Ўзбекистон | 20:23 / 04.09.2023
6060
2 дақиқада ўқилади

Август ойида электр энергияси ва табиий газ бўйича ўғрилик ҳажми маълум қилинди 

Табиий газ ва электр энергияси талон-торож қилиниши оқибатида тизимга 46 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган. 

Фото: Ўзэнергоинспекция

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирлари давомида электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича қонунбузарликлар аниқланган. 

Хусусан, 2023 йил август ойида 785 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилган. 

Бунда 29 млн 104 минг метр куб табиий газ (26 млрд 297 млн сўм) ва 38,9 млн кВт⋅соат электр энергияси (19 млрд 932 млн сўм) талон-торож қилиниши оқибатида тизимга 46 млрд 229 млн сўм зарар етказилган. 

Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. 

Қайд қилинишича, ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 145 минг 520 та хонадоннинг, электр энергияси эса 194 минг 500 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг. 

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилингани айтилмоқда.

Мавзуга оид