ (23:45), Эмполи – ЮВЕНТУС (23:45), Осасуна – БАРСЕЛОНА (23:55).

Мавзуга оид