Жамият | 21:52 / 06.09.2023
38814
3 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: 78 ёшли балиқчи ота ҳикояси

Фарғоналик Маъмир ота ҳар куни тонгги ибодатдан кейин сойга қармоқ ташлайди. Балиқ овлаш унга одат бўлиб қолган. 2007 йилда ўғилларидан бири машина босиб кетиши оқибатида вафот этган. Руҳий тушкунликдаги отага шифокорлар балиқ овлашни тавсия қилган. Шу-шу ҳар куни у сой бўйида.

78 ёшли Маъмир ота Тожибоев ўсмирлик дамларида трактор ҳайдаб, бепоён ерларни ўзлаштирди, заводда ишлади.

«2007 йилда ўғлимнинг фожиали ўлими ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Касалликка чалинганимдан кейин қон босимим бир тушиб, бир кўтариладиган бўлиб қолганди.

Доктор ўшанда балиқ тутиш билан шуғулланишни тавсия қилди. Шундан бери ҳар куни балиқ овидаман. Овдан дам оламан, бир зумга дунё ташвишини унутаман. Бу ҳолатимни таърифлаб бериш қийин.

Қармоққа балиқ илиниб, чилвирни тортаётганда борлиқни унутиб қўясан киши. Ўзи балиқ гўштига ишқибоз эмасман, лекин тутиш завқ беради, тинчлантиради. Ушлаган балиқларни қизларимга, невараларимга, қўшниларга бериб юбораман.

Чилвирни 30 метр жойга отгандан кейин балиқни олиб келгунча толиқиб қолади одам. Баъзи балиқлар қармоқдан чиқиб ҳам кетади.

Хизматда Т34 танкини миндик. Яширин бўлинма бўлганимиз учун, уйдагиларга қаердалигимизни айтмаганмиз. 1969 йилда армиядан қайтгач, колхозда трактор ҳайдадим. Тирикчилик трактор ортидан бўлган.

Ўз вақтида, ёшликда ўйнадик, кулдик, шўхлик ҳам қилдик. Энди ҳаётнинг оқ-қорасини кўриб, қилган гуноҳларимизга тавба қилиб яшаяпмиз-да.

Урушдан кейинги даврларда жуда кўп қийинчиликлар бўлган. Нон йўқ, ўрик данакларини чақиб, семиз ўтларни қовуриб еганмиз. Бедаларни ҳам еганмиз. Шукр қилиб яшаш керак, ризқни Ўзи беради.

***

Бомдод намозидан кейин балиқ овлагани чиқиб кетаман. Дунё ташвишини унутиб юбораман ўша пайт. Лаққа, сазан балиқлари учраб туради. Балиқхоналардан ҳам қочиб чиқади баъзилари. Маринка балиқлар ҳам бўлади, қурмағур жуда тез сузиб қочади оқимга қарши», – дейди Маъмир ота.

Балиқчи отанинг ҳовлиси узум билан тўла. Ибодат, балиқ тутишдан сўнг у ишкомларини парвариш қилади, қўйларига ем беради.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид