Жаҳон | 08:22 / 05.09.2023
9472
3 дақиқада ўқилади

Бундестаг депутати: Шолц Taurus ракеталари Украинага етказиб берилишини блоклаяпти

Шолц Киевни узоқ масофага учувчи Taurus қанотли ракеталари билан таъминлаш қарорига тўсқинлик қилмоқда, деди Бундестаг мудофаа қўмитаси раиси Мари-Агнес Штрак-Циммерман. 

Фото: Bernhard Huber/MBDA

Германия Бундестаги мудофаа қўмитаси раиси Мари-Агнес Штрак-Циммерман Германия канцлери Олаф Шолцни Украинага Taurus немис қанотли ракеталари етказиб бериш бўйича қарорни тўсиб қўйганликда айблади. 

«У «ҳозир» Taurus’ни топширмоқчи эмас. Лекин «ҳозир» Украинада одамлар ўлишда давом этмоқда. Канцлер нимани кутмоқда? Коалиция ичида бу қарорга фақат у тўсқинлик қилмоқда. Бу - масъулиятсизлик», - деб ёзди Штрак-Циммерманн 3 сентябр, якшанба куни кечқурун X ижтимоий тармоғида. Штрак-Циммерман «яшиллар» ва социал-демократлар билан биргаликда Германия ҳукмрон коалициясини ташкил этувчи Эркин демократик партия (ЭДП) вакили ҳисобланади. 

Украина май ойидан бери Германиядан Taurus ракеталарини сўраяпти 

Украина 2023 йил май ойи охирида Германиядан расман Taurus ракеталарини сўраган ва шу вақтдан бери Германия расмийларидан қарор кутмоқда. Шу билан бирга, «яшиллар» ва ЭДП либераллари вакиллари ушбу қанотли ракеталарни етказиб бериш ғоясини бир неча бор қўллаб-қувватлади. 2005 йилдан бери Германияда 500 километргача масофага учадиган Taurus ракеталари ишлаб чиқарилмоқда, Бундесверда уларнинг тахминан 600 таси бор. 

Украина Россия қуролли кучларининг фронт чизиғидан анча орқада жойлашган позицияларига ҳужум қилиш учун Берлиндан Taurus ракеталарини сўрамоқда. Буюк Британия Украинанинг шериклари орасида биринчи бўлиб Киевга узоқ масофага учувчи қуроллар топширилишини эълон қилди ва май ойида Storm Shadow қанотли ракеталарини етказиб беришга ваъда берди. Франция ҳам июл ойида худди шундай баёнот билан чиққан эди. Август ойида ҳафталик Der Spiegel нашри Германия Мудофаа вазирлиги Taurus ишлаб чиқарувчисидан узоқ масофали ракеталарга эҳтимолий нишонларни дастурлаш бўйича чекловларни киритишни сўрагани ҳақида хабар берди. Ушбу техник ўзгаришлар ёрдамида Германия канцлери Олаф Шолц Украинанинг Россия ҳудудига ҳужум қилиш эҳтимолини йўқ қилишга уринмоқда, дея таъкидлайди газета. 

Мавзуга оид