Жаҳон | 09:11 / 05.09.2023
14337
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Россияга қурол етказиб беришни муҳокама қилиш учун ташриф буюриши мумкин

Россия томони музокаралар давомида КХДРдан артиллерия снарядлари ва танкка қарши ракеталарни етказиб бериш бўйича келишувга эришмоқчи. Шимолий Кореяга Россиядан сунъий йўлдошлар ва ядровий сувости кемалари учун илғор технологиялар керак.

Фото: AP

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин сентябр ойида Россияга ташриф буюриб, президент Владимир Путин билан учрашиш ҳамда қурол саноати соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 4 сентябр, душанба куни The New York Times ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Уларга кўра, Ким Чен Ин ва Путин ўртасидаги учрашув Владивостокда бўлиб ўтиши мумкин, у ерга Шимолий Корея етакчиси зирҳли поездда келиши кутиляпти. Эҳтимолий саналар - 10-13 сентябр кунлари, шу вақтда Владивостокда Шарқий иқтисодий форум бўлиб ўтади. Бироқ манбалар музокаралар Москвада ўтказилишини истисно этмаган. 

Томонлар қурол етказиб бериш масаласини муҳокама қилиш ниятида 

Россия томони музокаралар давомида КХДРдан артиллерия снарядлари ва танкка қарши ракеталарни етказиб бериш бўйича келишувга эришмоқчи, деди NYT суҳбатдошлари. Шимолий Корея, ўз навбатида, Россиядан сунъий йўлдошлар ва ядровий сувости кемалари учун илғор технологиялар ҳамда озиқ-овқат ёрдамини олишни хоҳлайди. 

The Washington Post ҳам АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакилларига таяниб, бўлажак ташриф ҳақида ёзди. Москва ва Пхенян бу хабарларга ҳали расман изоҳ бермаган. 

Оқ уй: Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги музокаралар олдинга силжимоқда 

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсоннинг айтишича, «Россия ва КХДР ўртасида қурол-яроғ етказиб бериш бўйича музокаралар фаол олдинга силжимоқда». «Биз Ким Чен Ин ушбу мунозараларни, жумладан, Россияда етакчилар даражасида дипломатик ҳамкорликни давом эттиришни интиқлик билан кутаётгани ҳақида маълумотларга эгамиз», деди у. 

Мавзуга оид